Ўзбекистон | 12:09 / 07.08.2024
13637
2 дақиқада ўқилади

Сардор Эргашев Тошкент тумани ҳокими этиб тайинланди

У Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Тошкент вилоятида халқ депутатлари Тошкент тумани кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди.

Туман ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Одил Рустамов йўл қўйган бир қатор камчиликлари учун лавозимидан озод қилинган эди. Зойир Мирзаев Тошкент тумани ҳокими лавозимига Сардор Эргашев номзодини тавсия қилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиққанлар, туманда вазиятни яхшилаш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Халқ депутатлари Тошкент тумани кенгашининг қарори билан Сардор Эргашев Тошкент тумани ҳокими этиб тайинланди.

У 1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти - олий, 2011 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, 2023 йилда Тошкент архитектура-қурилиш университетларини тамомлаган.

У фаолияти давомида Тошкент тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – туман иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи ҳамда президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Маълумот учун, жорий йилнинг июл ойи ўрталарида Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича видеоселектор йиғилиши давомида 9 та туман ва бир шаҳар ҳокими ишдан олинганди.

Хусусан, Қораўзак, Тахиатош, Учқудуқ, Тошкент, Фурқат, Гурлан, Мирзаобод, Янгиариқ, Мингбулоқ туманлари, Ғозғон шаҳри ҳокимлари лавозимидан олинган, 28 та туман-шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилган.

Мавзуга оид