Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Арманистон Россиядан “киндигини узяптими”?
Жанубий Кавказ бугун катта геосиёсий ўзгаришлар марказига айланган. Озарбойжон ва Грузиядан кейин энди Арманистон ҳам Россиядан узоқлашиш йўлини қидирмоқда. Москва–Ереван муносабатлари бугун тарихий бурилиш нуқтасига яқинлашаётгандек. Украинадаги уруш Россиянинг имкониятларини ҳам сезиларли даражада чеклаб қўйди. Хўш, Москва энди нима қилолади?
Москва Арманистоннинг ғарб оиласига интеграция бўлишини қандай қабул қилади?
Анвар Йўлдошев: Арманистоннинг “икки стул” сиёсати, яъни Россиядан узоқлашиши Москва томонидан салбий қабул қилинади. Шу сабаб Россия Ереванга нисбатан турли босим чораларини қўллаши мумкин.
Биринчи навбатда, бу иқтисодий босим орқали намоён бўлади. Масалан, Россия Арманистонга етказиб бераётган арзон газ масаласи қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Агар Арманистон бошқа манбалардан газ олишга мажбур бўлса, у анча қиммат нархга дуч келади. Озарбойжон билан муносабатлар ижобий ривожланса, у ердан ҳам газ олиш эҳтимоли пайдо бўлиши мумкин, бироқ бу ҳали сиёсий мувозанатга боғлиқ масала.
Иқтисодий босимнинг яна бир муҳим йўналиши — арманистонлик кўплаб тадбиркорлар Россия билан ишлайди, минглаб фуқаролар эса Россияда меҳнат қилади ва Арманистонга пул юборади. Агар Москва чекловларни кучайтирса, бу пул оқими камайиши, бизнеслар эса қийинчиликка дуч келиши мумкин.
Бундан ташқари, Арманистон маҳсулотларига нисбатан савдо чекловлари жорий этилиши эҳтимоли ҳам мавжуд. Шунингдек, Россия ахборот босими орқали ҳам таъсир ўтказишга уриниши мумкин. Москва бу борада катта тажриба ва кучли медиа аппаратига эга. Турли ахборот кампаниялари орқали Арманистон ичидаги норозилик кайфиятларини кучайтириш, ҳукуматга қарши кайфиятни рағбатлантириш эҳтимоли бор. Айниқса, сайловолди даврида бундай усуллар янада фаол қўлланиши мумкин.
Бироқ Арманистонга нисбатан ҳарбий куч ишлатиш эҳтимоли паст. Россиянинг у ерда битта ҳарбий базаси бор бўлиб, ундаги бир неча минг аскар вазиятни тубдан ўзгартира олмайди. Қолаверса, Арманистон анчадан бери КХШТдаги иштирокини деярли музлатиб қўйган бўлса-да, Москва бу борада кескин чоралар кўра олмади.
Шунингдек, Арманистоннинг КХШТ ва Евросиё иқтисодий иттифоқидан тезда чиқиб кетиши ҳам осон эмас. Чунки мамлакат иқтисодий жиҳатдан ҳали ҳам ушбу тизимларга боғлиқ. Европа билан интеграция жараёни эса узоқ муддат талаб қилади. Бу балки 10–15 йил давом этиши ҳам мумкин. Шу вақт ичида Арманистон иқтисодий ва ижтимоий барқарорликни сақлаб қолиши керак бўлади.
Аҳоли бугунги ҳаёт шароитига қараб баҳо беради, ички норозилик кучайса Пашинян ҳокимиятини сақлаб қолиши қийинлашади. Шунинг учун Арманистон ҳозирча мувозанатли сиёсат юритишга мажбур. Бир томондан Европа билан яқинлашишга ҳаракат қилмоқда, бошқа томондан эса Россия билан алоқаларни бутунлай узишга шошилмаяпти. Ҳатто Пашиняннинг Россияга ташрифи ва Путин билан учрашувларида ҳам бу мувозанат сезилган. У Москва томонига “биз сизлардан бутунлай узоқлашаётганимиз йўқ”, деб Путинни тинчлантиришга ҳаракат қилган.
Камолиддин Раббимов: Россиянинг Украинага бостириб кириши Москванинг постсовет ҳудудидаги, жумладан, Жанубий Кавказдаги таъсирини сезиларли даражада заифлаштирди. Худди шундай ҳолатни АҚШнинг Эронга нисбатан куч ишлатиш сиёсатида ҳам кўриш мумкин. Россия Украинада ўз стратегик мақсадларига тўлиқ эриша олмади, АҚШ ҳам Эронга нисбатан кутилган натижани қўлга кирита олмади. Бу эса янги, глобаллашган ва ахборот технологиялари устувор бўлган дунёда эски “қудрат” ҳақидаги тасаввурлар тез емирилаётганини кўрсатади.
Жанубий Кавказдаги вазиятга қарайдиган бўлсак, минтақадаги уч давлатнинг Россияга муносабати кескин ўзгарганини кўриш мумкин. Озарбойжон аллақачон Россиянинг геосиёсий таъсиридан деярли чиқиб кетган ва айрим ҳолларда Москвага очиқ чақириқлар билан ҳам чиқмоқда.
Грузияда эса вазият мураккаброқ.
Бугунги Грузиянинг Россия билан муносабатлари Саакашвили давридагига қараганда нисбатан юмшоқроқ. Бироқ шунга қарамай, икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар чекланган. Грузия МДҲдан аллақачон чиқиб кетган. Ҳозирги сиёсий ҳокимият тепасидаги Иванишвили кўпинча Россияга яқин сиёсатчи сифатида талқин қилинади.
Аммо шундай бўлса ҳам, у Грузияни Россия таъсир доирасига тўлиқ қайтара олмади. Икки давлат ўртасидаги фундаментал зиддиятлар ҳануз сақланиб қолмоқда. Мана шундай фонда Арманистон ҳам ўз ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқмоқда.
Қорабоғдаги мағлубиятдан кейин бу фақат Пашиняннинг позицияси эмас, балки Арманистон жамоатчилик кайфиятида ҳам акс этмоқда. Бугун кўплаб арманлар “Россияга таяниш биз кутган натижани бермади”, деган фикрни илгари сурмоқда. Икки аср давомида Россияни асосий таянч деб билган сиёсий йўналиш энди савол остига қўйилмоқда.
Шу жараёнда Европа Иттифоқи ва Арманистон ўртасида қабул қилинган 44 банддан иборат декларация муҳим аҳамият касб этади. Унда Озарбойжон билан тўлиқ тинчлик келишувига эришиш ҳамда Туркия билан муносабатларни нормаллаштириш масалалари алоҳида қайд этилган. Авваллари Арманистон Туркияни геноцидда айблаб келган бўлса, энди бу мавзу иккинчи планга тушмоқда. Озарбойжон билан ҳам узоқ йиллик қарама-қаршиликни юмшатиш жараёни кетмоқда.
Яъни илгари изоляцияда қолган ва асосан Россияга боғлиқ бўлган Арманистон энди минтақага қайтишга, қўшнилари билан алоқаларни тиклашга уринмоқда. Бу эса Жанубий Кавказдаги геосиёсий мувозанат тубдан ўзгараётганини англатади.
Россиянинг Украинага бостириб кириши постсовет ҳудудидаги сиёсий муносабатларга жиддий таъсир кўрсатди. Албатта, Москва ўз қўлидаги мавжуд инструментлардан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ муаммо шундаки, Россиянинг Арманистонни аввалгидек ўз орбитасида ушлаб турувчи воситалари тобора камайиб бормоқда.
Масалан, Пашинян Европа билан муносабатларни чуқурлаштириш ниятини билдирганида, Путин энергетика босими ҳақида сигнал бергани айтилади. Аммо бугунги Арманистон бундай эҳтимолий босимларга қисман тайёрланиб улгурган. Европа Иттифоқи билан имзоланган декларацияда энергетика ва транспорт лойиҳалари учун юз миллионлаб евро ажратилиши кўзда тутилган. Шу сабабли Россия иқтисодий инструментларни ишга солган тақдирда ҳам, Арманистон аввалгидек кескин шокка тушмаслиги мумкин.
Тўлиқ суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.