Жамият | 11:00 / 10.05.2020
93408
11 дақиқада ўқилади

Сардобада етказилган зарарни тўғонни қурганлар қоплаб бериши керак эмасми? Эксперт жавоб берди

Нагоя иқтисодиёт университети профессори, “Буюк келажак” экспертлар кенгаши аъзоси Алишер Умирдинов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Сардоба фожиасининг сабаблари ва оқибатлари, айбдорларни жазолаш механизми, фожиадан чиқариладиган хулосалар ҳақида сўз юритди.

– Алишер ака, Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида юз берган фожиадан, бунинг натижасида қанча одам уйсиз-жойсиз қолганидан ва ҳаттоки, қўшниларимиз азият чекканидан хабарингиз бор.
Шундай катта лойиҳа пудратчига ҳеч қандай тендерсиз топширилганига қандай қарайсиз? Шу пайтгача тендерсиз берилган лойиҳалар қайта кўриб чиқилиши керак эмасми?

– Авваламбор, Сардоба фожиаси, техноген офат туфайли ҳалок бўлган ҳамюртларимизнинг оила аъзоларига ўз ҳамдардлигимни билдириб қоламан, шу билан бирга уйларини йўқотган, азият чеккан ҳамюртларимиз ҳис қилаётган қийинчиликларни узоқ юртларда яшаётган биз ўзбекистонликлар ҳам улар каби ҳис қиляпмиз.  

Саволингизга келадиган бўлсак, гапингиз жудаям тўғри. Тендер ўз номи билан тендер. Бундай катта лойиҳалар иложи борича тендерсиз берилмаслиги керак, чунки халқаро амалиёт шундай. Зотан, тендер дегани энг яхши, ўша ишнинг соҳиби бўлган одам томонидан қурилиши ёки амалга оширилиши лозим деган маънони англатади.

Шу билан бирга бир нарсани унутмаслик керакки, баъзи ҳолатларда ҳатто ривожланган Ғарб давлатлари орасида ҳам давлат қўйган талабларни ҳамма компания ёки ширкатлар ҳам бажара олмайди. Шунинг учун давлатлар фақат ўша талабларни бажарган ширкатлар орасидангина танлаб олиш ҳуқуқларига эга бўлишади.

Аммо ўшанда ҳам у талабларни олдин ўша тендерга, ўша лойиҳага даъвогар бўлган компания давлат корхонаси бўладими ёки хусусий корхона бўладими, ёки чет эл фирмаси бўладими, ўша талабларни тўлиқ бажариши, қондириши керак. Бунга ниҳоятда катта эътибор беришимиз керак.

“Буюк келажак” экспертлар кенгаши аъзоси Алишер Умирдинов

– Тендер танловлари ҳамма учун очиқ, танлов шартларига жавоб бера оладиган исталган ширкат унда қатнаша олиши керак, тўғрими? У қайсидир ички гуруҳлар ўртасидагина ўзаро тақсимланиб кетиши керак эмас-ку?!

– Албатта. Бўлмаса, унинг легитимлиги қолмайди. Қонунлар маълум бир одамлар учун эмас, бутун халқ учун бўлиши керак. У очиқ, ҳамма кўра оладиган, ўқий оладиган, осонлик билан тушуна оладиган бўлиши керак. Атайлаб ноқулай, сунъий тўсиқлар қўйилмаслиги керак. Бу халқаро стандарт ҳисобланади.

Умид қиламанки, агар яхши ҳаракат қиладиган, керакли сабоқларни чиқарадиган бўлсак, Ўзбекистон бу фожиадан яна ҳам кучлироқ чиқади.

Шу пайтгача тендерсиз берилган лойиҳалар қайта кўриб чиқилиши керакми ёки йўқми? Ҳуқуқшунос сифатида айтишим лозим, умумий қоида шуки, қонун ёки қонуности актлари орқага қайтиш кучига эга эмас. Иккинчи ўринда, қонунлар бизнес олами, инвесторлар учун маълум бир барқарорликни таъминлаши керак. Бўлмаса мамлакатимизга ҳеч ким инвестиция киритмай қўяди.

Шундай экан, ҳозир аллақачон берилган, қурилиши кетаётган тендерлар, қурилиши битказилган масалаларни яна қайтадан кўриш балки фойдадан кўра кўпроқ зарарга ишлаши мумкин. Бу нарсани унутмаслигимиз керак. Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра шу пайтгача қурилган бошқа гидроиншоотлар ҳам, катта инфраструкутура лойиҳалари ҳам қайтадан текширилаётгани тўғри қарор деб ўйлайман. Улар обдон кўздан кечирилиши лозим.

– Сардоба сув омборининг қурилишида иштирок этган, қурилиш ишларини бажарган компания танловни қандай ютгани, тендерда иштирок этганлар қанча нарх таклиф этгани ошкор этилмаяпти. Савол туғилади: тендерда ютган компаниянинг таклифи энг мақбул таклиф бўлганми? Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган норасмий маълумотларга кўра, Сардоба сув омбори тўғони қурилиши 404 миллион долларга тушган. Бу пулга маҳобати бундан анча катта бўлган лойиҳалар амалга оширилган, жуда пишиқ ва пухта қилинган. Бу маълумотларнинг ўзи ҳам Сардоба тўғонига оид лойиҳа ва қурилиш-смета ҳужжатларини жамоатчиликка ошкор қилиш кераклигини кўрсатади. Шундай эмасми?

– Мен албатта қўшиламан. Салкам 1 милллиард куб метр миқдорда сув тўпланган мега лойиҳа десак бўлади Ўзбекистон шароитида. Сиз айтган миқдор агар рост бўлса, чунки расмий манбалар буни тасдиқладими ёки йўқми, бундан хабарим йўқ. Лекин агар бу рост бўлса, бу жуда катта маблағни ташкил қилади ва жайдари тил билан айтганда халқимиз чўнтагидан, давлат бюджетидан кетган маблағ ҳисобланади. Шунинг учун албатта тендер ҳужжатлари ошкор қилиниши керак.

Агар у ерда давлат сирига оид масала бўлса, уни давлат очмаслик ваколатига эга. Бу бўйича қонунларимиз ҳам бор, аммо давлат сири деган маънода ҳамма ҳужжатларни очмаймиз деб оёқ тираш ҳам яхши эмас. Чунки жамоатчилигимиз бу ишга масъул бўлган инсонлардан изоҳ кутяпти. Ҳисобдорлик деган қоида бор. Ҳисобдорлик қоидасига асосан, ҳужжатларни тегишли равишда очиб, халқимизга изоҳ бериш, менимча, мақсадга мувофиқ бўлади.

– Ҳуқуқшунос бўлганингиз учун қуйидаги саволни беряпман.  Шаффофлик таъминланиши, адолат қарор топиши учун тергов жараёни ва комиссиянинг тафтиши қандай ташкил этилиши керак?

– Буни умумий маънода жиноят ҳуқуқи, жиноят процессуал ҳуқуқи мутахассисларидан сўраганингиз маъқул эди. Лекин қўлимдан келганича, билимим доирасида жавоб бераман. Бу жиноят иши бўлгани учун терговлар ёпиқ ўтказилади. Японияда ҳам худди шундай. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор.

Аммо масалани фақат прокуратура органлари, бошқа органларга бериб, ташлаб қўймасдан маълум даражада жамоатчилик назоратини ҳам таъминлаш учун тергов ишлари ниҳоясига етганидан кейин ёки унинг жараёнида мисол учун Японияда алоҳида жамоатчилик кенгаши ёки тафтиш комиссиялари тузилади. Уларга маълум бир ваколатлар берилади. Унга санъат арбоби ёки ўша соҳанинг энг яхши мутахассислари киради. Бундай комиссия, қўмиталарни тузган ҳолда маълум даражада жамоатчилик назоратини таъминлашга эришишимиз керак. Бўлмаса деворлар ортида биз билмайдиган масалалар ҳал бўлиб кетиши ва тарихий имконият – Сардоба фожиасидан керакли сабоқларни ололмай қолишимиз мумкин ва инсонлар жавобгарликдан қочишлари мумкин.

Бош прокуратура Сардоба фожиаси бўйича баёнот берди. Ушбу баёнотда жиноят иши Давлат хавфсизлик хизмати томонидан олиб борилиши ва айбдорларга нисбатан 2та модда – Жиноят кодексининг 207 ва 258-моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган. Бу моддаларнинг жазо чораларига тўхталадиган бўлсак, анчагина енгил. Ушбу фожиа айбдорлари учун қонунчилигимизда кўзда тутилган жазо, сизнингча, жуда енгил эмасми?

– Келиб чиққан зарарни кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, Жиноят кодексидаги ушбу нормаларнинг масъул инсонларга татбиқ этилиши балки жуда ҳам енгил кўриниши мумкин. Лекин рухсатингиз билан масаланинг бошқа томонига ёндашсам.

Менда Ўзбекистон Республикасида ҳалигача юридик шахсларнинг жиноий жавобгарлиги етарлича ўрнатилмаган деган фикр мавжуд. Чунки шу монтаж ишлари, пудрат ишларини олиб борган корхоналарнинг бир неча масъуллари – у ўнта бўлсин, йигирмата, ўттизта бўлсин, жазоланган тақдирда ҳам юз мингга яқин инсон кўрган моддий зарар, товон қопланадими ёки йўқми? Бу ерда асосий масала – шу.

Ваҳоланки уларнинг мол-мулки қоплашга етмайди. Шундай экан, биз асосан фуқаролар кўрган моддий зарарни қоплаш масаласини қўйишимиз керак. Бу ерда юртимиз қонунчилигига ҳалигача киритилмаган юридик шахсларнинг жавобгарлик масаласини қонунчилигимизга қайтадан киритишимиз керак. Чунки бир неча йил аввал қурилиш-иншоот соҳасида ишлайдиган корхоналарга нисбатан юридик шахсларнинг жавобгарлиги масаласи қонунчилигимизда бор эди. Лекин нимагадир бу нарса олиб ташланди.

Депутатларимизга мурожаат қилмоқчиман: буни яна қайтадан кўриб чиқишимиз керак. Бўлмаса, етарли даражада зарар кўрган инсонлар ўша юридик шахслардан, корхоналардан етарли даражада товон ёки компенсация пулларини ундира олмасдан сарсон-саргардон бўлишади. Бу охир-оқибат юридик шахсларнинг ҳам жавобгарликдан қочишига ва етарли даражада хулоса чиқармасликларига олиб келади деб ўйлайман.

– Суғурта компаниялар вакиллари билан гаплашганимда сув остида қолган, аксарияти суғурталанмаган уйларнинг эгаларига товон пули ҳам тўланмаслигини айтишди. Сирдарёда нафақат уйлар, балки одамларнинг йиллар давомида тўплаган мол-мулки, асосий даромад манбаи бўлган экин майдонлари сув остида қолди.

Маълумотларга кўра, Сирдарёдаги сув остида қолган маҳаллалар ҳудудида 50та кўп қаватли уйлар қурилади. Ўша уйлардан хонадонлар уйини йўқотган, тиклаб бўлмайдиган ҳолатга келган фуқароларга кредитга берилади. Йигирма йил мобайнида тўлаб бориш керак бўлади. Фалокат табиий офат натижаси эмас, балки техноген фожиа деб тан олинди. Бундай вазиятда тўғонни қурганлар фуқароларга етказилган моддий зарарни қоплаб бериши керак эмасми?

– Бу Сардоба сув омборидан зарар кўрган юртдошларимизга тегишли бўлган ниҳоятда муҳим ҳуқуқий саволлардан бири ҳисобланади. Сизга шу масалада Япония тажрибасини таништириб ўтсам.

2011 йил март ойида Японияда Фукусима атом электр станциясида цунами оқибатида портлаш юз берди ва Фукусимадаги салкам 1 миллионга яқин аҳоли бошқа вилоятлар ёки Фукусиманинг бошқа жойлари, айниқса Токио томонга кўчиб келишга мажбур бўлди. Улар ўз ерларини, мулкларини ташлаб кетишди.

Япониянинг бу масала бўйича 1961 йилда атом электр станциялари билан боғлиқ зарарларни қоплаб бериш тўғрисидаги алоҳида қонуни бор. Шу қонунга асосан Токио атом электр станцияси ва зарар кўрган инсонлар ўртасидаги масалани ҳуқуқий жиҳатдан ҳал қилиш учун алоҳида тафтиш ва келиштирув комиссиясини тузди. Шу комиссия йиллар давомида иш олиб борди, фермерлар, уйи вайрон бўлган инсонлар билан гаплашди. Натижада шу пайтгача Кепко компанияси зарар кўрган инсонларга қарийб 65 млрд АҚШ доллари миқдорида товон тўлаган. Демак, асосий масала инсонлар кўрган моддий ва маънавий зарарларни қоплашга қаратилган.

Жиноий жавобгарлик масаласига тўхталадиган бўлсак, шу пайтгача бу масала бўйича жиноий жавобгарликка тортилган инсон йўқ. Чунки Фукусима масаласи бироз ўзига хос. Чунки уларда цунами 10 метрлик девордан ошиб ўтмайди деган хулоса бўлган ва баъзи олимлар уни маълум даражада тасдиқлашган. Шунинг учун техник жиҳатдан ўта мураккаб иш ҳисобланади. Аммо ҳукуматнинг асосий эътибор берган жиҳати – миллионга яқин инсон зарар кўрган ва уларни иложи борича асл ҳаётларига қайтариш масаласини биринчи ўринга қўйган ҳолда, 65 млрд долларлик зарар тўлаб берилган.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Мавзуга оид