Ўзбекистон | 18:35 / 31.03.2022
20486
6 дақиқада ўқилади

Қазиб олувчи «LUKOIL», қайта ишловчи «Шўртаннефтгаз»: Биржадан олинган пропан номаълум суюқлик бўлиб чиқди

Сифатсиз ёнилғи автотранспорт воситаларини ишдан чиқармоқда. Уни олиб келиб тарқатаётган ёқилғи қуйиш шохобчалари эгалари ҳам миллионлаб пулларини йўқотмоқда.

Биз бунга Самарқанд шаҳрида ўзимиз гувоҳ бўлдик. Сифатсиз суюлтирилган газ билан боғлиқ воқеа биргина Самарқанд шаҳрида рўй берганида айбдорни топиш осонгина бўлар эди, бироқ бошқа жойларда ҳам ана шундай муаммолар учраётган экан. Буни газни қазиб олаётган компания вакили ўзи бизга ошкор қилди. Демак, муаммо Ўзбекистон бўйлаб рўй бермоқда.

Самарқанд шаҳрида жойлашган «Temp-Plastik» МЧЖда бўлиб, «Ўзнефтгазинспекция» Самарқанд ҳудудий бўлими масъуллари ҳамроҳлигида ҳолатни ўргандик.

«Temp-Plastik» МЧЖ раҳбари Абдуғани Қурбоновнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 17 март куни биржа савдолари орқали «LUKOIL» компаниясидан 20 тонна суюлтирилган газ харид қилган. Маҳсулот Ғўғордаги корхонадан 25 март куни шохобчага келтирилган. Махсус юк машина жўмраги очилганда, пропан ўрнига қандайдир суюқлик чиққан.

Бу ҳолат аввалроқ – январ ойида олиб келинган маҳсулот билан ҳам рўй берган. Автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси раҳбарининг айтишича, январ ойида келтирилган маҳсулот ҳам «LUKOIL»дан харид қилинган ва маълум миқдордаги суюқлик чиқариб юборилгандан сўнг, аҳолига газ сотилган. Сотилган газ сифатсиз бўлгани учун бир қанча транспорт эгалари эътироз ҳам билдириб келган. Транспорт воситалари эгаларига етказилган моддий зарар газ қуйиш шохобчаси томонидан қоплаб берилган.

АСГҚШ ва «Ўзнефтгазинспекция» «LUKOIL» билан боғлана олмаган

Абдуғани Қурбонов мазкур ҳолатни «Ўзнефтгазинспекция» Самарқанд вилоят бўлимига маълум қилса-да, ҳеч қандай натижа бўлмаганини айтмоқда. У газ учун пул ўтказилган «LUKOIL Overseas Supply and Trading Ltd» шўъба корхонаси вакиллари билан телефон орқали боғлана олмаган.

Дарҳақиқат, махсус юк машина жўмраги очилганда ҳидсиз, сувга ўхшаш суюқлик чиқаётганига гувоҳ бўлдик.

«Ўзнефтгазинспекция» Самарқанд ҳудудий бўлими бошлиғи Икром Махсумов воқеадан хабардорлигини билдирди. Махсумов ҳам пропан ўрнига сувга ўхшаш суюқлик чиқаётганига гувоҳ бўлгани ва бундай вазиятда таъминотчи иштирокида баённома расмийлаштирилиши лозимлигини маълум қилди.

«Ўзнефтгазинспекция» ҳудудий бўлимида бундай вазиятларда маҳсулот таркибини аниқлаб берувчи мослама мавжуд эмас экан. У шунингдек, махсус юк машиналарига катта босим билан тўлдирилган маҳсулот устига қўшимча қандайдир суюқлик солишнинг имкони йўқлигини билдирди.

Инспекция раҳбари Икром Махсумов ҳам таъминотчи корхона билан телефон орқали боғлана олмади.

«LUKOIL» маҳсулот сифатига «Шўртаннефтгаз» масъуллигини билдирди

Kun.uz мухбири «LUKOIL Overseas Supply and Trading Ltd» шўъба корхонаси билан боғланиб, компания масъул ходими Баҳодир Тураповдан изоҳ олди.

Тураповнинг тушунтиришича, «LUKOIL» компанияси томонидан қазиб олинган маҳсулот «Шўртаннефтгаз» газни қайта ишлаш заводида қайта ишланиб, пропан-бутан фракциясига айлантирилиб, биржа савдоларига қўйилган. «LUKOIL» компанияси вакили бу каби мурожаатлар биринчи марта бўлмаётганини, бошқа харидорлар ҳам шундай муаммога дуч келганини қўшимча қилди.

У, шунингдек, АСГҚШ эгаси маҳсулот сифатига билдирилган эътироз билан «LUKOIL» компаниясига расмий хат билан мурожаат қилиши, шундан сўнг улар ушбу хат асосида «Ўзбекнефтгаз» АЖга хабар берилиши, маҳсулот сифати бўйича текшириш ўтказилишини талаб қилиш мумкинлигини билдирди.

«Ўзбекнефтгаз» маҳсулотни ташувчи ҳайдовчилардан гумон қилмоқда

Вазият бўйича «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг ҳам изоҳини олдик. Жамият ахборот хизматининг маълум қилишича, «Шўртаннефтгаз» заводидан олиб кетилаётган суюлтирилган газ учун лаборатория ва бошқа тегишли мутахассислар иштирокида сифат бланкаси ҳамда маҳсулот паспорти расмийлаштирилади.

Ушбу ҳолатда товарни олиб кетаётган томон вакиллари ҳам иштирок этади. «LUKOIL» компаниясига тегишли бўлган маҳсулотлар айнан ушбу компания мутахассислари иштирокида реализация қилинган. Бундан ташқари, «Шўртаннефтгаз»нинг суюлтирилган газ қуйиш цехига истеъмолчининг кириб-чиқаётган автотранспорт воситалари ҳарбий қўриқчилар ҳамда тегишли мутахассислар иштирокида кўздан кечирилиб, электрон тарози орқали ўлчаниб, қайд этилган.

«Ўзбекнефтгаз» АЖнинг қўшимча қилишича, маҳсулот завод ҳудудидан олиб чиқилгач, ҳайдовчилар томонидан суюлтирилган газнинг маълум қисми йўлда талон-тарож қилиниб, ўрнига сув солинган бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Хуллас, барча томон масала юзасидан масъулиятни ўз зиммасидан соқит қиляпти. Хусусан, «Temp-Plastik» МЧЖ сифатсиз маҳсулот учун эътирозини таъминотчига билдира олмаяпти. «Ўзнефтгазинспекция» эса катта босим остидаги машинага нимадир қўшишнинг имкони йўқ деб турган бир пайтда, «Ўзбекнефтгаз»нинг “ҳайдовчи сув солган бўлиши мумкин” деган даъвоси масалани янада мавҳумлаштириб юбормоқда.

Эшитадиган қулоқ йўқ...

Шуниси аниқки, махсус юк машина жўмрагидан оқаётган суюқлик пропан ёки конденсат эмас, ҳидсиз, суюқ маҳсулот. Албатта унинг ҳар бир килограмми учун пул тўланган. Уни автомобилга асло қуйиб бўлмайди. Чунки у машина моторини ишдан чиқариши мумкин.

Афсуски, ҳозирча АСГҚШ юритаётган тадбиркорнинг овози таъминотчи-ю, етказиб берувчига ва уларнинг устидан республика бўйича назорат қилувчи орган – ЮҚОРИГА етиб бормаяпти. Шохобча эса “газ”ни на сота олади, на олган ерига қайтариб бера олади.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид