Жамият | 11:08 / 10.06.2021
48519
6 дақиқада ўқилади

Янгибозорда вояга етмаган қизнинг номусига тегилган. Тергов 6 ойдан бери тугатилмаяпти

Хоразм вилояти, Янгибозор туманида вояга етмаган қизнинг номусига тегиш билан боғлиқ воқеа содир бўлган. Гумондорлар маълум, тергов ҳаракатлари қарийб 6 ойдан бери давом этмоқда. Қизнинг ота-онаси ишнинг бости-бости қилиниши, зўравонлар жазосиз қолишидан хавотирда.

Хоразм вилояти, Янгибозор тумани, Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи оила эндигина 15 ёшга қадам қўйган қизи маҳалладошлари томонидан зўрлангани ҳақида хабар беришди.

Қиз оддий ишчилар оиласида катта бўлган. Отаси қурилишда ишлайди, онаси таълим муассасасида фаррошлик қилади.

Қизнинг бувисининг сўзларига кўра, 2020 йил сентябрь ойида набираси маҳалладоши томонидан зўрланган.

«2020 йил сентябрь ойида Фарҳод (исм ўзгартирилди, гумондорнинг асл исми-шарифи таҳририятга маълум) исмли киракаш таксичи мактабдан қайтаётган набирамни уйга ташлаб қўйишини айтиб, машинасига ўтқазган. Бироқ, Фарҳод уни уйга эмас, балки кимсасиз жойга, сув идорасининг биносига олиб борган. Шундан сўнг, куч ишлатиб, қўрқитиб, қизнинг қўл оёғини машина тасмаси билан боғлаб, зўрлаб номусига теккан. Бу воқеани ҳеч кимга айтмасликни талаб қилиб, агар айтса ўлдириши билан таҳдид қилган. Афсуски, биз бу воқеадан бехабар қолдик. Набирам қаттиқ қўрқув ва андиша туфайли бу воқеани ҳеч кимга айтмаган. 2021 йил январь ойида эса бу воқеа яна такрорланди», дейди қизнинг бувиси.

Онасининг сўзларига кўра, 2021 йил январь ойидаги воқеалардан сўнг ҳаммаси ошкор бўлган.

«2021 йил 13 январь куни қизим мактабга кетиб, қайтиб келмади. Қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар орасидан изладик. Самара бермагач, Янгибозор тумани ИИБга мурожаат қилдик. 14 январь куни тонгда қизим топилди. Шунда маълум бўлишича, киракаш-таксичи Фарҳод қизимни йўлда машинасига мажбурлаб ўтқазган. Шундан сўнг, Маданият қишлоғидаги бир уйга олиб борган. У ерда икки ҳамтовоғи Эркин ва Ёрқин (исмлар ўзгартирилди, гумондорларнинг асл исми-шарифи таҳририятга маълум) ҳам бўлган. Улар қизимга мажбурлаб ароқ ичиришган, сўнгра яланғочлаб, ўртага олиб, таҳқирлашган. Камида икки нафари уни зўрлаган», дейди она.

Ҳолат юзасидан Урганч шаҳри ИИБ суриштирув ўтказиб, экспертиза тайинлаган. Аммо воқеаларнинг кейинги ривожи оилада хавотир уйғотмоқда.

«Урганч шаҳар ИИБ аризамизни қабул қилиб, суриштирув ўтказди, экспертиза тайинлади. Сўнгра иш материалларини Янгибозор тумани ИИБга юборди. Ишни терговчи Бобур Юлдашев олиб борадиган бўлди.

Аммо Урганч шаҳридаги экспертиза қизимни бокира экани ҳақида, унда ҳеч қандай тан жароҳати йўқлиги ҳақида хулоса берди. Ваҳоланки, унинг танасида кўкарган жойлари ҳам бор эди. Биз экспертизадан фотосуратларни тақдим қилинг десак, «суратлар телефон хотирасидан ўчиб кетди», деган жавобни олдик. Шундан сўнг, Бухоро шаҳрида экспертиза тайинланди. Унинг хулосасида қизимнинг бокира эмаслиги аниқланди. Аммо вақт ўтиб кетгани туфайли, кўкарган жойларини аниқлаш имкони бўлмади», деди қизнинг отаси.

«Бундан ташқари, қизим дастлабки суриштирувда воқеа содир бўлган жойни тавсифлаб берган эди. Аммо эртаси куни ИИБ ходимлари билан у ерга борсак, хонадаги вазият умуман бошқача эканини кўрдик. Яъни мебеллар ўрни ўзгартирилган, кўрпачалар йиғиштирилган, баъзи буюмлар бошқа хонага олиб кириб қўйилган. Катта эҳтимол билан, кечаси келиб, хонадаги ҳолатни ўзгартиришган. Қизимни ёлғон кўрсатма берганликка чиқармоқчи бўлишган», дейди у.

Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши очилган.

«Бизга жиноят иши 118-модда билан очилгани ҳақида айтишди. Яъни номусга тегиш, зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилганликни кўзда тутувчи модда. Бироқ, кейинчалик, билсак, жиноят иши 128-моддага малакаланган. У 118-моддага қараганда анча енгил жазони кўзда тутади. Бундан карахт аҳволга тушдик», дейди отаси.

Онанинг сўзларига кўра, ишни бости-бости қилиш учун бир қанча уринишлар бўлган.

«Фарҳоднинг қариндошларидан бири бизга катта миқдорда пул – 46 млн сўм таклиф қилди. У «ҳаммани рози қилдик, энди сизлар ҳам рози бўлинглар, ишни ёпайлик, бир оила бузилиб кетмасин», деб илтимос қилди. Биз рози бўлмадик.

Сўнгра, Янгибозор туман ИИБ биноси олдида қизимга номаълум аёллар ташланиб, дўппослашди. Аммо ИИБ ходимларидан бирортаси ажратмади, уларга чора кўрмади. Ҳеч ким эътибор бермади», деди у.

Январь ойидаги воқеадан сўнг, оила қизни бошқа мактабга кўчиришга мажбур бўлган. Қиз таълим олган собиқ мактаб директори унга тавсиф бериб, ахлоқсизлик ва тарбиясизлик аломатлари йўқлигини айтди.

Оила манфаатини ҳимоя қилаётган адвокат Фаррух Ниёзметов тергов жараёни тугамагани сабабли, ҳеч қандай изоҳ бера олмаслигини маълум қилди.

«Ҳозирги вақтда бу иш Хоразм вилояти прокуратураси томонидан ўрганилмоқда. Шу сабабли, тафсилотлар ҳақида ҳеч қандай маълумот беролмайман», деди у.

Хоразм вилояти прокуратураси мазкур жиноят иши бўйича қабул қилинган қарор бекор қилингани, қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказиш ва ташкиллаштириш учун 9 июнь куни Янгибозор туман прокуратурасига юборилгани ҳақида маълумот берди.

Хоразм вилояти ИИБ ушбу жиноят иши бўйича ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари давом этаётганини билдирган.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид