Ўзбекистон | 19:59 / 25.11.2023
40947
5 дақиқада ўқилади

Тадбиркорга қарашли радар қайд этган жарима судда бекор бўлди. Бунга унинг бетон “столба”га ўрнатилгани сабаб бўлган

Хоразм вилоятида тадбиркор томонидан бетон симёғочга ўрнатилган радар низоли ҳолатдан сўнг олиб ташланди. Суд бу радардан келган жаримани бекор қилган. Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ эса суд қарори талабини бажармасдан, ҳолатни қайта кўриб чиқмай такрор жарима қўллаган.  

Фото: ИИБ

Радарлар билан боғлиқ навбатдаги низоли ҳолат Хоразм вилоятида юз берди: тадбиркор томонидан бетон симёғочга ўрнатилган радар ҳайдовчи тезликни оширганини қайд қилган, вилоят ИИБ ЙҲХБ жарима қўллаган. Ҳайдовчи эса тезликни оширмаганлигини, радар белгиланган талабларга зид равишда ўрнатилганлигини айтиб, судда ютиб чиққан.

Ҳолат қандай бўлган?  

Ҳайдовчи Мансурбек Мадаминов 2023 йилнинг 14 август куни ишончнома асосида “Glass Pro” МЧЖга тегишли Cobalt машинасини Урганч шаҳри, Хонқа кўчасида бошқариб кетаётиб, радарга тушган. Радар мосламаси у машинани 60 км/с тезлик чегараланган ҳудудда 68 км/с тезликда бошқарганлигини қайд қилган.

Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ МАИ инспектори Толибжон Давлетов томонидан 15 август куни жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Инспектор қарорида ҳам “Glass Pro” МЧЖга тегишли Cobalt машинаси юқоридаги манзилда соат 10-35 да 60 км/с тезлик чегараланган жойда 68 км/с тезликда ҳаракатлангани ёзиб қўйилган.

Аммо Мансурбек Мадаминов тезликни оширмаганлигини ва радар нотўғри ўрнатилганлигини айтиб, судга мурожаат қилади.

Суд 2023 йил 5 октябр куни ҳайдовчининг аризасини қаноатлантирган ҳолда маъмурий жазо қўллаш ҳақидаги қарорни бекор қилиб, ишни қайта кўриш учун Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБга юборади.

Бироқ иш қайта кўрилмайди ва айни шу ҳолат бўйича яна жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинади.

Суд 10 ноябр куни Мансурбек Мадаминов шикояти асосида ишни яна кўриб чиқиб, Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ МАИ инспектори Толибжон Давлетовнинг 1 ноябр кунидаги жарима қўллаш тўғрисидаги қарорини бекор қилади ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишни тугатади.

Бетон симёғочга ўрнатилган радар ноқонуний 

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 апрелдаги қарори билан “Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобил йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. 

Мазкур Низомда тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобил йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби белгилаб берилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, радар ўрнатишда «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси филиалидан, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг ҳудудий корхонасидан, Автомобил йўллари қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобил йўллари бош бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларидан объект бўйича техник шартлар олиши лозим. 

Шунингдек, техник талабларга кўра, тизимлар 6 метрдан кам бўлмаган баландликда металл устунга (!) ўрнатилиши талаб этилади.  

Юқоридаги ҳолатда радар бетон симёғочга ўрнатилган. Бу эса уни ўрнатиш бўйича белгиланган техник талабларга мос эмас.

Мансурбек Мадаминовнинг мурожаати асосида ҳолатни ўрганиб чиққан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг давлат назорати департаменти Хоразм вилояти мутахассислари ҳам тизим техник талабларга мос равишда ўрнатилмаганлиги ҳақида хулоса берган.

Низоли вазиятдан сўнг тадбиркор томонидан бетон симёғочга ўрнатилган радар ечиб олинган.

Ҳайдовчиларнинг “чўнтагини тешаётган” радарлар

Ушбу радар ноқонуний ўрнатилганлиги фош бўлгунча нечта ҳайдовчига жарима борганини чамалаб кўриш қийин эмас.

Қолаверса, техник талабларга кўра, тизимлар металл устунга ўрнатилиши зарур. Йўлларда эса бетон устунларга, симёғочларга ўрнатилган юзлаб радарлар ҳайдовчиларнинг “чўнтагини тешаяпти”: машинани қоида бузмасдан, тезликни оширмасдан ҳайдайдиганлар ҳам радарларнинг “ўлжаси”га айланиб қоляпти. “Гаи”лар эса шунчаки саводсизларча баённома расмийлаштириш-у, жарима ёзиш билан машғул.

Мавзуга оид