Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2024 йил январ-июл ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотни тақдим этди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси 36,8 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 14,78 млрд доллар, импорт ҳажми эса 22,05 млрд доллар. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 1,1 фоизга қисқарган бўлса, импорт ҳажми 10,1 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 7,26 млрд долларга етган.  

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги сифатидаги ўрнини сақлаб қолган бўлса-да, бу борада Россиянинг улуши ошиб боряпти. Ҳисобот даврида Хитой билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 6,85 млрд долларга, Россия билан 6,80 млрд долларга етган. Бу республика умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмининг мос равишда 18,6 ва 18,5 фоизини ташкил қилади. Шунингдек, ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Қозоғистон (6,2 фоиз), Туркия (4,6 фоиз) ва Жанубий Корея (3,2 фоиз) билан қайд этилган.

2024 йилнинг дастлабки 7 ойида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга бўлган Топ-10 давлат:

  • Хитой – 6,85 млрд доллар;
  • Россия – 6,80 млрд доллар;
  • Қозоғистон – 2,27 млрд доллар;
  • Туркия – 1,69 млрд доллар;
  • Корея – 1,19 млрд доллар;
  • Туркманистон – 740 млн доллар;
  • Франция – 689 млн доллар;
  • Германия – 600 млн доллар;
  • Афғонистон – 572 млн доллар.
  • АҚШ – 553 млн доллар;

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатдан бешта мамлакат – Франция, Афғонистон, Қирғизистон, Покистон ва Тожикистон билан ижобий ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 15 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.