Ўзбекистон | 14:24 / 08.04.2026
3088
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон АҚШ ва Эрон ўртасида тузилган сулҳни олқишлади

Ўзбекистон ТИВ Покистон воситачилигида Яқин Шарқда ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва сулҳ ўрнатилиши эълон қилинганини олқишлади. «Бу кескинликни юмшатиш ва мақбул ечимларни топишдаги муҳим қадамдир», дейилади баёнотда.

Фото: Ўзбекистон ТИВ

Ўзбекистон Покистон раҳбарияти воситачилигида Яқин Шарқда ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва сулҳ ўрнатилиши эълон қилинганини олқишлайди, деб хабар бермоқда мамлакат ТИВ.

«Мазкур саъй-ҳаракатларни кескинликни юмшатиш, сиёсий-дипломатик мулоқот ва ўзаро мақбул ечимларни топиш учун шароит яратиш йўлидаги муҳим қадам деб ҳисоблаймиз», – дейилади баёнотда.

Ўз навбатида, Ўзбекистон «барча томонларни вазмин бўлишга, вазиятнинг яна кескинлашувига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга, шунингдек, тинчлик ва барқарорликка эришиш мақсадида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга» чақирди.

Қайд этилишича, «Ўзбекистон можароларни фақат тинч йўл билан, БМТ низоми тамойилларига мувофиқ қатъий равишда ҳал этиш зарурлиги тўғрисидаги ўзгармас позициясини тасдиқлайди».

  • 8 апрелга ўтар кечаси АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан икки ҳафталик сулҳ тузилганини эълон қилди. У Эрон томони Ҳўрмуз бўғозини зудлик билан очишга рози бўлганини айтган. Ўз навбатида, Теҳрондагилар сулҳга розилигини расман тасдиқлади ва мамлакат «буюк ғалабага эришгани» ҳамда «жиноятчи АҚШни ўзининг 10 бандлик режасини қабул қилишга мажбур этганини» эълон қилди.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид