Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Автобус учун ажратилган бўлакларда бошқа машиналар юрмаслиги учун камералар ўрнатяпмиз — ҳоким ўринбосари
Пойтахт ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиевнинг айтишича, аввало, “А” белгили йўлакларнинг давлат стандарти талабларига мос бўлиши таъминланиши керак. Шунингдек, автобус учун ажратилган йўлакда қоидани бузган ҳолда ҳаракатланган ҳайдовчиларни жаримага тортиш учун камералар ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари ҳамон давом этяпти.
12 март куни пойтахтдаги транспорт ҳаракати масаласида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев жамоат транспорти учун ажратилган махсус “А” белгили тасмалар айрим ҳолатларда ишламаётганига оид саволга жавоб берди.
Унинг айтишича, айрим жойларда бундай йўлаклар ўз вазифасини яхши бажаряпти, айримларида эса ишламаяпти. Ҳоким ўринбосари буни ушбу йўлакларнинг давлат стандарти бўйича талабларга жавоб бермаслиги ва автомобиллар ҳаракати билан боғлади.
“Дейлик, маҳалладан чиқаётганда машина автобусга халақит бериб қоляпти. Иккинчиси, шу бизнинг енгил машиналаримиз зарурат бўлганда тезроқ юриб кетаман деб “А полоса”га тушиб олган ҳолатлари бор. Ўша иккита масалада муаммоларимиз бор. Шу иккита масаланинг муаммосини ечсак, “А полоса” ишлаб кетади”, – дейди у.
Автобус йўлаги учун камералар ўрнатилганди, улар нега ишламаяпти?
2023 йил бошида автобусларга устуворлик бериш учун ташкил этилган “А” тасмали йўлаклардан қоидани бузган ҳолда ҳаракатланган ҳайдовчиларни жаримага тортиш мақсадида йўлларда 55 та видеокамера ўрнатилган эди.
360 градусли камералар қоидабузарликларни қайд қилиб, тизимга юбориши, ички ишлар ходимлари буларни кўриб чиқиб, ҳақиқатан қоидабузарлик содир этганларни жаримага тортиши айтилганди.
Аммо 3 йил ўтди, видеокамералар тўлиқ ишлаётгани йўқ. Абдураҳмон Бахтиев бу масала ҳануз муҳокама қилинаётганини маълум қилди. Унинг гапларига ишонилса, камералар ўрнатилиши давом эттириляпти, ҳамма йўлакларда ҳам мавжуд эмас.
“Камералар кўп жойларда қўйилган. Ички ишлар тизими билан ҳамкорликда қўйилмоқда, локациялар белгиланмоқда. Ҳар битта ўша “полоса”нинг камера кузатувини ташкиллаштирамиз. Ҳозир биринчи навбатда тест режимида яна битта-иккита кўчани қилиб кўрмоқчимиз.
Уни ўрнатиш, улаш, серверларга уланиш – жуда кўп техник масала бор. Фақат камерани ўрнатиб қўйсангиз, иш битмайди. Мендаги маълумот бўйича, ҳамма нарсага тайёргарлик кўрилди, ҳамма иш амалга оширилди. Ҳозир ўша фиксация қилиш имконияти бор, қонунчилик даражасида ҳам имконияти бор. Ишга туширсак бўлди”, – деди ҳоким ўринбосари.
Абдураҳмон Бахтиев Тошкент транспорт тизимининг мастер-режаси ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг айтишича, мастер-режани ишлаб чиқиш учун 90 дан ортиқ компанияга эълон берилган, танлов бошланган. Ҳозирча шундан 10 таси таклиф билан чиққан. Тез кунларда бу муҳим ҳужжатни ишлаб чиқиш бўйича шартнома тузилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
23:05 / 14.03.2026
Тошкентда 460 та бекат тадбиркорларга ижарага берилди – ҳокимият
09:08 / 14.03.2026
Лаҳор–Тошкент йўналишидаги илк юк рейси 17 тонна гўшт олиб келди
22:31 / 13.03.2026
Тошкентдаги тирбандлик сабаб автобуслар интервали 45 дақиқагача узаймоқда – Транспорт бош бошқармаси
22:21 / 12.03.2026