Ўзбекистон | 15:56 / 03.02.2022
27047
3 дақиқада ўқилади

Энди пули ёки таниши борлар эмас, фақат билими борларгина рулга ўтиради — вазир ўринбосари

“Фақат етарли билим ва малакага эга ҳайдовчиларга гувоҳнома берилиши бошлангач, йўлларимизда ҳам ҳайдовчилик маданияти ошади, ЙТҲлар камаяди. Биз бундан бошқасига рози эмасмиз ва бунга йўл ҳам қўймаймиз”, – деди ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев.

Бекмурод Абдуллаев / Фото: Kun.uz

Бугун, 3 феврал куни ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Тошкент имтиҳон маркази тақдимоти бўлиб ўтди. Янгиҳаёт туманида жойлашган мазкур имтиҳон маркази – ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича имтиҳон ўтказиладиган Ўзбекистондаги илк автоматлаштирилган имтиҳон комплекси ҳисобланади.

Тадбирда ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев сўзга чиқиб, янги тизимнинг имкониятлари ва кутилаётган натижалар ҳақида гапирди.

“Бу каби марказларда имтиҳонлар тўлиқ инсон омилидан холи тарзда, автоматлаштирилган электрон тизим орқали қабул қилинади. Бу эса ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топшириши жараёнидаги коррупцион ҳолатларга чек қўяди.

Энди тасаввур қилинг, агар имтиҳон тизими шаффоф ва адолатли бўлса, фақат ўқиган ва етарли малакага эга фуқароларгина ҳайдовчилик гувоҳномасини олса-ю, қолганлар ёппасига имтиҳондан йиқилишни бошласа, бу бизга нима беради?

Биринчидан, бу тескари занжир реакциясини ҳосил қилади ва автомактабларда таълим сифати ошишига олиб келади. Чунки ҳозир автомактаблар асосан нархнинг арзон ва қимматлиги бўйича рақобатлашмоқда холос. Кўпчилик фуқароларни ҳам, автомактаблар маъмуриятини ҳам таълим сифати унчалик ўйлантираётгани йўқ. Лекин эндиликда имтиҳондан пул, таниш-билиш орқали билан топширишнинг имконини қила олмагач, ўз-ўзидан ўқишга мажбур бўлади, масъулиятсиз автомактаблар эса ёки ишини йиғиштиради, ёки ваниҳоят сифатли таълим беришни бошлайди.

Иккинчидан, фақат етарли билим ва малакага эга ҳайдовчиларга гувоҳнома берилишни бошлагач, йўлларимизда ҳам ҳайдовчилик маданияти ошади, йўл-транспорт ҳодисалари камаяди. Чунки хоҳлаймизми, йўқми, аксарият нохуш ҳолатлар айнан билимсизлик ортидан юзага келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, энди пули ёки таниши борлар эмас, фақат билими борларгина рулга ўтиради, йўлга чиқади. Биз бундан бошқасига рози эмасмиз ва бунга йўл ҳам қўймаймиз”, деди Бекмурод Абдуллаев.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 26 январида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолганига тўхталиб, ички ишлар ва адлия вазирлари ҳамда бош прокурорга ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, ўқитмасдан ва ўргатмасдан гувоҳнома бериш “жинояти”га қарши жазони кучайтириш бўйича топшириқлар берган эди.

Мавзуга оид