Ўзбекистон | 15:10 / 14.05.2020
22875
12 дақиқада ўқилади

«Маълумотларнинг камлиги шубҳа-гумонлар ортишига сабаб бўлади» – Депутат Сардоба фожиаси ҳақида

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Обиджон Латипов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Сардобадаги фожианинг юзага келишига сабабчи бўлган омиллар, тизимли муаммолар ва мазкур фожиадан чиқариладиган хулосалар ҳақида сўз юритди.

– Обиджон ака, Сардоба фожиаси кеча ёки бугун пайдо бўлган муаммоларимизнинг маҳсули эмас. Бу йиллар давомида шаклланиб келган тизимли муаммоларимиз маҳсули. Дейлик, коррупция, тендерлардаги “таниш-билишчилик” ёки қурилишнинг сифатли амалга оширилмаслиги. Афсуски, Сардоба сув омбори ҳалокатидан кейин бу масала яна кун тартибига чиқиб турибди. Демак, яна “ўйинлар” давом этган. Шундай эмасми?

– Сардоба фожиаси жуда кўп, шу пайтгача бўлиб келган касаллик, иллатларнинг белгиси, тиббиёт тили билан айтганда, иситмаси, дейишимиз мумкин. У касаллик қанчалик чуқур илдиз отганлигини яққол исботлаб, кўрсатиб берган белги сифатида намоён бўлди. Гўёки, ташқаридан маълумот сифатида қарайдиган бўлсак, бу биргина ҳодиса.

Аслини олганда, кенгроқ ёндашадиган бўлсак, кузатишни яқин ва ундан олдинги кунларимизга сурадиган бўлсак, худди шунақа фожиалар аввал ҳам бўлганлигини, метро қурилиши билан боғлиқ воқеани мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Юнусобод йўналиши метроси қурилишидаги ҳодисага ҳам ёмғир сабаб деб кўрсатилди. Инсонлар ҳалок бўлганини кўрдик. Водийда поездларнинг қулаб тушиши билан боғлиқ ҳолатлар бўлди ва шунга ўхшаш воқеалар, намунавий уйлар билан боғлиқ сифатсиз қурилишлар натижасида келиб чиққан муаммоли вазиятларни кўрдик. Бу иккита нарсага жиддий эътибор қаратишимиз кераклигини кўрсатиб берди, деб айтоламан.

Биринчиси, давлат харидлари ёки давлат буюртмалари билан боғлиқ жараёнларнинг шаффофлиги. Давлат бюджети томонидан молиялаштириладиган харажатлар, ҳаракатлар, ташкил этилган чора-тадбирларнинг шаффофлиги, яъни бюджетнинг чиқим қисми қанчалик шаффоф, деган масалани кун тартибига яққол олиб келиб қўйди.

Ҳозир биз жуда кўп муҳокама қиляпмиз. Лекин муҳокама қилишга арзирли маълумотнинг ўзи йўқ. Сув омбори кичкинагина объект эмас. Бу йўл қурилиши ёки кўприк қурилиши эмаслигини тан олайлик. Стратегик объект нуқтаи назаридан у билан боғлиқ харажатлар ва унинг таркиби аллақачон оммага етказилган бўлиши керак, аллақачон мавжуд бўлиши керак.

Биз ҳатто ҳалокатдан кейин ҳам билмаймиз бу нарсаларни. Маълумотлар нима учун эълон қилинмаганлиги жуда ажабланарли ҳолат. Шу нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, ўша давлат харидлари ва буюртмаларида шаффофлик жиддий масала эканлиги биринчи ўринга чиқди.

Жудаям муҳимлиги жиҳатидан иккинчи масала – бу кадрлар масаласи. Бу хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, эскича фикрлайдиган, қолипда қотиб қолган, фақатгина буйруқ берилганда, “хўп бўлади, бажарамиз”, дейдиган эски тизим кадрлари бугунги кун талабига жавоб бермаслигини кўрсатиб берди.

Чунки замон талабига кўра, “хўп бўлади, бажарамиз” эмас, мутахассисларнинг ҳисоб-китоби билан, улар кўзда тутган эҳтимолий хавф-хатарларни инобатга олган ҳолда бўлиши керак. Бу иккинчи асосий масала.

Яъни биз бугунги кун талабига жавоб берадиган кадрларга эга бўлишимиз керак. Эҳтимол, қайсидир соҳаларга кўпроқ ҳисса қўшгандир, лекин эскича фикрлайдиган, қотиб қолган эски кадрлардан воз кечиш даври келди, деб ўйлайман. Бундан кейин яна эътибор қаратишимиз керак бўлган бир нечта нуқталар бор.

Мана, фожиа юз берганига бир неча кун ўтди. Лекин ҳалигача журналист ва блогерларнинг очиқ маълумотлар асосида тайёрлаган суриштирувларинигина ўқияпмиз. Воқеага гувоҳ бўлган, шу қурилишда ишлаган, лекин номини айтишга қўрқаётган одамлар орқалигина маълумотга эга бўляпмиз. Афсуски, бу ҳақда ҳалигича на матбуот анжумани ташкил этилди, на бир расмий маълумот берилди.

– Шуни айтиб ўтиб кетишим керак, деб ҳисоблайман. Биринчиси, бу жараёнга расмий муносабатнинг жудаям камлиги ва оммага етарли маълумотнинг тақдим этилмаётганлиги. Одатда, бунақа кенг кўламли ҳолатларда расмийлар томонидан шошилинч равишда ва максимал даражада тўлақонли маълумот беришга ҳаракат қилинади. Нима учун?

Бу боя айтиб ўтганимиздек, турли миш-мишлар ва хавотирлар урчиб кетишининг олдини олади. Ваҳоланки, бир ҳафтадан ошиқ вақт ўтди, тўлақонли расмий маълумотни кўрмаяпмиз ва яна бир томонини айтиб ўтишни хоҳлардим, журналистик кузатув ёки воқеа жойидан репортажлар билан боғлиқ масалаларда ҳам жараён жудаям суст кетяпти. Бир мартагина кўрдик, “Human.uz” сайти журналисти Мавжуда Мирзаеванинг боргани ва унинг оператори билан боғлиқ нохуш ҳодиса бўлганлигини – бу шубҳа-гумонларни янада орттирса орттирдики, бизга жараённи тўлақонли билиш учун информацион эҳтиёжни қолдиришга ёрдам бермаяпти.

– Мени айни пайтда ўйлантираётган яна бир масала – Юнусободдаги метро қурилишидаги фожиа юз берганига кўп бўлгани йўқ. Бу бўйича ҳукумат комиссияси ҳам тузилган эди. Лекин мана шунча вақт ўтдики, тўлақонли таҳлил, якуний хулосалар жамоатчиликка тақдим қилингани йўқ. Бу ўз-ўзидан савол туғдиради. Бу сафар ҳам ҳукумат комиссияси ташкил этилди. Энг қизиғи, айни пайтда жамоатчиликнинг диққат-марказида бўлиб турган айрим шахслар, шу тизимнинг раҳбарлари комиссияга киритилганига қандай баҳо берасиз?

– Ушбу масала бўйича мен алоҳида чиқиш қилган эдим. Бу воқеа 1 май куни содир бўлган бўлса, 2 май куни бу мавзуда катта пост эълон қилганман. Ўша постда худди сиз бераётган савол бўйича масалаларни кўтарган эдим. Ҳукумат комиссияси тузиш билан масалани ечиш мантиқан нотўғри.

Чунки истаймизми-йўқми, сиз айтаётган шахсларга нисбатан шубҳа бўлмаган тақдирда ҳам, жараённи ўрганишни уларга топшириш нотўғри бўлар эди. Чунки ижро органига ўзи ёки қўл остидагилар бажарган ишнинг тўғри ёки нотўғрилигини аниқлашни топшириш мантиқан олиб қаралганда ўзига ўзи баҳо бериш билан баробар.

Шу нуқтаи назардан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан махсус комиссия тузилишининг ўзи нотўғри, деб ҳисоблайман. Шунинг учун ҳам таклиф сифатида киритгандимки, парламент комиссияси тузилиши керак ва жараён парламент комиссияси орқали ўрганилиши мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки парламентни биз биламиз, назорат функцияси бор ва шу нуқтаи назардан ҳам бу мақсадли бўларди.

Тўғри эслаб ўтдингиз, Юнусободдаги фожиа бўйича ҳукумат комиссияси иши қандай эканлигига шу пайтгача баҳо бера олганимиз йўқ. Чунки очиқликни кўрмадик ва бу иккинчи шубҳани туғдирадики, бу жараёнда ҳам ҳукумат комиссияси қанчалик самарали ишлаши мавҳумлигича қолади.

– Сардоба фожиасидан қандай хулосалар чиқаришимиз керак? У бизга нималарни ўргатди?

– Коррупция натижасида халқ бойлиги талон-торож қилинган ҳолатларнинг кўп эканлигини мана шу Сардоба фожиаси кўрсатиб берди, деб бемалол айтишимиз мумкин. Бу биринчи асосий нуқта. Иккинчи асосий нуқта – кадрлар масаласи. Боя айтиб ўтганим.

Ҳозир яна бир бора хулосани айтишим керак, деб ўйлайман. Бизга самимий, халққа хизмат қилишни дилига туккан, холис, ҳалол кадрлар жуда ҳам муҳим эканлигини бугунги ҳолат кўрсатиб турибди. Шунингдек, журналистлар билан мулоқот қилишни хоҳламайдиган, журналистларга қарши курашадиган, маълум бир муаммо матбуотга чиқиб кетишининг олдини олиш учун курашадиган, халққа ишонч бермайдиган мансабдорлардан тезроқ воз кечишимиз кераклигини кўрсатди.

Давлатнинг халққа, халқнинг давлатга ишончини оширишни хоҳлайдиган бўлсак, ўша ишончни мустаҳкамлайдиган кадрларга эҳтиёжимиз бор. Мансабдорлар маълумотни халққа тақдим этишдан қўрқмаслиги керак. Кўпроқ маълумот бериш унинг шаффоф эканлигини, мансабдорнинг легитимлигини кафолатлашини ҳис қиладиган мансабдорларга эга бўлишимиз керак.

Шу талабларга жавоб бермайдиган мансабдорлардан мутлақо воз кечиш керак ва имкон борича тезроқ. Бу қайси даражадаги мансабда бўлишидан қатъи назар. Учинчи хулоса эса, мана шундай техноген тусдаги фожиалар бўлган пайтда журналистларнинг, расмийларнинг оммага маълумот етказиш масъулиятини ошириш керак. Чунки маълумот камлигининг ўзи хатарни кўпайтиради.

Одамлар хотиржамликка эга бўлмайди. Эртанги куни аниқ бўлмаса, мана уй-жойи, мол-мулкидан айрилди 10 минглаб инсонлар, албатта, эртага ҳаётим қандай кечади, деган саволга жавоб ололмаса, уларда хавотир бўлади. Ўша хавотирнинг олдини олиш учун ҳам расмий маълумотлар, ҳам журналистик таҳлиллар натижасида етказиладиган маълумотларнинг зарурлигини, оператив маълумотлар тақдим этилиши кераклигини кўрсатиб берди бу жараён.

– Фожиа юз берган ҳудудда 50 та кўп қаватли биноларнинг қурилаётгани, аммо ўша ерда яшовчи уйсиз, мол-мулксиз қолган аҳолидан уларга кўп қаватли уй ёки томорқа кераклиги  сўралмаётганлиги ҳам оғриқли масала ва қачонгача фожиа юз берганда унинг товонини давлат ёки халқ тўлаши керак? Шу қурилишни амалга оширган компания жавобгар бўлиши керак эмасми оқибатлар учун?

– Умуман олганда, фикрингизга қўшиламан, жавобгар бўлиши керак. Яъни ҳар бир инсон ўзининг бажарган ишини, оқибатининг жавобгарлигини олиши керак. Ҳатто бунинг механизмлари ҳам мавжуд. Масалан, буюртманинг ҳажми юз миллион сўм бўладиган бўлса, уни назоратдан ўтказиш босқичлари бўлгандан кейин шартлар бошидан келишиб олинади.

Фото: Давергеодезкадастр

Сиз айтгандек, халқнинг, давлатнинг пулидан тўланмаслиги учун ҳақнинг 50 миллион сўми маълум бир босқичда берилади, 20 миллиони маълум бир босқичда берилади, битганидан сўнг, текширув ва синовдан тўлиқ ўтиб бўлганидан кейин икки йил, уч йил, ўн йил, йигирма йилда бериладиган қисмлари бўлади. Қонунчиликда шу механизмларни мукаммаллаштириш керак. Яъни талафотни кимдир компенсация қилиши. Ҳаммаси жойида бўлса, буюртмани бажарганларга ана шу пул берилади. Агар муаммо келиб чиқса, ўша захирага олиб қўйилган пулдан тўланиши шартномада белгилаб қўйилган бўлиши керак.

– Ҳеч бўлмаса, суғурта механизмлари бор. Сув омбори талафотга сабаб бўлиши эҳтимоли катта лойиҳа ҳисобланади. Бундай эҳтимол бор эканми, суғурталаб қўйилганида сиз билан биз ҳозир буни муҳокама қилиб ўтирмаган бўлардик.

– Гап шундаки, биз ҳали ушбу объект суғурталанган ёки суғурталанмаганлигини ҳам билмаймиз. Чунки боя айтиб ўтганимдек, ҳозир суҳбатлашаётган нарсаларнинг таҳлиллари, тахминлари кўплигининг асосий сабаби – расман тасдиқланган аниқ маълумотларнинг камлиги. Маълумотларнинг камлиги шубҳа-гумонларнинг ортишига сабаб бўлади.

Менинг фикримча, парламентнинг параллел равишда алоҳида комиссияси ҳам тузилиши керак. Ҳукумат комиссиясидан хулосаси фарқли бўлиши мумкин бўлса ҳам. Балки бу кимларгадир эриш туюлар, парламент комиссияси ҳам тузилиб, унинг хулосаси ўрганилиши керак.

Комиссияда ўрганилаётган маълумотлар оммага етказилиб турилиши керак. Керак бўлса, деярли ҳар куни. Чунки бу тўғридан-тўғри ўн минглаб фуқароларнинг тақдири билан боғлиқ бўлган жараён. Шунчаки, кабинетларда 5-10 кишининг йиғилиши билан ҳал бўладиган масала эмас.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Мавзуга оид