Ўзбекистон | 18:38 / 01.07.2021
24415
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдаги заводда ёнғин чиқиши оқибатида бир киши вафот этди

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги «Шўртаннефть ва газ қазиб чиқариш» заводида ёнғин юз бериши оқибатида бир ишчи ҳалок бўлиб, икки киши жароҳатланди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «Шўртаннефт ва газ қазиб чиқариш» заводида юзага келган вазият тўғрисида расмий маълумот берди.

«Бугун, 1 июль куни соат 13:05да Қашқадарё вилояти Ғузор тумани “Қоракўл” МФЙда жойлашган “Шўртаннефт ва газ қазиб чиқариш” бошқармасига қарашли пропан-бутан аралашмасини олиш цехида ёнғин содир бўлган.

Ҳолат юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда “Шўртаннефтгаз” МЧЖ, “Шўртангазкимё” мажмуасининг 10та ёнғин қутқарув экипажи зудлик билан воқеа жойига етиб борган. Қутқарувчилар томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин тўлиқ бартараф этилган. Аммо, ушбу ҳодиса оқибатида корхонада фаолият юритган 1 нафар фуқаро вафот этган. Шунингдек, цехнинг 2 нафар ишчи-ходими енгил тан жароҳати олиб, уларга амбулатор тиббий ёрдами кўрсатилган ҳамда уйига жавоб берилди», дейилади вазирлик хабарида. 

Ёнғиннинг сабаби ва моддий зарари аниқланмоқда.

Ҳозирги вақтда ёнғинни бартараф этиш мақсадида тезкорлик билан «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси бошчилигида ишчи гуруҳ ташкил этилган ва авариявий ҳолатни бартараф этиш ишлари олиб борилган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид