Жамият | 08:11 / 29.06.2020
3900
8 дақиқада ўқилади

Иссиқлик таъминоти хизматлари учун тарифларни шакллантириш тартиби тасдиқланади

Иссиқлик таъминоти хизматларига тартибга солинадиган нархларни шакллантириш, декларация қилиш ва белгилаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Иссиқлик таъминоти хизматларига тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Иссиқлик таъминоти хизматларига тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича, иссиқлик таъминоти хизматларига тарифларни шакллантириш ва белгилашда истеъмолчилар учун кўрсатиладиган хизматлар таннархини тўлиқ қоплаш назарда тутилади, шунингдек иссиқлик таъминоти ташкилотларини ривожлантириш, ҳамда модернизация қилиш харажатлари ҳисобга олинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2020 йил 1 сентябргача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда кўп квартирали уй-жой фондини иситиш (иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 кв.м иситиладиган майдон ҳисобида) ва иссиқ сув таъминоти учун иссиқлик истеъмоли меъёрлари, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимига уланган кўп квартирали уй-жой фондида ўтказилган инвентаризация натижалари қайта кўриб чиқилади ва тасдиқланади.

Иссиқлик таъминоти хизматларига тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияcи фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 964-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси тузилди, унинг вазифаларидан бири уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тармоқларининг табиий монополия шароитларида ишлаб чиқариладиган (кўрсатиладиган) товарлари (хизматлари) учун тартибга солинадиган тарифларни (устамаларни) кўриб чиқиш ва тасдиқлаш ҳисобланади.

Комиссиянинг ишчи органи этиб Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги белгиланган, унинг зиммасига Комиссия фаолиятини ташкилий-техник таъминлаш юклатилган.

Ташкилотлар, кўрсатилаётган Иссиқлик таъминоти хизматларига тарифларни тасдиқлаш бўйича лойиҳаларни, Низом билан белгиланадиган тартибда, Қорақалпоғистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш Вазирлиги, вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий бўлинмалар) билан келишилгандан сўнг Комиссияга тақдим этади.

Тошкент шаҳрида ташкилотлар, Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш Бош бошқармаси билан биргаликда Тошкент шаҳар ҳокимияти билан келишади.

Ташкилотлар томонидан Комиссияга киритилган кўрсатилаётган Иссиқлик таъминоти хизматларига тарифларни тасдиқлаш бўйича лойиҳаларни кўриб чиқиш ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш муддати мурожаат ва зарур ҳужжатлар Комиссияга киритилган кундан бошлаб ўттиз календарь кунини ташкил этади.

Иссиқлик таъминоти хизматлари учун тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартиби Низомга 1-иловага мувофиқ амалга оширилади.

Иссиқлик таъминоти ташкилотлари иссиқлик таъминоти хизматларини кўрсатишда ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун тарифларни асослашда қабул қилинадиган харажатларни аниқлашда Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга амал қилади.

Ташкилот декларация қилинган (тасдиқланган, белгиланган) тарифларни мустақил пасайтириш ҳуқуқига эга, бунда:

монопол паст нархларни белгилаш мақсадида тарифларни пасайтиришга йўл қўйилмайди;

тарифлар барча истеъмолчилар учун бир вақтнинг ўзида пасайтирилади ва кейинчалик нархларни тартибга солиш органига бу ҳақда хабар берилади.

Иссиқлик таъминоти хизматларига тарифлар ташкилот томонидан талаб қилинган даражадаги даромадга эришиш вазифасига мувофиқ шакллантирилади.

Тарифлар истеъмолчиларнинг ҳар бир гуруҳи (аҳоли ва улгуржи истеъмолчилар) учун алоҳида юридик шахс ҳисобланган ёки ажралиб чиққан ташкилот сифатида фаолият кўрсатадиган ташкилотлар учун алоҳида белгиланади.

Ўртача тарифлар ташкилотнинг Низом 3-бобида кўрсатилган харажатлар таркибий қисмларини ўз ичига оладиган даромадининг талаб қилинадиган даражасини иссиқлик энергиясини реализация қилиш бўйича кутиладиган ҳажмга бўлиш орқали ҳисоб-китоб қилинади.

Истеъмолчиларнинг ҳар бир гуруҳи учун турли тарифлар, улгуржи истеъмолчилар учун таннархидан келиб чиққан ҳолда, аҳоли учун – аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган қарорларга кўра белгиланиши мумкин.

Бунда, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида, аҳоли учун тарифларни давлат субсидланиши услублари қўлланилиши мумкин. Истеъмолчиларнинг барча гуруҳидан пул маблағлари тушумининг кутилаётган умумий суммаси, Низомга мувофиқ белгиланадиган, ташкилот даромадининг талаб қилинадиган даражасига эришиш учун етарли бўлиши лозим.

Ҳар бир турдаги истеъмолчилар учун тарифлар тегишли турдаги истеъмолчига етказиб берилган иссиқлик энергияси ҳажмига мос равишда қўлланилади.

Улгуржи истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар, иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш асбоблари кўрсаткичлари ва йўл қўйилган ҳолатларда шартномавий юкламалардан келиб чиққан ҳолда, 1Гкал иссиқлик энергияси (ҚҚСни ҳисобга олиб) ҳисобида белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилади.

Аҳолига иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш учун, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки профессионал бошқарувчи компаниялар томонидан сотиб олинадиган иссиқлик энергияси учун ҳисоб-китоблар, кўп хонадонли уйга киришда ўрнатилган ҳисобга олиш асбоби мавжудлигида, умумий ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичлари бўйича, 1 Гкал (ҚҚСсиз) ҳисобда аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилади.

Бунда, иссиқлик таъминоти ташкилотлари, истеъмолчилар ёки бошқарувчи ташкилотлар ўртасида уч томонлама шартнома, кўп квартирали уй бевосита мулкдорлар томонидан бошқарилган тақдирда икки томонлама шартнома тузилади.

Уч ва икки томонлама шартномалар бўйича иссиқлик энергияси учун ҳақ тўлаш, аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилади.

Иссиқлик энергиясини турар жой ва нотурар жойлар ўртасида тақсимлаш, тасдиқланган кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларига мувофиқ белгиланган тартибда бошқарувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Белгиланган тарифлар бўйича кўрсатилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун аҳолини ҳисоб-китоб қилиш:

а) 1 Гкал иссиқлик энергияси учун қўшилган қиймат солиғисиз;

б) марказий иситишга - иситиладиган майдоннинг бир квадрат метрига (сўм/кв. м/кун);

в) иссиқ сув таъминотига:

индивидуал ҳисобга олиш асбоблари бўлмаган тақдирда - бир одамга бир ойда (сўм/киши/ой);

индивидуал ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичлари бўйича, улар мавжуд бўлганда, иссиқ сувнинг бир куб метри учун (сўм/куб. м).

Аҳоли учун марказий иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун тарифлар, қуйидагилардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади:

а) 1 Гкал иссиқлик энергияси учун харажатлар таннархи;

б) 1 Гкал иссиқлик энергиясига (ҚҚСсиз) аҳоли учун белгиланган тариф;

в) иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ва ташиш учун ёнилғи, электр энергияси, иссиқлик энергияси ва сув сарфи меъёрларини ва иссиқлик юкламалари, шунингдек технологик йўқотиш меъёрларини аниқлашнинг белгиланган тартибига биноан ташкилот томондан ҳисобланган иссиқлик энергиясининг солиштирма истеъмоли.

Аҳоли учун марказий иситиш ва иссиқ сув таъминотига иссиқлик энергияси истеъмоли меъёрлари миқдори (иссиқлик энергиясининг солиштирма истеъмоли) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

Аҳоли учун иссиқлик таъминоти хизматларига тарифларни белгилашнинг тахминий ҳисоб-китоби Низомнинг 2-иловасида келтирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид