Иқтисодиёт | 15:29 / 30.01.2023
63290
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларнинг ўртача ойлик маоши қанча?

2022 йил якунларига кўра, Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 3 млн 892 минг сўмни ташкил этди. Тиббиёт ходимлари ҳамда таълим соҳаси вакилларининг маоши ҳамон ўртача кўрсаткичдан ҳам паст даражада қолмоқда.

2022 йил якунларига кўра, Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи  3 млн 892 минг сўмни ташкил этиб, (ўтган йилнинг мос даврида 3 млн 214 минг сўм бўлган) 2021 йил мос даврига нисбатан ўсиш суръати 21,1 фоизни ташкил қилган. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилмоқда.

Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳри (6 млн 314 минг), Навоий (5 млн 125 минг) ва Тошкент вилоятида (3 млн 946 минг), энг кам миқдори эса Фарғона (2 млн 900 минг), Наманган( 2 млн 924 минг) ва Самарқанд (2 млн 944 минг) вилоятларида қайд этилган.

Ҳисобот даврида фақатгина учта маъмурий ҳудудда (Тошкент шаҳри, Тошкент ва Навоий вилоятлари) номинал иш ҳақининг даражаси республикадаги ўртача даражадан юқори бўлиб, қолган барча ҳудудларда бу кўрсаткич республика даражасидан турли миқдорда паст шаклланган.

2022 йилнинг январь-декабрь ойларида ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳрида (28,2 фоиз ), Хоразм (23,1 фоиз), Андижон (22,6 фиоз), Сурхондарё (22 фоиз), Самарқанд (21,7 фоиз) ҳамда Наманган вилоятларида (20,6 фоиз) кузатилган.

Маошлар ошгани ортидан, ҳудудлар кесимидаги тенгсизлик кучайиб бормоқда. Масалан, 2021 йилда энг бой ва энг камбағал ҳудудлардаги ўртача иш ҳақидаги фарқ 2 баробар бўлган бўлса (Тошкент/Сурхондарё), 2022 йилда бу кўрсаткич 2,18 баробарга етган (Тошкент/Фарғона).

Маълумот учун, ҳисобот давридаги ўртача ойлик иш ҳақи кўрсаткичини шакллантиришда қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобга олинмаган.

Ўтган йил якунларига кўра, соҳалар кесимида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи миқдори:

·       банк, суғурта, лизинг ва кредит воситачилик фаолиятида – 10,8 миллион сўм;

·       ахборот ва алоқа соҳасида –7,5 млн сўм;

·       ташиш ва сақлаш соҳасида – 5,1 млн сўм;

·       саноат соҳасида – 4,9 млн сўм;

·       қурилиш соҳасида – 4,7 млн сўм;

·       савдо соҳасида – 3,9 млн сўм;

·       санъат, кўнгил очиш ва дам олиш соҳасида – 3,1 млн сўм;

·       яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасида – 3,1 млн сўм;

·       таълим соҳасида – 2,6 миллион сўм;

Энг паст ўртача иш ҳақи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида қайд этилган – 2,5 миллион сўм.

2022 йилнинг якунлари бўйича, ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда 3 млн 13,8 минг ходимнинг маълумотларидан фойдаланилган. Шундан 37,4 фоизи таълим, 16,1 фоизи соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари ҳиссасига тўғри келган.

Таълим соҳаси бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбати 2020 йилда – 74,1 фоизни, 2021 йилда – 71,8 фоизни, 2022 йилда – 69,2 фоизни ташкил қилган. Таълим соҳаси вакиллари йилдан йилга бошқа соҳа вакилларига нисбатан камбағаллашиб бораётганини кузатиш мумкин.

Агар индивидуал соҳалар ўзаро таққосланса, иш ҳақининг соҳалар кесимидаги тенгсизлигини яққол кузатиш мумкин. Хусусан, 2018-2022 йиллар оралиғида банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятида банд бўлган ходимларнинг ойлик маоши 3 баробарга ( 3,5 млн сўмдан 10,8 млн сўмга), ахборот ва алоқа соҳасида 2,27 баробарга (3,3 млн сўмдан 7,5 млн сўмга) ошган бўлса, бу кўрсаткич таълим соҳасида 95 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият олиб борувчи ходимларнинг ҳудудларда банд аҳоли орасида улуши юқорилиги инобатга олинса, Тошкент ва ҳудудлар орасидаги тенгсизлик кучайиб бораётганини ҳам қайд этиш мумкин.

Маълумот учун, Ўзбекистонда охирги марта 2022 йилнинг 1 июнида иш ҳақи, пенсия миқдори ва стипендиялар оширилганди.

Статистика агентлиги ҳисоботида Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати, суд тизими ва прокуратура ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи ҳақида маълумот берилмаган. 

Ўзбекистонда яхши яшаш учун қанча маблағ керак?

Дунёнинг энг йирик онлайн маълумотлар базасидан бири – Numbeo’нинг тахминий ҳисоблашларига кўра, Ўзбекистонда 4 киши бўлиб яшайдиган оилалар ижара тўламасдан ойига 1489,8 доллар (16 млн 887 минг сўм) сарфлаб яхши яшаши мумкин. Бир киши учун бу нарх 413,6 долларни (4 млн 688 минг сўм) ташкил қилган.

Қайд этилишича, харажатларнинг 33,6 фоизи дўконлардан турли маҳсулотларни сотиб олиш, 25,3 фоизи ҳар ойлик ижара, 14 фоизи ресторанларда овқатланиш, 10,1 фоизи транспорт, 8,1 фоизи эса спорт ва бўш вақтдаги машғулотлар учун сарфланади.

Numbeo ҳисоб-китоблари 2023 йилнинг январь ойидаги ҳолатдан келиб чиқиб амалга оширилган. 

Мавзуга оид