Ўзбекистон | 19:00 / 30.09.2021
11416
7 дақиқада ўқилади

«Номзод сайловгача сайланиши керак» — Социолог Ҳусниддин Мамадиев билан сайловлар ва унда сайловчи иштироки ҳақида суҳбат

Ўзбекистонда президентлик сайлови яқинлашмоқда. Айни кунларда президентликка номзодлар сайловолди учрашувларида иштирок этмоқда.

Албатта, номзодларнинг тарғиботи яхши, бу жуда муҳим жараён, лекин айни шу жараёнда эътибор қаратиш керак бўлган яна бир муҳим омил борки, бу сайловда сайловчиларнинг (явка) иштироки, уларни бунга жалб этиш масаласи.

Хўш, сайловчиларни сайловга кенг жалб қилиш шартлари қандай? Бу борада ривожланган демократик давлатлар қандай сиёсий технология усулларини қўллайди?

Айрим жамиятларда аҳоли нега сайловларга қизиқиш билдирмайди? Сайловолди жараёнларида номзодлар ва партиялар йўл қўядиган хатолар нималар? Ғарб ва шарқ жамиятларининг сайлов бўйича қарашларидаги фарқ нималарда акс этади?

Kun.uz ўзбекистонлик социолог Ҳусниддин Мамадиев билан айни шу мавзулар атрофида суҳбат ташкил қилди.

— Ҳусниддин ака, шарқ ва ғарбда сайловларга муносабат борасида фарқ катта дейишади. Муносабатлар ўртасидаги фарқ нималарда кўринади, сизнингча?

— Биз бугун демократия, демократик жамият, ундаги ислоҳотлар ҳақида гапиряпмиз ва айни пайтда яшаяпмиз.

Бугунги кунга қадар инсоният автократик, тоталитар, социалистик, монархик жамиятларда яшаб кўрди. Лекин у демократик жамиятдан кўра афзалроқ, устунроқ ва самаралироқ жамиятни ҳали кашф қилгани йўқ. Шунинг учун ҳам бугун аксарият жамиятлар демократик жамиятларда яшамоқда.

Демократик жамиятнинг асосий белгиси – бу сайловлардир. Шунингдек, ОАВ эркинлиги, фикр, сўз эркинлиги ҳам демократиянинг белгилари ҳисобланади.

Ғарбда ва шарқда сайловга муносабатдаги асосий фарқ уни англашда кўзга ташланади. Масалан, шарқда аҳоли сайловда иштирок этишни ўзига бурч деб билади (яъни ижтимоий муносабат шаклида қарайди), ғарбда эса одамлар уни сиёсий иштирок деб қарайди.

Социолог олим Герберт Спенсернинг шундай назарияси борки, унга кўра, ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи тизим бу ижтимоий институтлардир. Ижтимоий институтларни тартибга солувчи жараён эса сайловлардир. Яъни сайловлар орқали уларга баҳо берамиз.

Ғарбнинг шарқдан устун жиҳати унда ижтимоий институтлар ривожланган.

Яъни одамларнинг сайловларда иштирок этиши одамларнинг ижтимоий муносабатлардаги ҳаёт мазмунидир.

— Бутун дунёдаги сайловларда сайловчиларнинг (явка) иштироки энг муҳим жиҳат ҳисобланади. Суҳбатимизни шу мавзуга кўчирсак.

— Албатта, сайловдаги энг муҳим жиҳат бу унда сайловчилар иштироки. Унданам муҳим жиҳати эса сайловчининг аввало сайловда иштирок этиши. Масалан, АҚШдаги охирги президентлик сайловларидан олдин 18-25 ёшлилар ўртасида бир ижтимоий сўров ўтказилган. Сўровнома шундай тузилган эди: Кимни танлайсиз, Байденми ёки Трампми? Қарангки, сўровномада қатнашганларнинг 78,2 фоизи менга фарқи йўқ деган жавобни беришади.

Бу бир қарашда ёшларнинг сиёсатга бефарқлиги деб қараш ҳам мумкин, лекин ачинарли жиҳати шундаки, жамиятда лоқайд инсонларнинг мана шунча тоифаси мавжудлигидир. Шу маънода сайловларда аҳолининг кам иштирок этиши жамиятда лоқайдларнинг кўпайиб кетгани ёки давлат ва жамият ўртасидаги боғлиқлик йўқолиб бораётганини билдиради.

— Кейинги саволим айни шу мавзуда эди. Хўш, социологияда одамларнинг сайловларда қатнашмаслиги сабаблари нималарда акс этади?

— Бу жуда кўп жиҳатларни англатади. Аммо барча демократик жамиятларда эътироф этиладиган бир жиҳат борки, бу партияларнинг дастурларидаги умумийлик, тарғиботларнинг камлиги.

Агар дунёда инсонларнинг тафаккур тарзи кенгайиб кетиши ёки сиёсий технологияларнинг такомиллашиши нуқтайи назаридан фикрласак, бошқа сабаблар ҳам бор. Масалан, аввалги сайловда сайловчига берилган ваъдаларнинг амалга ошмагани. Шунингдек, аввалги сайловда сайловчи берган ишончнинг номзод томонидан оқланмагани. Бунда яна бир муҳим жиҳат борки, бу сайловга қизиқтирувчи институтларнинг яхши ишламаслиги.

Бизда сайловга қизиқтириш деса кўпчилик кўчадаги баннер, телевидениеда чиқиш деб тушунади. Йўқ, бундай эмас.

Кўпчилик дунё давлатларида аҳолининг ижтимоий ҳаётига кириб боришда ижтимоий институтлар билан ишлайди ва шу орқали натижага эришилади. Яъни охир-оқибатда ижтимоий институт сайловда қатнашса, унинг аъзолари ҳам албатта иштирок этади.

Хулоса сифатида одамларнинг сайловда қатнашмаслигига унда иштирок этишга бўлган сабабларнинг камайиб кетгани сабаб бўлади.

— Сайловларда сайловчиларнинг иштироки ҳақида гапирар эканмиз, бу жараёнда сиёсий партияларнинг ҳам ўрни катта. Афсуски, бизда партияларнинг мана шу борадаги хизматларини етарли деб бўлмайди.

— Фикрингизга қўшиламан. Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг аксарият қисми умумий дастурлар билан чегараланиб қолади. Бундан ташқари, партияларнинг тарғибот тадбирларда ҳам бир хилликни кузатамиз.

Бу борада ривожланган демократик давлатларнинг сиёсий партиялари қандай ишлайди? Уларнинг дастурида аҳолини сайловларга қизиқтирувчи алоҳида йўналиш, технологиялар бор.

Бу жараёнда дебатларнинг ҳам ўрни катта. Айнан дебатларда партиялар тақдим этаётган дастурларнинг ютуқ ва камчиликлари кўринади. Чунки рақиб партиялар бир-бирининг дастурига танқидий қараш билан ёндашади.

— Ҳақсиз, одамлар номзодларнинг дастурлари. Позициялари ўртасида тўқнашувларни кўрсагина сайловга қизиқади.

— Ҳа, дебат пайтида партиялар ўз рақибининг кучсиз жиҳатлари, амалга оширолмайдиган лекин бераётган ваъдаларини кўрсатиб беради. Бу эса сайловларда сайловчининг иштирокига ўзининг катта таъсирини ўтказади.

Бу жараёнга хорижда катта сиёсий технология сифатида қаралади.

Фикримча, биздаги сиёсий партиялар фаолиятидаги сусткашлик ва фақат сайловлар пайтида пайдо бўлиб қолиши катта муаммо. Партия фақат сайлов пайтида пайдо бўлар экан, унинг тарафдори ҳам фақат сайловлар пайтида пайдо бўлади. Бу эса сиёсий партияга берилган жуда катта салбий баҳодир.

Партияларнинг сайловда сайловчи иштирокининг кам бўлишига сабаб бўладиган энг катта хатоси шундаки, улар сайлов куни ёки сайловга яқин қолганда туғилган дастурлар билан сайловда қатнашади.

Мен номзод сайловгача сайланиши керак деган фикрдаман. Ҳа, сиёсий партия номзоди айнан сайловгача сайланиши керак. Бу – партия 5 йил давомида тинимсиз ишлаши керак дегани. Сайлов куни эса натижаларни демократик тамойиллар учунгина расмийлаштириб қўйиш керак. Аммо бундай ҳолат жуда кам жамиятларда мавжуд.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Муҳиддин Қурбонов.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид