Жамият | 15:38 / 11.07.2020
62507
14 дақиқада ўқилади

«Эркакобод». Исломда аёлнинг ўрни, феминизм ва қулдорлик ҳақида

Америкада қулдорлик бекор қилинганда, собиқ қуллар бир неча кун кўчаларда байрам қилишган. Кейин эса, муаммолар пайдо бўлган: емиш керак, кийим керак, яшаш керак — иш эса йўқ. Энди нима бўлади? Оқибатда, ўша қуллар собиқ хўжайинларининг олдига қайтиб бориб, маош эвазига ёлланишга, аввалгидан ёмонроқ шартларга кўнишга мажбур бўлишган экан.

Яқинда Тошкент кўчаларида бир гуруҳ аёлларнинг замонавий тил билан айтганда, феминистик ғоялари акс эттирилган ёзувларни тутган ҳолда флешмоб ўтказганига гувоҳ бўлдик. Табиий равишда, бу ҳолат ижтимоий тармоқларда ҳам, турли сайтларда, блогларда муҳокамалар марказида бўлди. Шундан ҳам хулоса қилиш мумкинки, флешмобчилар ўз ниятларига етдилар, яъни турли доираларда уларнинг фикрлари «эшитилди», муҳокама қилинди.

Аммо бу мавзу қайси йўналишга қараб кетди-ю, масаланинг асл моҳиятига қай даражада тегинилди, келинг шу ҳақида фикр юритамиз.

Инкор этмайман, Ўзбекистонда айнан кўтарилган масалаларда ҳуқуқсизлик бор. Бу мавзу аллақачон кўтарилиши, тегишли доираларда ечим изланиши ва шунчаки, маънавий-маърифий ўгитлар доирасида қолиб кетадиган масала бўлмаслиги керак. Менга энг ёқмагани — вазият ҳуқуқсизлик иллатидан чиқиб, мафкуравий тортишувга айланиб кетганидир.

Яъни, бир қараганда, гўёки аёлларга бўлган ҳозирги муносабат ўзининг кўп йиллик мафкуравий асосларга эга бўлган сарқитдан иборат, деб ўйлайдиган замонавий қараш, биринчиси — ўша флешмобчилар. Иккинчиси эса, ростдан ҳам, бу ҳолатда муаммо кўрмайдиган ва айнан шу шаклни тўғри, ҳатто диний асосга эга бўлган қараш деб биладиганлар — улар зўр бериб флешмобчиларга қаршилик қилишди.

Аввал мана шу мавзуларни ажратиб олишимиз лозим.

Ҳар қандай мафкурадаги ҳақ-ҳуқуқлар, эркинликларга баҳо беришда яшалаётган турмуш тарзига эмас, рухсат берилган чегараларга қараш тўғрироқ бўлади. Сабаби — турмуш тарзи фақат мафкура ва ўлчовлар устига қурилмайди, замон ва макон, урф-одатлар ҳам чуқур аҳамият касб этганидан, ҳаммаси аралашиб, чалкашиб кетиши мумкин.

Масалан, Ислом динида аёл кишининг ўрни деганда биз фақат уйда ўтирадиган, бола туғиб уларга қарайдиган, жамиятдан узилган, эрининг ҳар қандай бошқарувига чидайдиган шартларни кўз олдимизга келтирамиз. Аммо Ислом тарихига қараганимизда, ростданам шундайми? Пайғамбаримиз (с.а.в.) даврларида аёлларнинг эркинлик чегараси қаерларгача борган?

Айтайлик, пайғамбаримиз (с.а.в.) вафотидан сўнг, уларнинг қизи Фотима (р.а.) маълум хусусда қатъий ўз сиёсий позицияларини маълум қилганлар. Бу ўз вақтида пайғамбаримиз (с.а.в.) бошқалардан алоҳида ажратмаган «қизим Фотима ўғирлик қилса ҳам, жазолайман», деб мисол келтирилган аёл билан боғлиқ вазият. Ойша (р.а.) давлат тақдири ҳал қилинаётган ўта жиддий зиддиятларда марказий ўринни эгаллаганлар. Яъни ҳеч ким уларга «бу аёл кишининг иши эмас, уйингда аралашмай ўтир», қабилидаги эътирозда бўлмаган.

Ёки етакчи ролларда ҳижрат қилган, ҳатто жангларда қатнашган аёллар ҳақида биламиз. Умар (р.а.) билан боғлиқ ҳам жуда машҳур воқеа бор. Маҳр шартлари кўпайиб кетиб, кўпчилик уйланишга қийналиб қолганда, Амир Умар (р.а.) миқдорни камайтириш, қайсидир чегарагача белгилаш таклифини киритади. Шунда мажлисда ўтирган аёллардан бири эътироз қилиб, «Аллоҳ чегараламаган ишларда сен чеклов киритасанми, эй Умар?!» дейди. Умар (р.а.) дарҳол ўзининг хато қилганини тан олади.

Худди ўша Умар (р.а.)га бир одам келиб, хотинидан шикоят қилганида, Умар (р.а.) аёли унинг дўзахдан тўсиб турувчи парда экани, шунинг учун ҳам баъзи инжиқликларини кўтариш, феълига сабр қилиш ҳам лозимлигини маслаҳат беради. Қуръонда келтирилган жуда кўп ибратли ҳикояларда, пайғамбарлар билан боғлиқ воқеаларда аёлларнинг тутган ўрни, уларнинг мустақил қарорлари нақадар аҳамиятли бўлганини биламиз.

Айтмоқчиманки, Ислом тарихига назар ташласангиз, бизга сингиб кетган картинани кўрмайсиз — энг юқори доирадаги сиёсий муҳокамаларда ҳам, ҳуқуқий мунозараларда ҳам, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида фаол бўлган аёл намуналарини, улар жамиятда нормал қабул қилинганини кўрасиз.

Мавзуга мафкуравий баҳо беришда, айнан мана шу ўрнаклар олинади, ўша даврларга хос бўлган умумий тарз ёки урф-одатлардан эмас. Зеро, бир неча асрлар олдин нафақат Шарқ, балки Ғарбда ҳам аёлларга паст тоифа сифатида қаралган, у ерларда ҳам ҳуқуқлар бузилган. Ҳатто бугунги кунда Европа марказидаги мусулмон оиладаги муносабатлар билан Афғонистоннинг чекка қишлоқларидаги оилани солиштириб бўлмайди.  

Худди шу мантиқ билан бир неча йил олдинги араб урф-одатларидан исломий яшаш тарзига андоза олиш ҳам тўғри бўлмайди. Юқорида айтганимдек, бу ерда ўлчов ва қадриятлар тўғридан тўғри мафкурадан, рухсат берилган эркинликлар ва энг намуна даврдаги муносабатлардан олинади.

Даврлар ўзгарди, инсоният ўсди. Инсоният эски даврдан турмуш тарзи ва урф-одатларни мерос қилиб, қадрият санашга мажбур эмас. Ҳар қандай янги мафкура бир онда бутун жамиятнинг яшаш тарзини ўзгартира олмайди, шундай экан, маълум давргача сақланиб қолган баъзи урф-одатлар ва қарашларни биз дин сифатида тушунмаслигимиз керак. Юқоридаги гаплардан хулоса қилиш мумкинки, Исломнинг энг яхши даврларида аёллар ўта фаол бўлишган ва бунга ҳеч қандай тўсиқ бўлмаган. Барчамиз учун маълум бўлган шарт ва талаблар асосида аёлларнинг жамиятда фаолликлари таъминланган. Уларнинг ҳуқуқлари энг жиддий масаласи сифатида доим кўтарилиб, ечиб келинган.

Исломнинг дастлабки даврларидаги ўрнаклардан шуни англаш мумкинки, аёлнинг ҳуқуқлари қай даражада таъминланганига қараб, эркакларнинг кучига, савиясига баҳо беришимиз мумкин. Эркаклар ақлли, ўқимишли, савияли, ўз ҳақларини биладиган аёллар билан муносабат ўрната оладиган даражада кучли бўлиши лозим. Балки ўша саодат йилларида ёки юртимизда илм-фан тараққий топган асрлардаги эркакларнинг савияси жамиятда аёлларнинг зеҳнини, фикрларини қабул қила оладиган, уларни ҳимоя қила оладиган даражада юқори бўлгани учун аёллар фаол бўлган, биз жамиятда аёлларни кўтара оладиган салоҳиятимиз йўқлиги учун уларни уйга қамаётгандирмиз? Менимча, аёлларнинг ҳуқуқларини тўлиқ ва адолатли таъминлаган эркак энг кучли эркакдир, аксинча эмас. 

Умуман, Исломда эр ва хотин, раҳбар ва ишчи, ҳоким ва фуқаро муносабатларида ҳеч қачон бирор тоифани юқори қўймайди, шунчаки вазифалар тақсимлашда ўртадаги фарқларга эътибор берилади, холос. Адолат нуқтайи назаридан эса, бундай муносабатларнинг барчаси «инсон ва инсон ўртасидаги» муносабат сифатида қаралади, яъни тенг ҳуқуқлар таъминланиши шарт.

Бу танганинг бир томони.

Энди, ўша флешмобчилар Ўзбекистондаги аёллар ҳуқуқлари ҳақида бонг урар эканлар, мавжуд ҳолатни мана шу эскирган шарқий қадриятларга боғламасликлари керак.

Сизга савол, нима деб ўйлайсиз, эрининг зулмига, калтакларига чидаб келаётган аёл нима учун шундай қиляпти? Эрига итоат қилса жаннатга кириш учунми? Ёки динда, урф-одатларимизда эр ёки қайнонанинг барча зулмларига чидаш кераклиги норма экани учунми? Йўқ. Аслида ундай эмас.

У оқибатидан қўрқади. Бир аёлнинг эрининг зулмларига чидаб келиши унинг аҳмоқлигидан, қолоқлигидан эмас, бу қарор, бу сабр аслида мавжуд ҳуқуқсизлик ва шароитларда энг рационал ечим бўлгани учун шундай қилади. Ҳолатга ғоявий, мафкуравий, маънавий тус бериш энг осон йўл — насиҳат қилинади, ота-боболаримиздан мисоллар келтирилади, етим болалар ҳақида ривоятлар айтилади, тамом. Аслида, муаммонинг тубида ҳуқуқсизлик ётганини, аёлни мана шу таҳқирларга чидашга мажбур қилаётгани нариги дунёдаги дўзахдан эмас, ажралишдан кейинги ҳаётдан қўрқишидан эмасми? Ёки келинга зуғум ўтказаётган қайнона ёки эр, бу ҳуқуқни дин ёки урф одатлардаги ҳуқуқлардан эмас, балки келиннинг барибир, сабр қилишдан бошқа иложи йўқлигини билганликларидан олмаяптиларми?

Бир тасаввур қилинг. Бояги флешмобларнинг айтганини қилиб, ураётган эридан ажрашиб олди. Уни нима кутади? Аввало, аксарият ҳолларда ота уйига сиғмайди, бу — бир. Ажрашишлар кўпинча дастлабки 5–10 йилда рўй беришини ва суд фарзандларни онага беришини эътиборга олсак, унинг қўлида вояга етмаган болалари бўлади. Фарзанд билан кейинги турмушга чиқиш эҳтимоли бир неча баробар камайиб кетади. Натижада, у болаларини кимгадир ташлаб ишлагани чет элга кетиши ёки шу ерда молиявий қийинчиликлар остида яшашга мажбур.

Энди, ҳеч қаерда ўқимаган, хўп, ўз ҳуқуқларини билмайдиган, бечора муштипар аёл сифатида эмас, ўз ақлингиз билан жавоб беринг, қайси йўл яхши? Мавҳумлик қучоғидаги мустақил ҳаёт ёмонми ёки ҳафтада икки марта калтаклаб турадиган эрми? Аёлга мустақиллик, эркинлик ва вариант таклиф қилаётганда, менимча, ўша қарорнинг ортидан келадиган муаммоларни ҳам ечишга эътиборни кўпроқ қаратиш лозим.

Бир қатор асосий тезисларни келтириш мумкин.

Марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари агар сизда қиз ва ўғил бўлса-ю, молиявий аҳволингиз фақат улардан биттасини ўқитишга етса, қиз фарзандингизни ўқитиш кераклигини маслаҳат берганлар. Қаранг, гўёки аёлларни уйга қамаш, ишлатмаслик «тарғиб қилинадиган» Ислом олими аввало қизларнинг касб қилиши муҳим эканини айтгандилар. Чунки турмушда ҳар қандай шароит бўлади — ўқимаган йигит кўчадан нонини топади, Россияга бориб ҳам пул топиши мумкин, лекин аёлларимизни касбсиз, билимсиз қолдириш оқибати ёмонроқ.

Шу томондан қараганда, юртимизда қизларнинг ўз танлаган касблари учун таҳсил олиш шароити яхши эмас, назаримда. Оддий мисол, жуда кўп ўқув даргоҳлари марказлашган ва асосан Тошкентда. Ҳамма ҳам бошқа шаҳарга қизини ўқитгани юборавермайди. Чекка шаҳар ёки вилоятларда эса, чекланган йўналишларда таҳсил олиш мумкин, холос. Аёлларга боғлиқ ҳуқуқсизликлар кўпроқ чекка жойларда кўпроқ эканига эътибор берсак, аёлларда муқобил ҳаётнинг ўзи йўқлигини кўрамиз.

Иккинчиси. Ажримларда аёлларнинг ҳуқуқлари таъминланмайди. Аксарият ҳолатларда эридан чиққан жувон уйсиз, кўчада қолади. Бунинг устига, юқорида айтилганидек, болаларнинг асосан онада қолиш тажрибаси, аёлнинг иккинчи турмуш имкониятини ҳам, меҳнат қилиш учун шароитини ҳам чеклаб қўяди. Менимча, судлар ҳар бир ҳолатга хос ёндашишлари ва ечим беришлари мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳолатидан қатъи назар, болаларни аёлга бериб, эркак билан арзимаган алимент билан боғлаб қўйиш, аёлни камситади, озгина пул учун гадойга ўхшаб сарғайиб юришига сабаб бўлади, холос.

Шу каби, жуда кўп йўналишларда тадқиқот олиб бориш ва аёлнинг жамиятимизда тутган ўрнини оширишда, ҳуқуқларини тиклашда кўпроқ меҳнат қилиш зарур.

Аёл кишининг ўқиб билим олиш имконияти чекланган. Аёл кишининг иккинчи турмуш қуриш эҳтимоли жуда паст. Аёл киши касб-ҳунар ўрганишда тўсиқларга дуч келади. Аёлнинг ота-онасидан каттароқ мерос олиш ҳаққи ҳам амалиётда деярли йўққа чиқарилган. Аёл аввал отасининг ўғилга мерос қоладиган уйида, кейин эса, эрининг қайнотасидан мерос қолган уйида сиғинди бўлишга мажбур. Ҳеч қайси уйда ёки мулкда тўлиқ ҳаққи бўлмайди. Биз уларни аввал бирор бир мулкка эгалик ҳуқуқидан, кейин эса, ўшандай мулкка ўз билими ва касби билан эришиш имкониятидан ҳам маҳрум қилганмиз. Айнан сабр қилиши, чидаши, сас чиқармаслиги учун.  

Бир аёлни ўраб турган шунча юк ва шартлардан кўз юмган ҳолда, уларга шунчаки, «ўз қадрингни бил», «эрингга хизматкор эмассан», «ажрашиб, мустақил ҳаёт сари қадам қўй!» каби баландпарвоз кўрсатмалар билан уларни бахтли қилиб қўйиш мумкинми? Анча чуқур ва тизимли бўлган муаммони фақатгина аёл ўз қадрини билмасликдан ёки диний қадриятлардан келиб чиқаётганини иддао қилиш масалага саёз ёндашиш эмасми?

Бир латифа бор. Бироз тескари маънода бўлса-да, мантиқан тушади. Бир ерда хотинидан қўрқадиган эркаклар сафдан бир қадам олдинга чиқишини сўрашибди. Ҳамма бир қадам олдинга чиқса, бир эркак жойида турганмуш. Ана, қўрқмас эркакни топдик, деб саволга тутишса, «хотиним жойингдан жилма, деб кетганди», дермиш.

Ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан аёллар аслида у қадар жабр чекмаганлар, уларнинг шу ишга жазм этганликларининг ўзиёқ, ўзига яраша ҳақ ва ҳуқуқларини танишларини кўрсатиб турибди. Ҳақиқий мазлумлар эса бошқа. Уларни кўрмайсиз. Улар эрларидан қўрққанликлари учун, аниқроғи, оиласини йўқотиб, кўчада қолишни истамаётганликлари туфайли, жим юришга мажбурлар. Уларни қўрқитадиган оқибатларга қарши курашмас эканмиз, танлов учун вариантларни тақдим этмас эканмиз, барибир, ўша қафасни афзал кўраверадилар. Бу янада оғирроқ.

Қулларни озод қилиб, кўчага ҳайдаш билан уларнинг муаммоси ҳал бўлиб қолмайди.  

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид