Ўзбекистон | 15:29 / 02.10.2020
38095
3 дақиқада ўқилади

«У отаси Қаллибек Камалов ва Муса Ерниязов ишларини давом эттириб, халқни рози қилади, деб ишонаман» — Президент Қорақалпоғистоннинг янги раҳбари ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг 2 октябрь куни очилган навбатдан ташқари сессиясидаги чиқишида республиканинг янги раҳбарини таништирди.

Президент коронавирус бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонга ҳам йўқотишлар олиб келгани, лекин ҳаёт давом этиши, шу шароитга муносиб бўлиб, тўғри йўл топиш зарурлиги ҳақида гапирган. У ҳозирги мураккаб пайтда раҳбар бўлиш осон эмаслиги, шунга қарамай Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича бошланган ишлар икки-уч карра кўпайтириб давом эттирилишини таъкидлаб ўтган. Президент Қорақалпоғистоннинг янги раҳбари этиб сайланган Мурат Камаловга баҳо бериб, у отаси Қаллибек Камалов ишларини давом эттириб, халқни рози қилишига ишонч билдирди.

«Мурат Камаловни кўп йиллардан бери танийман. У аввало ҳалол одам, ватанпарвар одам. Қаерда ишлаган бўлмасин, қорақалпоқ элининг дарди билан яшаганига гувоҳман. Энг асосийси шу. Бошқаси тажриба билан келади.

У отаси Қаллибек Камалов, марҳум Муса Ерниязов ишларини давом эттириб, халқни рози қилади, деб ишонаман», деган президент.

Эслатиб ўтамиз, 2002 йилдан буён Қорақалпоғистонга раҳбарлик қилиб келган Муса Ерниязов 2020 йил 31 июль куни коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этганди.

Республикага 10 кун ичида янги раҳбар сайланиши лозим бўлсада, Жўқорғи Кенгес раиси лавозими 2 ойдан кўпроқ вақтдан буён бўш қолаётган эди. 

Конституцияга кўра, Жўқорғи Кенгес раиси парламент аъзолари орасидан сайланиши зарур ҳисобланади. Камалов шу йил 20 сентябрда ўтказилган сайловда Жўқорғи Кенгес депутатлигига сайланди.

Маълумот учун, Мурат Қаллибекович 1955 йил 24 июнда Нукусда туғилган. 1977 йилда Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлиги қўмитаси (КГБ) олий мактабини тамомлаб, шу йилдан ДХҚ мутахассиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган. 1987–1990 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясида кичик илмий ходим бўлган. 1990–1991 йилларда дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатувчи «Консул» ташкилоти бош муҳандиси, 1991–1996 йилларда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши қошидаги «Қорақалпоқинторг» хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик ассоциациясининг Тошкентдаги ваколатхонаси директори сифатида фаолият юритган.

Камалов 1996–2010 йиллар мобайнида Тошкентда «Стеллор» унитар корхонасига раҳбарлик қилган. 2010–2018 йилларда «Ҳуқуқий бизнес ҳам консалтинг агентлиги» адвокатлик бюросида консультант лавозимида ишлаган, 2018–2020 йилларда Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон бўйича бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият кўрсатган.

2020 йил 7 августда Ўзбекистон президенти қошидаги Оролбўйи халқаро инновацион маркази раҳбари этиб тайинланганди.

Мурат Камаловнинг отаси Қаллибек Камалов 1963—1984 йилларда Қорақалпоғистонга раҳбарлик қилган. 94 ёшли Қаллибек Камалов 2017 йилда президент Шавкат Мирзиёев фармони билан «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид