Иқтисодиёт | 22:35 / 26.01.2023
85821
4 дақиқада ўқилади

156 млн доллар ташқи қарз эвазига қурилган шина заводи 2 баробар арзонга сотилди

Ангрен шина заводи “Татнефт”га 826 млн сўм эмас, 826 млрд сўмга сотилган. Бу – битим имзоланган кундаги курс бўйича 73,2 млн доллар демакдир. Ваҳоланки, бу заводни қуриш учун 2017 йилда Хитойдан 156,4 млн доллар қарз олинганди.

2023 йил 20 январ куни «Ўзкимёсаноат» АЖ «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖ (халқ тилида Ангрен шина заводи) 100 фоиз улушини Россиянинг «Татнефт» компаниясига 826,57 миллиард сўмга сотиш бўйича шартнома тузди.

Аввалига корпоратив ахборотлар порталида битим суммаси 826 миллион сўм деб кўрсатилганди. 26 январда куннинг иккинчи ярмида порталдаги бу маълумот ўчирилиб, битим қиймати 826 млрд сўм деб кўрсатилган бошқа маълумот жойланди.

826 573 075 200 сўм – Марказий банкнинг 20 январдаги курси бўйича 73 млн 245 минг 288 долларни ташкил этади. Қайд этиш лозим, завод 2017 йилда Хитойнинг Эксимбанкидан олинган 156,4 млн доллар қарз ҳисобига қурилган эди.

Компаниянинг устав капитали 658 млрд сўмни ташкил қилади. Шунингдек, унинг соф активлари қиймати битим тузилишидан олдинги охирги чоракда 2,3 трлн сўм бўлган.

2022 йил 2 декабрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия бизнес форуми доирасида «Ўзкимёсаноат» ва «Татнефт» ўртасида «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖнинг 100 фоиз улушини сотиш ва сотиб олиш тўғрисидаги шартнома имзоланганди. Ўша пайтда битим нархи очиқланмаган эди.

«Биринчи резинотехника заводи» ҳақида

«Биринчи резинотехника заводи» қурилиши 2017 йилда бошланган эди. 2018 йил июл ойидан заводда ишлаб чиқариш жараёни бошланган.

Завод 30 гектар майдонда жойлашган бўлиб, уни қуришдан асосий мақсад биринчи босқичда енгил автомобиллар учун шиналар ишлаб чиқариш бўлса, иккинчи босқичда конвейер тасмалари ва қишлоқ хўжалиги техникалари учун шиналар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган эди. Бу лойиҳанинг маҳаллий ташаббускори «Ўзкимёсаноат» АЖ ҳисобланади.

Заводга 2019 йил августида бош вазирнинг собиқ ўринбосари, Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими Ғуломжон Ибрагимов бош директор этиб тайинланганди.

Умуман олганда, завод четдан қарз олиб қурилган, кейин яна четдан қарз олиб пандемия даврида қўллаб-қувватланган эди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчига осон бўлсин деб шина импортига бож жорий қилинганди. Аммо 2021 йилда корхона самарасиз ишлаб келгани аён бўлганди.

Ўшанда Қонунчилик палатаси вице-спикери Алишер Қодиров 156,4 млн доллар ташқи қарз эвазига қурилган Ангрен шина заводи атиги 15 фоиз қувватда ишлаётганини айтганди. «Омборида 100 мингта шина сотилмай турибди, сабаби доимгидек – сифат талабига жавоб бермайди», деганди у Ҳисоб палатаси маълумотларига асосланиб.

Завод хусусийлаштирилганидан кейин унга берилган енгилликлар бекор қилиниши ёки йўқлиги маълум эмас.

«Татнефт» ҳақида

«Татнефт» – нефт ва газ қазиб олиш, нефтни қайта ишлаш, нефт кимёси, ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи, композит кластер, электроэнергетика саноати, нефт ва газ саноати учун ускуналарни ишлаб ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи Татаристон (Россия) нефт компанияси.

Асосий активлари Россия Федерацияси ҳудудида жойлашган, бизнес лойиҳаларни ички ва ташқи бозорларда амалга оширади.

Мавзуга оид