Жамият | 14:30 / 26.11.2023
18189
3 дақиқада ўқилади

ССВ шамоллаш ва гриппда қайси маҳсулотлар кўпроқ фойдалилиги ҳақида маълумот берди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЎРВИга қарши курашда истеъмол қилиш фойдали бўлган маҳсулотлар ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, мавсумий ўткир респиратор касалликларга қарши курашишнинг энг самарали йўли организм иммунитетини кўтаришдир. Қуйидаги бир қатор маҳсулотлар инсон иммун тизими учун фойдали:

  • Лимон. Уни майдалаб, бир оз шакар қўшиб кун давомида уч мартагача бир чой қошиқчадан истеъмол қилиш иммунитетни мустаҳкамлашда самара беради.
  • Наъматак. Наъматак шарбати, меваларидан чой дамлаб ичиш жуда фойдали. Кечқурун термосга ўн дона наъматак меваси солинг ва устидан қайноқ сув қуйинг. Эртасига кун бўйи мазкур дамламадан ичиб юринг. Бу ичимлик иммунитетни кўтаради.
  • Тузланган карам. Тузланган карамга бир оз зайтун мойи ва майда тўғралган бошпиёз қўшиб истеъмол қилиш кони фойда.
  • Пиёз. Пиёз табиий антибиотик ҳисобланади.
  • Саримсоқ. Шамоллаш ва вирусдан асрайди, юрак-қон томири хасталиклари билан касалланган беморлар учун жуда фойдалидир. У қон босимини ва холестерин даражасини пасайтиради.
  • Творог. Уй шароитида тайёрланган творог айниқса ўта фойдали.
  • Тухум. Қайнатилган тухум таркибида А, B2, B5, B6, B9, B12, Д, К каби витаминлар, шунингдек, биотин, калций, магний, рух, селен, мис, марганес темир каби фойдали витаминлар бўлади.

Вазирлик хабарида айтилишича, ушбу маҳсулотларни севиб истеъмол қилувчиларнинг касалликка чидамлилиги юқори бўлади, касалликка чалинганда ҳам уни енгиб ўтиши иммун тизими учун нисбатан осон чекади.

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов 23 ноябр куни ўткир вирусли инфекцияларга чалинган беморларни самарали даволаш бўйича йиғилиш ўтказганди. Унда бутун дунёда бўлгани каби бу йил ҳам Ўзбекистонда ёш ўғил-қизлар орасида ўткир респиратор касалликларнинг даврий кўтарилиши кузатилаётгани, ушбу хасталикка чалинишнинг асосий улуши эса Тошкент шаҳри аҳолиси ҳиссасига тўғри келаётгани айтилганди. 

Мавзуга оид