Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ИИВда катта "тозалаш" ва коррупцияда айбланётган амалдорлар: Бу нималарга ишора?
Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов бошқарувда шаффоф механизмлар ишга туширилмаса, ИИВ тизимидаги ротациялар коррупциявий ҳолатларни камайтирмаслигини айтмоқда. Сиёсий таҳлилчи Ҳамид Содиқ эса бу жараёнда сиёсий элитани ҳам қонун доирасига киргазишни, парламентни эса "жонлантириш"ни билдирди. Хўш, бу чораларни амалга ошириш қанчалик реал? Kun.uz ўтказган суҳбатда шу масалалар муҳокама қилинди.
27 январ куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида пойтахтда хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда ИИВ тизими ҳам қаттиқ танқид қилиниб, кўплаб юқори лавозимдаги амалдорлар талон-тарожликлар билан айбланётгани маълум қилинди. Бир қанча расмийлар ишдан кетди, айримлари қамоққа олинди.
Kun.uz'нинг шу мавзу таҳлилига аталган суҳбатида инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳамда сиёсий таҳлилчи Ҳамид Содиқ бу ҳаракатлар нимани англатиши ва ҳукумат олдида қандай вазифалар тургани ҳақида фикрларини билдиришди. Қуйида интервюдан қисқа шарҳ келтирилади.
“50 дан ортиқ одамлар қамоққа олинган” – инсон ҳуқуқлари фаоли
Ташанов бу картинада асосий эътибор қаратиладиган нуқта коррупция билан боғлиқ эканини айтмоқда. Унинг маълумот беришича, бунинг ортидан 50 нафардан зиёд одам қамоққа олинган.
“Бош прокуратуранинг коррупцияга қарши кураш бош бошқармаси томонидан бир нечта жиноят ишлари олиб бориляпти. Буларнинг, демак, биринчиси — Ички ишлар вазирининг ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва департамент бошлиғи Турсуновларга оид жиноят иши. Менинг билишимча, ҳозир 50 дан ортиқ одамлар қамоққа олинган. Демак, Ички ишлар вазирлиги, жиноий жазоларни ижро этиш, йўл-патрул, ҳатто Молия вазирлигидан ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари тизимидан бир неча мулозимлар ҳибсга олинган.
Умумий келтирилган дастлабки зарарлар миқдори ҳозир 185 миллиард сўм ҳақида, яъни 15 миллион доллардан ортиқ эканлиги айтиляпти. Энди бу ўша пойтахтда “ақлли светофорлар” жорий этиш билан боғлиқ катта талан-тарожлик[лар билан боғлиқ]. Энди мен ҳозир тергов сирлари бўйича, албатта, мажбурият бор, биз уни очиқлашга ҳаққимиз йўқ. Лекин айтиш мумкинки, хориждан бу нарсалар импорт қилиниши керак бўлган, аммо ўша маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз қанақадир қинғир йўллар билан кўплаб жиноятларни содир этган”, – дейди у.
Инсон ҳуқуқлари фаоли қамоққа олинганларнинг барчаси айбли эканига гумон қилмоқда. Ташанов жараёнда айбсизлар бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.
“Энди ўзи ўзбекларда бир гап бор, “ўрмонга ўт кетса, ҳўл-у қуруқ баравар ёнади”, дейди. Мен инсон ҳуқуқлари ташкилотининг раҳбари сифатида битта нарсани айтишим мумкин, яъни бизга ҳозир келаётган мурожаатларга кўра, жиноятга дахли камроқ бўлган ёки бўлмаса жиноятда фаоллик кўрсатмаган, бекордан-бекорга қамалаётган одамлар ҳам бор. Айниқса, мана Молия вазирлигидан бир неча шахсларнинг қариндошлари келди, мана бизнинг одамларимизга ҳам шунчаки тепадан бўлган нарсага қўл қўйган қариндошларимиз мана нима қилинди дейилди.
Ва ҳозир матбуотга очиқланмаётган нарсалар бор. Яъни, ўша Кадрлар бошқармасининг бошлиғи ишдан кетди, бу ўша нуфузли шахслардан бири эди. Ҳатто шунчаликкача борди, яъни бу ўзи давр тақозоси, чунки шунга келмаса, халқ жудаям норози эди. Ва бундан ташқари, “Ўзбекнефтгаз” идорасининг ўша масъул ходимлари, у ерда ҳам бир неча миллиардлик талан-тарожликлар келиб чиқади. Ва агар бу серия давом этадиган бўлса, албатта, жуда кўп мулозимлар қамоққа олиниши керак”, – дейди суҳбатдош.
У шаффоф механизмлар ишга туширилмаса, коррупциявий жиноятлар давом этиб, сценарий такрорланишидан огоҳлантирди ва бунга 3 ой етишини билдирди.
“Бу қатъий бир қарор билан жиддий маъмурий ислоҳотларни талаб қиладиган жараён ҳисобланади”– сиёсатшунос
Ҳамид Содиқ эса карт-бланшлар билан боғлиқ олдинги ва бугунги вазиятни таҳлил қилишга уринди. Таъкидланишича, аввалги куч ишлатар тизимларнинг ваколати “ўлим жазоси”га ҳам қарор чиқариб, ижро этишига олиб келган.
“Ҳатто шундай даражага етдики, бу тизимнинг ичидаги ҳозир ўқишни битириб келган лейтенантнинг ҳам жойлардаги қарори муҳокама қилинмас эди. Яъни мутлақ муҳокама қилинмайдиган шундай бир тизим яратди. Ҳа, 10 - 15 йил жиноятчиликни камайтириб, бир барқарорликни вужудга келтирар, лекин бу тизим тизимлашгандан кейин ҳатто саройга хавф сола бошлагандан кейин ҳам тўхтатиб бўлмай қолади. Ва нафақат, дейлик, атрофдагилар, балки мана шу гўштқиймалагич ўзининг ходимларини ҳам тортиб кетганлигини кўрдик кейинчалик. Ўзининг яратган гўштқиймалагичи ўзларини ҳам тортиб кетди ва шунинг учун бу бутун тизимни жудаям ёмон аҳволга олиб келиб қўйди ва мана шундан воз кечилгани ижобий ҳолат бўлди”, – дейди у.
Сиёсий таҳлилчи бугунги ҳолатда қонундан ташқари ротациялар тизимни балансга келтиришини, масалан, куч ишлатар тизимлар кучайиб кетиб қолмай, балки бюрократик бошқа тизимлар унга баланс бераётганини, аммо бу жараёнлар шаффоф бўлиши тарафдори эканини қайд этди.
“Парда ортида кечаётганлиги учун бизда маълумот йўқ ҳозир. Нима учун олиб ташалди? Ўзи асли сабаби нима эди? Нима учун биз муҳокама қила олмаяпмиз деган масалалар кейинчалик Абдураҳмон акам айтмоқчи бўлган нарса, жудаям катта ваколатлар кимда тўпланади? Агар бундай ҳолат давом этадиган бўлса, куч ишлатар тизимларнинг қайсидир тури кучайиб кетадиган бўлса, яна олдинги ҳолатга келишимиз мумкин. Шунинг учун бу мана шунақа қатъий бир қарор билан жиддий маъмурий ислоҳотларни талаб қиладиган жараён ҳисобланади. Агар шуни амалга оширмайдиган бўлса, айнан бу жараён мен уч ой демаган бўлардим, олти ой, бир йилнинг ичида яна такрорланиши мумкин”, – дейди Ҳамид Содиқ.
Шунингдек, интервюда ИИВ тизими борасида ҳукуматнинг кейинги қадамлари қандай бўлиши кераклиги, кадрлар сиёсати, парламент каби сиёсий институтларни “тирилтириш” масалалари ҳам муҳокама қилинди. Видеонинг тўлиқ шаклини юқоридаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
19:02 / 01.04.2026
“Техпаспорт”нинг амал қилиш муддати 2026 йил 1 апрелдан кейин олинган гувоҳномаларга тааллуқли бўлади
17:20 / 01.04.2026
Абдураҳмон Ташановга қарши маъмурий иш судда тугатилди
10:09 / 31.03.2026
Сурхондарёда пенсионерлар иштирокидаги наркогуруҳ фош этилди
15:37 / 19.03.2026