Ўзбекистон | 18:31 / 26.01.2026
7570
2 дақиқада ўқилади

Ҳокимлар январ ойида 400 га яқин қарорни асоссиз яширгани маълум бўлди

Йил бошидан бери Ўзбекистондаги ҳокимлар 386 та қарор ва фармойишни E-qaror тизимида асоссиз равишда яшириб, жамоатчиликка кўринмайдиган тарзда қабул қилган. Аксилкоррупция агентлиги ҳокимликларга тақдимнома киритиб, асоссиз яширилган ҳужжатларни очиқлаш ва айбдорларни жазолашни талаб қилди.

Фото: Kun.uz

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги йил бошидан бери ҳокимлар томонидан E-qaror тизимида қабул қилинган ва жамоатчиликка очиқланмаган қарор ва фармойишларни ўрганди.

Маълум бўлишича, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан жами 1907 та қарор ва фармойиш «яширин» ёки «хизмат доирасида фойдаланиш учун» (ХДФУ) грифи билан қабул қилинган. Дастлабки ўрганишларда бу ҳужжатларнинг 386 таси асоссиз равишда яширилгани ойдинлашди.

Яширилган қарорларнинг 68 таси ташкилий тузилмани тасдиқлаш, 46 таси маблағ ажратиш, 34 таси рағбатлантириш, 156 таси лавозимга тайинлаш ҳамда 82 таси бошқа масалаларга оид ҳужжатлардан иборат.

Очиқланмаган ҳужжатлар сони бўйича энг юқори кўрсаткичлар Фарғона (67 та, 44 фоиз), Хоразм (32 та, 39 фоиз), Бухоро (58 та, 37 фоиз), Қашқадарё (41 та, 26 фоиз) ва Самарқанд (38 та, 15 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларига асоссиз яширилган 68 та қарор ва фармойишни очиқлаш ва мазкур қонунбузилишларнинг келиб чиқишига сабабчи бўлган масъул ходимларга чора кўриш юзасидан тақдимномалар киритилган.

Таъкидланишича, ҳар бир қарор ва фармойишга нисбатан белгиланган тартибда ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланиши таъминланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2025 йил 30 декабрдаги фармонига асосан, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига E-қарор тизимида қабул қилинадиган ҳужжатларни эълон қилишда очиқликни таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни қўллаш вазифаси юклатилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев

Мавзуга оид