Ўзбекистон | 18:57 / 24.02.2023
23140
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда жамоат транспорти йўлкираси қимматлашади

Вақтга бириктирилган турли тарифлар жорий этилади.

Фото: Kun.uz

2023 йил май ойидан бошлаб жамоат транспортига бир марталик тўлов нақд шаклда 2000 сўм, электрон шаклда эса 1800 сўм бўлиши режалаштирилмоқда. Йўловчилар қанча вақт ичида неча марта автобусда ҳаракатланишига қараб бу сумма камаяди. 24 феврал куни АОКАда ўтган матбуот анжуманида Автомобил ва дарё транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Руслан Рузметов баҳор мавсумининг учинчи ойидан бошлаб жамоат транспортида вақтга бириктирилган дифференциал тариф режалари жорий этилиши ҳақида маълумот берди.

Бунда:

  • бир соат ичида автобусдан автобусга биринчи марта ўтиш 70 фоизгача арзонлашади;
  • иккинчи ва кейинги ўтишлар йўловчи учун бепул бўлади;
  • автобусдан метрога ёки метродан автобусга ўтишда тариф 30 фоизгача арзонлашади.

Шунингдек, анжуманда апрелдан бошлаб транспорт карталаридан жамоат транспортига қанча тўлов қилиниши кутилаётгани ҳам очиқланди.

Унга кўра, йўловчи «Атто» картаси орқали:

  • бир марталик тўлов учун 1 минг 600 сўм;
  • бир соат ичида икки ва ундан ортиқ автобус-автобусга ўтиши учун тўлов 400 сўм;
  • бир соат ичида икки ва ундан ортиқ автобус-метрога ўтиш учун тўлов 1 минг сўм;
  • жамоат транспортидан кунлик фаол фойдаланувчилар учун бир кунлик лимитсиз тарифлар 6 минг сўм бўлиши ҳам айтилмоқда.

Қолаверса, қисқа муддатли тарифлар бўйича тўлов суммалари қанчага тушиши ҳам маълум қилинди.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизматининг маълум қилишича, апрел ойидан жамоат транспорти учун тўлов нархларининг ошиши аниқ, аммо суммалар худди шундай бўлиши тасдиқланмаган.

Мавзуга оид