Қирғизистон Иссиқкўл соҳилида янги шаҳар қура бошлади
Осмон шаҳри 500-700 минг аҳолига мўлжалланиб, юқори технологик ақлли шаҳар бўлиши, мамлакатнинг иқтисодий ва туристик марказига айланиши кўзда тутилган. Қирғизистон президенти Садир Жапаров бугун қурилиш ишларига старт берди.
Бугун, 30 июн куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Иссиқкўл ёқасида Осмон шаҳри қурилишига тамал тошини қўйди.
“Биз марварид кўлимиз – Иссиқўл соҳилида инновацион шаҳар бунёд этиб, уни иқтисодий ва туристик марказга айлантирамиз”, – деди Жапаров бугунги маросимда.
Унинг сўзларига кўра, Осмон шаҳри Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган ҳабга айланиб, Қирғизистон иқтисодиёти учун локомотив вазифасини бажаради.
“Осмон шаҳрининг лойиҳасига ва қурилишни бошлашга давлат бюджетидан бир тийин ҳам сарфланмади. Бу – бундай йирик лойиҳанинг амалга оширилишида иштирок этишга қизиқиш билдирган ташқи инвесторлар борлиги билан боғлиқ”, – деди Жапаров.
Аввалроқ, Осмон шаҳрининг шакли юқоридан қараганда қирғиз миллий мусиқа асбоби – қомузга ўхшаши айтилганди. Бу мусиқий асбобнинг сурати 1 сомлик банкнотада ҳам акс эттирилган. Шаҳар 4 минг гектар ҳудудда жойлашиб, 500-700 минг аҳолига мўлжалланган бўлади. Лойиҳани амалга оширишнинг тахминий муддати – 7-10 йил.
Концепцияга асосан, экологик тоза Осмон шаҳри мамлакатнинг иқтисодий ва туристик марказига айланиб, у ерда илғор таълим ташкилотлари, замонавий бизнес-марказлар ва молия муассасалари фаолият юритади. Шаҳарда кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар, боғлар, замонавий туристик ва спорт инфратузилмаси яратилади.
Шунингдек, дунёдаги энг йирик масжидлардан бирини қуриш, фильмлар суратга олиш учун павильонлар ҳудудини ташкил этиш кўзда тутилган.
Осмон юқори технологик ақлли шаҳар бўлиши ваъда қилинмоқда: у ерда муқобил энергия манбаларидан фойдаланилади, юқори даражадаги энергия тежамкорлик таъминланади, экологик тоза транспорт турлари жойлаштирилади ва умуман, яшил иқтисодиёт тамойилларига амал қилинади.
Лойиҳа муаллифи, экошаҳарни қуриш бўйича давлат дирекцияси раҳбари Руслан Акматалиевнинг айтишича, шаҳардаги дастлабки объектларни қуришни бошлайдиган биринчи инвестор Жанубий Кореянинг Promise Land компанияси бўлади. Акматалиев инвестор билан 1 млрд долларлик шартнома имзолангани, у жами 10 млрд доллар сармоя тикишга тайёрлигини айтган. Компания 30 мингта уй, хусусан террасаларга эга элит хонадонлар, 10 ва 30 қаватли турар жой ва тижорий мажмуалар ҳамда бошқа бино-иншоотларни қуриши айтилмоқда.
Дирекция раҳбарига кўра, ҳозирда бир нечта бошқа инвесторлар билан ҳам музокаралар олиб бориляпти. Инвесторлар қанча кўп бўлса, лойиҳа шунча тез якунига етказилади, деган у.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Тошкент вилояти маркази – Нурафшон шаҳри Ўзбекистондаги биринчи ақлли шаҳар бўлиши эълон қилинган, лекин бу амалга ошмай қолганди. Kun.uz ўтган ойда бу лойиҳанинг кейинги тақдири ҳақида мақола эълон қилганди.
Мавзуга оид
18:31 / 14.11.2024
Қирғизистон президенти россиялик боксчига 150 минг долларлик Rolls-Roys совға қилди
17:30 / 14.11.2024
Қирғизистон Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун қўшниларга камроқ сув бериши мумкин
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024