Жаҳон | 14:10 / 01.01.2026
9203
6 дақиқада ўқилади

Украинадаги уруш: Россия мақсадларидан чекиняптими?

Урушни тўхтатиш бўйича музокаралар давом этаркан, айрим таҳлилчилар фикрича, ҳам фронтдаги, ҳам иқтисодиётдаги вазият бир бўлиб Россияни бир қатор амбицияларидан воз кечишга мажбур қилмоқда. Лекин бу мулоҳазага қарши фикрлар ҳам бор. Айни мавзу Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида баҳсни келтириб чиқарди.

Зеленский Донбассдан ҳар икки томоннинг қўшинларини олиб чиққан ҳолда, эркин иқтисодий зона ташкил этиш масаласини референдумга қўйишга тайёрлигини айтди. Лекин референдумнинг Россияни қониқтирмайдиган натижа билан тугаши эҳтимоли бу ташаббусга РФнинг муносабатини сўроқ остида қолдирмоқда.

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Россиянинг амбициялари ўзгариб бораётгани ёки йўқлиги ҳақида сўз юритди.

Шуҳрат Расул: Бутун уруш давомида Россия талаблари динамикаси муттасил ўзгариб борди. Дастлаб 2022 йил март ойида Истанбулда илгари сурилган талаблардан бугун деярли ҳеч нарса қолмади. Россия урушни бошлаш арафасида, хусусан, уруш бошланган куни Путиннинг машҳур “махсус операция мақсадлари” ҳақидаги нутқини эслайлик: у ерда Украина давлатчилиги йўқ қилиниши айтилган эди. Аммо Украина давлатчилиги йўқолмади.

“НАТОнинг шарқий блокидан ҳамма чиқиб кетади” деган талаблар ҳам ўзини оқламади – ҳеч ким у ердан чиқиб кетмади. Аксинча, икки кун олдин Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Рябковнинг ўзи Европа Иттифоқига мурожаат қилиб: “Агар хоҳласангиз, Европа ва Европа Иттифоқига ҳужум қилмаслик мажбуриятини конституциямизга киритиб қўямиз”, деди. Ҳолбуки, айнан шу Рябков аввалроқ НАТОдан 1997 йилги чегараларгача инфратузилмани олиб чиқишни талаб қилган эди. Бугун эса Россия бу талаблардан бирортасини ҳам кун тартибига қўяётгани йўқ.

Россия ҳатто “тўртта вилоятни қўшиб олдик, Херсон ва Запорожени тўлиқ маъмурий чегаралари билан берасизлар” деган талабларни ҳам бекор қилди. Бошқача айтганда, Россия илгари суриб келган гўёки капитуляцион талаблар трансформацияга учраб, ҳозир Украина ва Европанинг позициясига анча яқинлашди. Ҳозирча асосий тортишув тахминан 20 фоиз ҳудуд масаласи атрофида кетяпти.

Бундан ташқари, яна икки-учта позиция мавжуд. Катта эҳтимол билан, биз доим айтиб келганимиздек, ҳозир “мустаҳкамлик пойгаси” кетмоқда: қайси давлатнинг ички ресурслари ва чидамлилиги кучлироқ экани синовдан ўтмоқда. Россия узоқ вақт ёлғон ишлатиб келди: “Бизнинг захира мустаҳкамлигимиз кучли, керак бўлса 20 йил урушамиз”, деган баёнотлар янгради. Путиннинг ўзи ҳам: “Иқтисодимиз зўр, санкциялар бизга фақат фойда келтиряпти”, деган риторикани тинимсиз такрорлаб келди. Аммо фактлар бошқача манзарани кўрсатди.

Европа Иттифоқи Украинага 90 миллиард евро, яъни тахминан 106 миллиард доллар миқдорида ёрдам ажратгач, бу Россия учун кутилмаган ҳолат бўлди. Ҳозир Россиянинг бунга муносиб қарши аргументи йўқ. Россия иқтисоди яна икки йил давомида ҳозирги интенсивликдаги урушни кўтара олмайди. Бундан ташқари, бугунги кунда нефт нархи 32 доллар атрофида. Бу икки омил – нефт нархининг Россия иқтисоди учун критик даражада пасайиб бораётгани ва давлат бюджетининг бўшаб қолаётгани Путиннинг позициясини яқин икки-уч ой ичида ўзгартиришга мажбур қилса керак.

Ойбек Сирожов: Россиянинг фундаментал талаблари ўзгаргани йўқ. Уруш бошидаги асосий масала Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши масаласи эди ва бугун ҳам бу талаб ўз кучида қолмоқда. Россия ҳозир ҳам айнан шу масалани кун тартибига қўймоқда.

Энди иккинчи масала – имкониятлар, яъни ресурслар масаласига тўхталайлик. Декабр ойининг бошида Украинанинг келгуси йилги бюджети қабул қилинди ва у ЯИМга нисбатан 18,5 фоизлик камомад билан тасдиқланди. Шу даврда Россия бюджети ҳам қабул қилинди, ундаги камомад 1,6 фоизни ташкил этади. Мен иқтисодчи эмасман, аммо бу рақамларнинг ўзиёқ маълум бир хулосалар чиқаришга имкон беради.

Иккинчидан, биз сўнгги тўрт йил давомида ушбу урушни таҳлил қилиб келмоқдамиз. Шу вақт мобайнида “Россия уч ойда қулайди” ёки “олти ойда қулайди” деган фикрларни кўп бора эшитдик. Аммо рақамларга қарайдиган бўлсак, бугунги кунда Россия ялпи ички маҳсулотининг тахминан 7-10 фоизини урушга сарфламоқда. Таққослаш учун айтсак, Иккинчи жаҳон уруши даврида Совет Иттифоқи ялпи ички маҳсулотининг 47 фоиздан ортиғини урушга йўналтирган. Бу билан айтмоқчиманки, Россияда ҳали ҳам ресурслар мавжуд.

Учинчи масала – Европанинг ёрдами. Ҳақиқатан ҳам Европа Иттифоқи Украинага 90 миллиард евро, яъни тахминан 106 миллиард доллар миқдорида ёрдам ажратди. Аммо эътиборли жиҳати шундаки, бу маблағ икки йилга мўлжалланган. Табиий савол туғилади: нега айнан икки йилга?

Назарий жиҳатдан қарайдиган бўлсак, агар томонлар урушни ҳақиқатан тўхтатмоқчи бўлса, буни амалга ошириш имкониятлари бор. Масалан, АҚШ томонидан разведка маълумотларининг вақтинча берилмагани Украинанинг жанговар имкониятларига жиддий таъсир кўрсатди ва бу ҳолат бир ҳафта ичида яққол сезилди. Агар АҚШ ҳақиқатан Россиянинг устунлиги билан урушни якунламоқчи бўлганида, разведка маълумотларини бермаслиги кифоя эди – бундай ҳолатда Россия Донбассдаги баҳсли ҳудудларнинг 20 фоизини қисқа муддатда эгаллаб, урушни ўз фойдасига тугатиши мумкин эди.

Ёки бошқа томондан қарайлик: агар Россияни бутунлай тиз чўктириш мақсади бўлганида, нега тўрт йил давомида Украинага сўраган барча маблағ ва ҳарбий техника тўлиқ берилмади? Бу ҳолат шуни кўрсатадики, урушда барча томонлар ўз манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилмоқда ва айнан шу омил урушнинг чўзилишига сабаб бўляпти.

Суҳбатни батафсил You Tube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид