Ўзбекистон | 16:29 / 01.02.2023
31219
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев энергетикадаги муаммолар ва улар ечими ҳақида гапирди

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳрида фаоллар билан учрашиб, суҳбат қурди. Йиғилишда иқтисодиёт ўсиши, аҳоли яшаш шароити яхшиланиши билан бир қаторда, электр истеъмоли ҳам кундан кунга ошгани таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида электрга талаб 40 фоизга кўпайган. Шу сабабли охирги беш йилда 14 та электр станцияси ишга туширилди ва йиллик электр ишлаб чиқариш қўшимча 16 миллиард киловатт соатга кўпайди.

Шунга қарамай, бу йил жуда совуқ келган қиш кунларида республикада 3,1 миллиард киловатт соат (водий вилоятларида 1,1 млрд кВт соат) электр етишмовчилиги юзага келди. Жумладан, Андижонда - 384 миллион, Наманганда - 288 миллион, Фарғонада - 441 миллион киловатт соат.

Айрим кунлари аҳолининг электрга талаби бирданига 30 фоизга ошгани, кўплаб аварияларга ҳам сабаб бўлди. «Нима учун масъул раҳбарлар ўз ҳудудида етишмовчиликни қоплаш, «яшил энергия»ни жорий қилиш, тежамкорлик ҳақида ўйламаган?» - деди давлат раҳбари.

Президент бу ҳақдаги чора-тадбирларни Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари мисолида айтиб берди.

Қайд этилишича, йирик қуёш ва шамол станциялари лойиҳаларини тезлаштириш керак. Бу йил Поп ва Фарғона туманларида 600 Мегаваттли 2 та қуёш станцияси қурилади. Шунингдек, Янги Андижондаги 192 та кўп қаватли уйлар ва 6 та ижтимоий объектларни кафолатли иссиқлик билан таъминлаш учун 20 Мегаватт қувватли кўмирда ишлайдиган когенерация лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу станция иссиқлик билан бирга йилига 80 млн кВт соат электр энергия ишлаб чиқаради. Унинг 1-босқичи жорий йил декабрда ишга тушади.

Водий вилоятларида 160 Мегаваттли қуёш панеллари ва 100 та микро ГЭСлар қурилади. 1 июлга қадар тадбиркорлар жалб қилиниб, Андижонда 41 та, Наманганда 32 та ва Фарғонада 27 та микро ГЭС қуриш бошланади. Бу ишларни жойларда тўғри ташкил этиш, масалаларни ҳал қилиш учун вилоят ҳокимларининг 1-ўринбосарлари масъул бўлади ва ҳамма ишлардан озод қилинади. Уларга республика банк раҳбарлари бириктирилади.

Ижтимоий соҳа объектларида «қуёш энергияси»дан фойдаланиш учун алоҳида компания ташкил этилади. Унга 200 миллион доллар маблағ берилади. Компания қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларини ўзи ўрнатади ва «яшил энергия»ни бюджет корхонасига сотади. Шунингдек, бу соҳа даромадлилигини тадбиркорларга тушунтириб, уларни жалб қилиш керак. Кичик қуёш панелидан олинадиган 1 киловатт-соат электр энергия таннархи ўртача 450 сўм, бюджет ташкилотига 800 сўмга сотиш мумкин.

Йирик корхоналарда ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари ўрнатилади. Водийда 1 минг 408 та йирик корхона мавжуд. Умуман, водийдаги йирик корхоналар ўзининг электр эҳтиёжини 100 фоиз ўзи таъминлашга ўтказиш вилоят ҳокимлари, Энергетика вазирлиги ва тармоқ раҳбарлари учун устувор вазифа бўлиши керак. Саноат корхоналарида қуёш панеллари ўрнатиш ва кичик станциялар қуриш учун халқаро молия ташкилотларидан 2 миллиард доллар жалб қилиш чоралари кўрилади.

Мавзуга оид