Жаҳон | 20:45 / 08.10.2024
10768
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда юз минглаб томошабин йиғилган авиашоуда беш киши ҳалок бўлди

Ченнаи шаҳридаги пляжда мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучларининг 92 йиллиги муносабати билан ташкил этилган авиашоуни томоша қилиш учун 100 минглаб одам тўпланди.

Фото: PTI

Ҳиндистоннинг Ченнаи шаҳридаги пляжда 6 октябр куни мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучларининг 92 йиллиги муносабати билан ташкил этилган авиашоуни томоша қилиш учун 100 минглаб одам тўпланди, деб хабар беради The India Today.

Қайд этилишича, фуқароларнинг аксарияти пляжга шоу бошланишидан 2-3 соат олдин келиб, қулай жойни эгаллаб олишга уринган. Шоу якунланганида эса томошабинлар пляждан осонликча чиқиб кета олмаган, натижада одамлар жазирама ҳавода сувсиз ва қуёшдан ҳимоя воситасисиз қолиб кетган.

Ҳодиса оқибатида беш киши ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ инсонга тиббий ёрдам кўрсатилган. ОАВ ва сиёсатчилар кўнгилсиз ҳолат бўйича масъулиятни шоу ташкилотчилари зиммасига юкламоқда — улар томошабинлар хавфсизлигини таъминлай олмаган.

«Нейпир кўприги яқинидаги пляжда бир киши вафот этгани айтилди. Қолган қурбонлар турли жойларда, уйларига кетишда ҳалок бўлган. Бу аниқ бир жойда содир бўлган тиқилинч эмас», — дейди маҳаллий полиция ходимларидан бири.

«Кўз ўнгимда болалар ҳушидан кетиб қолди. Одамларни йўналтириши мумкин бўлган ҳеч қанақа огоҳлантириш тизими, сув тарқатадиган киосклар ва жойларда тиббий ёрдам йўқ. Йўллардаги ҳаракат эса даҳшатли эди», — дея таъкидлайди шоу иштирокчиларидан бири.

Мавзуга оид