Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яқин Шарқдаги можаронинг илк куни: Эрон, Сурия, Ироқ ва БААда қурбонлар қайд этилди
АҚШ расмийси Эронга қарши амалиёт бир неча кун давом этишини айтмоқда. Бугунги зарбалар оқибатида Эронда 50дан ортиқ одам ҳалок бўлган. БАА, Ироқ ва Сурияда ҳам қурбонлар бор. Доналд Трамп АҚШда ҳам қурбонлари бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Теҳрон / Фото: New York Times
Исроил зарбаси Эрон жанубидаги Ҳурмузгон вилоятига қарашли Минаб шаҳридаги қизлар бошланғич мактабига келиб тушди. Al Jazeera нашрининг ёзишича, ҳужум оқибатида камида 53 киши ҳалок бўлган.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ҳужум жойи суратини эълон қилиб, зарба қизлар мактабини вайрон қилгани ва «беайб болалар» ҳалок бўлганини айтди.
«Эрон халқига қарши бу жиноятлар жавобсиз қолмайди», деб ёзди Ароқчи.
Эрон давлат ахборот агентлиги вайроналарни тозалаш ишлари давом этаётганини хабар берди. Шанба кунги ҳужумда яна 63 киши яраланган. Зарба мамлакат бўйлаб амалга оширилаётган АҚШ–Исроил қўшма ҳарбий амалиётлар тўлқинининг бир қисми бўлиб, минтақада зўравонлик авж олишига сабаб бўлмоқда.
Алоҳида ҳолда, Теҳрон шарқидаги мактабга берилган Исроил зарбаси натижасида камида икки нафар ўқувчи ҳалок бўлганини хабар қилинди.
Теҳрондан хабар бераётган Al Jazeera мухбири Муҳаммад Валнинг айтишича, бу ҳужумлар АҚШ ва Исроилнинг «фақат ҳарбий нишонларни нишонга оляпмиз, режимни жазолаймиз, халқни эмас» деган баёнотларини шубҳа остига қўяди.
Эрон Қизил Яримой жамияти матбуот котиби Можтаба Халедийнинг маълум қилишича, АҚШ ва Исроил зарбалари Эроннинг 31 вилоятидан 20 тасига таъсир кўрсатган.
«Қизил Яримойнинг барча ёрдам базалари, тез ёрдам жамоалари, вайроналарни тозалаш гуруҳлари, қидирув-қутқарув бўлинмалари ва тиббий хизматлари тўлиқ шай ҳолатда,» деди у. «Одамлар зарба жойларидан камида 100 метр узоқликни сақлаши ва у ерларга тўпланмаслиги керак».
Сурия ва БААда ҳам қурбонлар бор
Шанба куни Эрон ракетаси Сурия жанубидаги Сувейда шаҳридаги бинога келиб тушиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, яна бир неча киши яраланган. Бу ҳақда Сурия давлат ахборот агентлигига таяниб, New York Times ёзмоқда.
Гувоҳлар ва маҳаллий аҳоли тарқатган видеоларга кўра, ракета парчалари жанубий Суриядаги Қунайтира шаҳри ва Дараа вилоятидаги Ярмук ҳавзаси ҳудудига ҳам тушган.
Reutersʼнинг ёзишича, Бағдод жанубидаги ҳудудга берилган ҳаво зарбаларидан кейин камида тўртта портлаш содир бўлган. Бунинг ортидан Ироқдаги қуролли гуруҳлардан бирининг камида икки нафар жангчиси ҳалок бўлди, яна уч нафари оғир яраланди. Шунингдек, эҳтимолий қурбонларни аниқлаш бўйича қидирув ишлари давом этмоқда.
«Ҳашд аш-Шаъбий» номи билан танилган бўлиб, асосан шиалик ҳарбийлашган гуруҳлардан ташкил топган кенг қамровли тузилма ҳисобланади. У расман Ироқ давлат хавфсизлик кучлари таркибига интеграция қилинган ва таркибида Эронга яқин бир нечта гуруҳлар ҳам мавжуд.
Шанба куни АҚШ ва Исроил Эронга зарбалар берганидан сўнг, Сурия осмонида ҳарбий самолётлар овози бир неча бор эшитилган. Одамлар Дамашқ осмонида ўнлаб тутувчи ракеталар кўринганини билдирган.
Эрон жавоб тариқасида минтақадаги АҚШ ва Исроил базаларига зарба беришни бошлаган. Бунинг оқибатида Бирлашган Араб Амирликлари Абу-Дабида бир киши ҳалок бўлганини хабар қилди, аммо қўшимча тафсилот бермади.
Қувайт, Қатар, БАА ва Иордания эса Эрон ракеталарини уриб туширилганини маълум қилди. Баҳрайн эса ўз ҳудуди ичида ҳужум бўлганини тасдиқлаб, АҚШ Бешинчи флоти хизмат кўрсатиш маркази нишонга олинганини билдирди.
Қатарда эса ҳарбийлар баёнотига кўра, «қўшма мувофиқлаштириш» натижасида мамлакат ҳудудига етиб келишидан олдин Эрон ракеталари уриб туширилган. Қатар пойтахти Доҳада кетма-кет бир нечта портлашлар эшитилган.
Трамп АҚШда ҳам қурбонлар бўлиши мумкинлигини айтди
Америка Эронда «йирик жанговар амалиётлар»ни бошлаганини билдирган президент Доналд Трамп АҚШда ҳам қурбонлари бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Трампнинг айтишича, зарбалар Эрон ракеталарини йўқ қилиш ва унинг ҳарбий-денгиз кучларини бутунлай маҳв этишга қаратилган.
«Жасур америкалик қаҳрамонлар ҳаёти йўқотилиши мумкин, қурбонлар бўлиши мумкин – бу урушда тез-тез содир бўлади. Аммо биз буни бугун учун эмас, келажак учун қиляпмиз. Бу шарафли миссия», деди Трамп.
Бу Трамп ўтган йили Оқ уйга қайтганидан бери АҚШнинг Эронга қарши иккинчи бор зарба беришидир. Биринчи ҳужум ўтган июнь ойида бўлиб, Вашингтон Эрон ядровий объектларига қатор зарбалар берган эди. Шанба кунги зарбалар, аввалгисидан фарқли равишда, бир неча кун давомида амалга оширилиши кутилмоқда, деди америкалик расмий.
Трамп мурожаатида Эрон Инқилобий гвардияси аъзолари ва қуролли кучларига қуролни ташлашни таклиф қилди ва уларга дахлсизлик ваъда қилди. Унинг айтишича, иккинчи вариант — «муқаррар ўлим».