Эрон Ҳўрмуз бўғозини блоклашни давом эттирмоқда

Жумага ўтар кечаси (Вашингтон вақти билан пайшанба куни) АҚШ президенти Доналд Трамп Trith Social ижтимоий тармоғида давомли постлар эълон қилиб, Эронни икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш келишувини бузишда айблади.

«Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали нефт ўтишини таъминлаш масаласини жуда ёмон – ҳатто инсофсизларча деса ҳам бўлади – уддаламоқда. Бу биз тузган келишув эмас!» – деб ёзди АҚШ президенти.

Трамп шунингдек ўзига етиб келган маълумотларга кўра, Эрон Ҳўрмуз бўғозидан ўтаётган танкерлардан пул талаб қилаётганини айтиб, бундай йўл тутмасликни талаб қилган. «Улар бундай қилмагани маъқул, агар шундай бўлса, уларга буни зудлик билан тўхтатишни маслаҳат бераман», – деб ёзди у.

Яна бир постида эса у «тез орада Эрон ёрдамида ёки унинг иштирокисиз нефт ўта бошлаши» ҳақида гапирган, аммо бу айнан қандай рўй беришига аниқлик киритмаган.

Эрон Ҳўрмуз бўғозини кемалар қатнови учун очиши –  Трамп томонидан эълон қилинган вақтинча ўт очишни тўхтатиш режимининг асосий шартларидан биридир.

Трампнинг эълонидан кейин Ҳўрмуз бўғозидан кемалар ўтиши чекланган форматда тикланганди. Reuters агентлиги маълумотига кўра, сулҳдан кейинги биринчи куни бўғоздан нефт маҳсулотлари юкланган биргина танкер ҳамда яна бешта юк кемаси ўтказилган. AFP агентлиги аниқлашича, Яқин Шарқдаги сулҳ бошланганидан буён бўғоздан ўтган кемаларнинг жами сони 10 тани ташкил этмоқда. Бу эса урушдан олдинги давр кўрсаткичлари билан солиштирганда жуда камтарона рақамдир – урушгача жаҳондаги ташиладиган нефтнинг 20 фоизи ушбу сув йўлига тўғри келарди ва кунига ўртача 140 танкер бўғоз орқали ҳаракат қиларди.

Исроил Ливанни ўққа тутишни давом эттирмоқда

Эрон энди бўғозни яна ёпиб қўйган. Теҳрондагилар буни Исроил қўшни Ливан ҳудудини ўққа тутишни давом эттираётгани билан изоҳлаган.

Жума куни тонгда исроиллик ҳарбийлар Ливандаги 10 та ракета учириш қурилмасига зарбалар йўлланганини маълум қилди, уларнинг иддао қилишича, «Ҳизбуллоҳ» пайшанба куни шу нуқталардан Исроил шимолини ўққа тутганди. Бундан ташқари, Исроил мудофаа армияси Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ушбу гуруҳ Исроил томон учирган ракеталар тўхтатиб қолинганини билдирган. «Ҳизбуллоҳ» Исроил шимолидаги Ҳайфа шаҳридаги ҳарбий инфратузилма иншоотларини нишонга олганини маълум қилган.

Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги зарбалар алмашинуви АҚШ томонидан 8 апрел куни эълон қилинган сулҳ даврида кузатилмоқда. Сулҳнинг биринчи куниёқ исроиллик ҳарбийлар Ливан ҳудудига уруш бошидан буён энг йирик зарбаларини йўллаганди. Ливан ҳукумати маълумотларига кўра, мамлакат жанубидаги шаҳарлар ўққа тутилиши оқибатида 300 дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, мингдан ортиқ киши яраланган.