Иқтисодиёт | 12:06 / 09.11.2023
18421
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ИҲТ доирасида савдони соддалаштириш тўғрисида битим қабул қилишга чақирди

“Афсуски, имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар кутилган самарани бермаяпти. Тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолмоқда. Бу ҳолатларни очиқ тан олишимиз ва уларни ижобий томонга ўзгартириш учун вазиятга янгича қараш билан ёндашиш керак”, – деди президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги нутқида аъзо давлатларнинг транспорт, энергетика, экология ва туризм соҳасидаги ҳамкорлиги мустаҳкамланаётганини қайд этди.

“Бундан роппа-роса икки йил олдин Ашхобод шаҳрида ташкилотимизнинг 15-саммитини муваффақиятли ўтказган эдик. Туркманистондаги йиғилишимизда қабул қилинган муҳим қарорлар тузилмамиз фаолиятига янги нафас олиб кирди.

Ташкилотни ислоҳ қилиш ва унинг самарадорлигини ошириш, халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, транспорт вазирларимиз қабул қилган Тошкент декларациясининг муҳим аҳамиятини алоҳида қайд этмоқчиман.

Боку шаҳрида Тоза энергия марказини ташкил этиш ва минтақавий электр энергияси бозорини яратиш масаласи бўйича амалий ишлар қилинмоқда. Экология соҳасида юқори даражадаги мулоқот платформаси тузилди. Туризм ҳамкорлигини янада кенгайтириш мақсадида биринчи бор Ташкилот туроператорлари тармоғи яратилди ва Хавфсиз туризмни ривожлантириш дастури тасдиқланди”, – деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев ИҲТ ўз олдига қўйган вазифалар ижросини сарҳисоб қилишга чақириб, қатор таклифларни илгари сурди.

“Ўзбекистон ташкилотимизнинг асосий ҳужжати бўлган “Истиқболлар – 2025” ижросини сарҳисоб қилишни қўллаб-қувватлайди. Ҳозирча ишга солинмаётган катта имкониятларнинг чуқур таҳлили асосида ташкилотимизнинг келажакдаги устувор соҳа ва тармоқларини белгилаб берувчи “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концептуал ҳужжатини ишлаб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз.

Ушбу муҳим ҳужжатда қуйидаги асосий йўналишларга эътибор қаратиш лозим.

Биринчидан, ўзаро савдони рағбатлантириш. Ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги савдо кўрсаткичи 85 миллиард долларни ташкил этди. Бу ташкилотга аъзо давлатлар умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизи демакдир. Афсуски, имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар кутилган самарани бермаяпти. Тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолмоқда.

Бу ҳолатларни очиқ тан олишимиз ва уларни ижобий томонга ўзгартириш учун вазиятга янгича қараш билан ёндашиш керак. Шу муносабат билан экспертларимиз томонидан ишлаб чиқилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишга чақираман.

Ушбу ҳужжатда товар ва хизматлар савдосини енгиллаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, божхона, фитосанитария ва ветеринария тартиб-қоидаларини рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу чора-тадбирлар орқали 2035 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмларини камида икки баробар кўпайтириш мумкин”, – деди Ўзбекистон президенти.

Мавзуга оид