РКН WhatsApp ва Skype'га фойдаланувчи маълумотини ФСБга топшириш мажбуриятини юклади
Роскомнадзор «ахборот тарқатиш ташкилотчилари» реестрига 12 та тезкор мессенжерни, жумладан WhatsApp ва Skype'ни қўшди. Энди ФСБ улардан ёзишмалар ва фойдаланувчи маълумотларига киришни талаб қилиши мумкин.
Россия Федерациясининг Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникацияларини назорат қилиш федерал хизмати (Роскомнадзор, РКН) 12 та мессенжерни, жумладан WhatsApp ва Skype'ни «ахборот тарқатиш ташкилотчилари» (АТТ) реестрига киритди. «Роскомсвобода» лойиҳаси бунга 20 декабр, жума куни эътибор қаратди.
АТТ реестрига киритилган компаниялар Россия фойдаланувчиларининг ёзишмалари ва маълумотларини сақлашлари, шунингдек, сўров бўйича Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ)га ўтказишлари шарт. Хавфсизлик кучларининг ушбу маълумотларга доимий киришини тезкор мессенжерларга эга компаниялар ўз маблағлари ҳисобидан ўрнатиши шарт бўлган махсус ускуналар ёрдамида таъминлаши керак.
Реестрга WhatsApp ва Skype'дан ташқари Швейцариянинг Wire мессенжери, Британиянинг Element, Жанубий Кореянинг KakaoTalk, Германиянинг Crypviser ва бошқа онлайн сервислар киритилди.
Россияда Viber мессенжерига кириш чекланди
Роскомнадзор Россия Федерациясида Viber мессенжерига киришни чеклаганини эълон қилди. Қарор Россия қонунчилигининг ахборот тарқатиш ташкилотчиларига нисбатан талаблари бузилгани билан боғлиқ, деб хабар берди 13 декабр куни идора.
Ушбу талабларга риоя қилиш «мессенжердан террористик ва экстремистик мақсадларда фойдаланиш, фуқароларни уларни содир этишга жалб қилиш, гиёҳванд моддаларни сотиш, шунингдек, ноқонуний маълумотларни жойлаштириш билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олиш учун зарур», дейилади хабарда.
Viber мессенжери Япониянинг Rakuten компаниясига тегишли. Mediascope маълумотларига кўра, бир ойда Россия аҳолисининг ўртача 26 фоизи ундан фойдаланади.
Роскомнадзор «ахборот тарқатиш ташкилотчилари» (АТТ) реестрига интернет фойдаланувчилари учун алоқа имкониятларини тақдим этадиган платформалар эгаларини киритади. Ҳозирда у 400 дан ортиқ АТТни ўз ичига олади. Улар фойдаланувчиларнинг ўзаро алоқалари ва уларнинг ёзишмалари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, сақлаш ва ФСБга тақдим этишлари шарт.
Мавзуга оид
16:58 / 25.12.2024
Эронда WhatsApp ва Google Play блокдан чиқарилади
10:21 / 04.04.2024
WhatsApp мессенжери глобал узилишдан сўнг ўз фаолиятини қайта тиклади
23:05 / 13.09.2023
WhatsApp канал яратиш функциясини ишга туширганини эълон қилди
17:51 / 23.03.2023