Ҳоким–фермер низолари тез-тез учраб туради, кўплаб фермерлар охиригача бориб ўтирмай, қўл силтаб қўя қолади. Лекин Қашқадарёнинг Нишон туманидаги “Бобур” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Қўлдошев ҳақида бундай деб бўлмайди. У тортиб олинган ерини қайтариш учун 2019 йилдан бери судма-суд югуряпти.

Ўтган ойда Human Rights Watch халқаро нодавлат ташкилоти Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги ҳолат ҳақида “Фермерларда эркинлик йўқ” номли ҳисобот эълон қилган эди. Ҳисоботда, жумладан, шундай дейилади:

Ҳокимлик томонидан ерининг тортиб олинишига қарши судга даъво аризаси билан мурожаат қилган фермерлар Ўзбекистон судларида камдан кам ҳолларда адолат топа олади. Топган тақдирда ҳам, маҳаллий амалдорлар ерни фермерга қайтариш тўғрисидаги қарорларни деярли ижро этмайди”.

Қашқадарё вилояти Нишон туманидан Kun.uz'га мурожаат қилган “Бобур” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Қўлдошев – ана шу реал вазиятнинг яна бир мисоли.

У қарийб 7 йилдирки адолат излаб судма-суд югуради. 2019 йилда 106 гектар ерини Нишон туманининг ўша пайтдаги ҳокими Мухтор Ҳайитмуродов ноқонуний равишда тортиб олган.

Фермер кейинчалик суд орқали ҳуқуқларини тиклашга эришган, лекин уни олдинда ҳали янги синовлар кутаётган эди.

Судма-суд саргузаштлар. 1-қисм

Нишон тумани ҳокимининг 2019 йил 23 январдаги қарори билан, “Бобур” фермер хўжалигига пахта ва ғаллачилик учун қарийб 106 гектар ер ажратилган. Орадан 4 ой ўтиб, туман ҳокимининг 2019 йил 24 май кунги қарори билан бу ерлар яна туман захирасига қайтарилган.

2019 йил июн ойида ҳоким бу ерларни бошқа иккита юридик шахсга ажратиб берган. Улардан бири – “Nishan Chicken’s” МЧЖ ХКга 36 гектар ер берилган.

“Бобур” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Қўлдошев бу қарорлардан норози бўлиб, судга арз қилган. Нишон туман маъмурий судининг 2019 йил 20 ноябр кунги ҳал қилув қарори билан, туман ҳокимининг 105 гектарни захирага қайтариш ва бу ерларни бошқа иккита юридик шахсга ажратиб бериш ҳақидаги қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган.