Ўзбекистон | 19:07 / 18.09.2023
18834
3 дақиқада ўқилади

Гулнора Каримованинг қайтарилган бойликлари Ўзбекистонда болалар ўлимини камайтиришга йўналтирилади

Каримова Швейцарияга ноқонуний олиб чиқиб кетган активларни қайтариш бўйича БМТ шафелигида тузилган фонднинг қарори билан, маблағларнинг 43,5 млн долларлик қисми Ўзбекистонда чақалоқлар ўлимини камайтиришга қаратилган лойиҳани молиялаштиришга сарфланади.

Фото: Getty Images

“Uzbekistan Vision 2030” ишонч жамғармаси БМТнинг Ўзбекистонда оналар ва янги туғилган чақалоқларнинг олдини олиш мумкин бўлган ўлим ҳолатларини камайтиришга қаратилган янги лойиҳасига 43,5 млн доллар ажратишини эълон қилди.

БМТнинг “Uzbekistan Vision 2030” кўп-шериклик траст жамғармаси Гулнора Каримованинг Швейцариядаги жиноий активларини Ўзбекистонга қайтариш мақсадида 2022 йил ёзида ташкил этилган эди. Ўшанда Ўзбекистон ва Швейцария ҳукуматлари мусодара қилинган 131 млн доллар маблағни қайтариш бўйича якуний келишувга эришган, реституция битимида пуллар ижтимоий соҳа, хусусан таълим ва тиббиётга йўналтирилиши, буни Швейцария томони ва БМТ қошидаги фонд назорат қилиши кўзда тутилган.

“Активларни келиб чиққан мамлакатларига қайтариш – БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясининг асосий тамойилидир. Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги реституция тўғрисидаги битим натижасида очилган жамғарма активларни Барқарор ривожланиш мақсадларининг аниқ ютуқларига айлантириши бевосита Ўзбекистон фуқаролари ҳаётини яхшилашга имкон беради. БМТнинг ушбу лойиҳаси 30 ой ичида мамлакатда 600 минг нафар аёл ва янги туғилган чақалоқларни қамраб олади”, – деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Консуело Видал-Брюс.

Қайд этилишича, лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири – кам вазнли чақалоқларнинг омон қолиш даражасини ҳозирги 75 фоиздан 90 фоизга оширишдан иборат.

Лойиҳа БМТнинг учта органи – Болалар жамғармаси (ЮНИCEФ), Аҳолишунослик бўйича жамғармаси (UNFPA) ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан биргаликда амалга оширилади. Натижаларга учта асосий йўналишлар орқали эришилади:

  • 227 та перинатал марказларни бошқариш механизмлари, ёндашувлари, йўриқномалари ва клиник протоколларини мустаҳкамлаш;
  • перинатал марказларнинг сифатли инклюзив соғлиқни сақлаш хизматларини кўрсатиш имкониятларини зарур жиҳозларни харид қилиш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш орқали такомиллаштириш;
  • 10 миллионга яқин Ўзбекистон халқига, оналар, янги туғилган чақалоқлар, болалар ва ўсмирларга саломатлигини муҳофаза қилиш учун сифатли ва инклюзив, репродуктив хизматларини талаб қилиш учун билимлар бериш.

“Ўзбекистон фуқаролари жойларда замонавий жиҳозланган ва юқори малакали тиббиёт мутахассислари мавжуд перинатал марказлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлишининг ижобий таъсирини бевосита ҳис қилишади. Бу ҳамкорлик Ўзбекистон ҳукуматининг сезиларли ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган сиёсати давомидир. Биз чақалоқлар ўлимини икки баравар камайтириш бўйича ҳукумат стратегиясига эришишга ёрдам берадиган ушбу трансформатив ташаббусда БМТ ва Швейцария ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз”, – деди Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов.

Мавзуга оид