Жамият | 18:00 / 03.04.2026
2474
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Ўзбек лимони Лондондаги кўргазмада: маҳаллий ишлаб чиқарувчилар глобал бозорга чиқмоқда

Лондон шаҳрида ўтказилган “IFE London 2026” халқаро озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмасида “Made in Uzbekistan” бренди остида тақдим этилган ўзбек лимонлари хорижий мутахассислар ва ҳамкорлар эътиборини тортди. Маҳсулотнинг табиийлиги, хушбўйлиги ва сифати уни бошқа давлатлар маҳсулотларидан ажратиб тураётгани таъкидланмоқда.

Мазкур кўргазма Европадаги йирик тармоқ тадбирларидан бири бўлиб, унда 1500 дан ортиқ компания иштирок этди, 30 мингдан зиёд мутахассис ташриф буюрди. Унда озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқарувчилари, экспортёрлар, дистрибюторлар ҳамда ритейл тармоқлари вакиллари қатнашди. Ўзбекистон ушбу кўргазмада Савдо-саноат палатаси ва “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ кўмагида иштирок этди.

Эътиборлиси, мазкур кўргазмада нафақат давлат ва молиявий институтлар, балки ҳудудларда фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳам бевосита иштирок этди. Хусусан, Хоразмдаги “Файз Барака Хоразм” ҳамда “Баҳромбек агро экспорт” МЧЖ раҳбарлари кўргазмада қатнашиб, ўзлари етиштирган лимон маҳсулотларини намойиш этди. Бу уларга нафақат экспорт бозорларига чиқиш, балки халқаро тажриба билан танишиш ва янги ҳамкорлар топиш имконини яратди.

Қайд этиш лозимки, бундай ёндашув — яъни ишлаб чиқарувчиларнинг тўғридан тўғри халқаро майдонга чиқиши — маҳаллий бизнесни ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади. Бу эса ўз навбатида, ҳудудий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда лимончилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Иссиқхона хўжаликларини кенгайтириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда экспортбоп маҳсулот етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу чора-тадбирлар натижасида лимончилик аста-секин экспортга йўналтирилган муҳим тармоқлардан бирига айланиб бормоқда.

Мазкур жараёнларда томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилмоқда. Банк томонидан иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ҳамда экспортбоп маҳсулот етиштиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш орқали соҳанинг ривожланишига ҳисса қўшилмоқда.

Ҳудудлардаги аниқ лойиҳалар бунга мисол бўла олади. Хоразм вилоятида жойлашган “Файз барака Хоразм” МЧЖда 6 гектар майдонда лимон етиштирилиб, йилига юзлаб тонна ҳосил олинмоқда. Лойиҳани кенгайтириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошириш ва экспорт улушини кўпайтириш режалаштирилган.

Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги “Баҳромбек агро экспорт” МЧЖ томонидан эса замонавий иссиқхоналарда “Тошкент F1” навли лимон етиштирилмоқда. Корхонада маҳсулотни сақлаш ва логистика тизими йўлга қўйилган бўлиб, бу ички ва ташқи бозорларга узлуксиз етказиб бериш имконини бермоқда.

Лимончилик соҳасида фақат етиштириш эмас, балки қайта ишлаш йўналишини ривожлантириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда айрим ҳудудларда лимонни чуқур қайта ишлаш, жумладан, шарбат ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳам амалга оширилмоқда.

Бундай комплекс ёндашув — ишлаб чиқариш, молиялаштириш ва экспортни уйғунлаштириш — қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ҳамда ҳудудий иқтисодий фаолликни оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Лондон кўргазмасида ўзбек лимонларига билдирилган қизиқиш эса ушбу жараёнларнинг халқаро миқёсдаги акс-садоси сифатида баҳоланмоқда.

 Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид