Жамият | 22:36 / 24.11.2022
22084
5 дақиқада ўқилади

Пул бўлмаса, стела қуриш нега керак эди? Пахтаобод ҳокимлиги қурувчининг пулини 3 йилдан бери бермаяпти

Иккита стела ва учта маъмурий бино қурган қурувчи жами 758 млн сўм ҳақини ололмаяпти. Ҳоким ўринбосари мухбирни қабул қилишни истамади, молия бошлиғи ўринбосари эса тадбиркорнинг ўзини айблади. Қарз қайтарилмаётганига сабаб қилиб қарз миқдори катталиги, туман бюджетида бунча пул йўқлиги айтиляпти.

Фото: Kun.uz

Kun.uz таҳририятига Андижон вилояти Пахтаобод туманида фаолият кўрсатувчи “Пахтаобод қурилиш сифат” МЧЖ томонидан туманда амалга оширилган қурилишлар учун ҳокимлик томонидан маблағ тўлаб берилмаётгани тўғрисида мурожаат келиб тушди. Ҳолатни ўрганган Kun.uz мухбири қурувчи ва мутасаддилар билан суҳбатлашди.

Маълум бўлишича, корхона 2019 йилда 2 та объектда шартнома асосида ва 3 та объектда оғзаки келишув билан қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб борган. Лекин шартномага мувофиқ ишлар бажарилгач, белгиланган маблағлар корхонага тўлаб берилмаган.

Жумладан, Маданият йўлида жойлашган стела учун 350 млн сўм, Қорадарё соҳилидаги стела учун 275 млн сўм, Қабулхона биноси учун 60 млн сўм, Оила маркази биноси учун 38 млн сўм, ҳарбий қисм биноси учун 35 млн сўм – жами 758 млн сўм маблағ шу пайтгача тўлаб берилмаган.

Бажарилган ишлар учун маблағ тўлаб берилмаётгани ортидан МЧЖ ўз ишчиларига ойлик маош тўлашда, янги қурилишларни амалга оширишда муаммоларга дуч келмоқда.

Абдурашид Зокиров

“Кейинроқ шартнома имзоланади, деб оғзаки келишув асосида иш бошлаб, тугатиб берганмиз. Лекин шартнома асосида қилинган ишларимизга ҳам тўловларни тўлиқ қилиб бермаган. Оғзаки ва ёзма мурожаатлар қилдик. Ҳеч қандай ечим бўлмаяпти. Ҳоким ва унинг ўринбосарларига, прокуратура ва молия бўлими бошлиқларига мурожаат қилганмиз, натижа бўлмади.

Бу ўз навбатида ишимизга таъсир кўрсатмоқда. Бизга таъминотчилар етказиб берган нарсалари учун пулларини талаб қилишмоқда. Шунча вақтдан бери уларнинг олдида ҳам ёлғончи бўлиб қолганмиз. Бундан ташқари, 50 дан ортиқ ишчиларимиз бор. Уларнинг қора қозони қайнаши ҳам керак-ку?! Ишни қилиб бўлган бўлсак ҳам пулимизни беришмаса, буни қандай тушуниш мумкин?” – деди МЧЖ раҳбари Абдурашид Зокиров.

Қурувчи томонидан фойдаланишга топширилган стела
Қурувчи томонидан фойдаланишга топширилган стела

Қурувчига нима учун маблағ ўз вақтида ажратилмагани ва қачон тўлаб берилишини билиш учун туман ҳокимлигида бўлдик. Аммо туман ҳокими мажлисда эканини айтишди. Бу масалага бевосита алоқадор бўлган ва ушбу қурилишлар даврида туман молия бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган, ҳозирда ҳокимнинг биринчи ўринбосари Отаулло Расулов мухбирни қабул қилишни истамади. Хонасида бўлишига қарамай, саволларга жавоб беришдан бош тортди.

Маблағлар эса қандай тартибда тўланиши ҳали ҳам аниқ эмас. 2019 йилда туман орттирилган бюджет маблағларидан тўлаб бериш кўзда тутилган, бироқ бу пуллар бошқа мақсадларда ишлатилган.

Пахтаобод тумани ҳокимлиги

Туман молия бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Асрор Долимов эса мухбир саволларига “Тадбиркор пулини олмасдан қурилиш ишларини амалга оширмаслиги керак эди, нега пулни олмасдан қуради?” мазмунида жавоб берди.

“Ҳақиқатан ҳам тадбиркор туманда ишларни бажарган. Оғзаки топшириқ ва шартномага асосан туман кириш қисмларига стелалар ҳам қуриб берган. Йил давомида бюджет параметрларида пул ажратиш режалаштирилмаяпти. Сабаби – маблағ катта. Айримларини қисман тўлаб берганмиз. Қолганини қилиб бера олмаяпмиз. Бу йил ҳам бюджет маблағларида етарли пул бўлмагани сабабли қўя олмадик. Маблағларни йил якунигами ёки янги йил бошигами қисман қилиб беришимиз мумкин. Тўлиқ қилиб бера олмаймиз”, – деди Асрор Долимов.

Асрор Долимов

Тадбиркорнинг ўзини айблаган молиячи, бу масала юзасидан мухбир билан кўришишни ўзига эп кўрмаган ҳоким ўринбосари ва ҳамон тўлаб берилмаётган маблағлардан кўриниб турибдики, Пахтаобод туманида бошқача қонун-қоидалар ҳукм суради.

Қурувчи ўз ишини бажариб, 3-4 йил пулини ололмасдан маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари ортидан югуриб юриб сарсон бўлиши ва алал оқибат ўз маблағини суд орқали ундиришга мажбур бўлиши ачинарли, албатта. Тадбиркор даъвогар бўлиб, туман ҳокимиятини судга бериши уятли ҳол бўлиши керак.

Ўйлаймизки, иш судгача бориб етмайди. Тадбиркорга бажарган ишлари учун маблағ тез фурсатларда тўлаб берилади ва унинг саргардонлиги ниҳоясига етади.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид