Ўзбекистон | 07:47 / 21.08.2024
16049
5 дақиқада ўқилади

Президент ва тадбиркорлар учрашуви: Қандай янгиликлар эълон қилинди?

20 август – Тадбиркорлар кунида анъанага кўра бизнес ҳамжамият билан мулоқот қилган президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик субъектлари учун қатор янгиликларни анонслади. Kun.uz кутилаётган муҳим ўзгаришларни санаб ўтади.

Сўнгги ойларда тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган юридик шахсларнинг лимитдан ташқари электр ва газ истеъмоли учун тариф пасайтириладиган бўлди.

31 майда қабул қилинган тартибга кўра, лимитдан ортиқча электр энергияси ишлатган юридик шахслар ортиқча ишлатилган қисми учун 2 баробар – киловатт-соатига 1800 сўмдан тўлашга мажбур бўлаётган эди. Очиқ мулоқот чоғида президент бу чеклов қисқартирилишини айтди.

“Энди электр ва газ истеъмоли лимитдан 20 фоизгача ошиб кетса ҳам базавий тариф сақланиб қолади. Агар истеъмол 20 фоиздан ўтиб кетса, ошган қисмига тўлов 20 фоиз қимматлашади. Тадбиркорлик рейтингида “юқори”, “ўрта” тоифадаги корхоналарга электр учун олдиндан тўловни бир ойда иккига бўлиб тўлашга рухсат берилади”, – деди президент.

Шавкат Мирзиёев бюджетдан, кредитдан ва бошқалардан қарзи бор тадбиркорларнинг ҳисобрақамига “инкассо” қўйилгани учун улар электр, газ ва сувга тўлов қила олмаётгани, ваҳоланки, ишлаб чиқариш тўхтамаса, қарздорлик тезроқ узилишини таъкидлади. “Энди “инкассо” бўлганда ҳам, коммунал хизматларга тўловлар тўхтатилмайди”, деди у.

Давлат раҳбари Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласига тўхталиб, Ўзбекистон 2026 йилгача ташкилотга кириш ниятида эканини билдирди.

“Ушбу ташкилотга кириш – чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, қолаверса, ислоҳотларимизнинг ажралмас бир қисми. Лекин айримлар бунга шубҳа билан қараяпти, бошқалар “корхоналар синади, импорт босиб кетади” деган хавотир билан юрибди. Бир нарсани тушуниш зарур, импорт божлари ишлайди. Шунинг учун, ташкилот аъзолари билан музокаралар ўтказяпмиз.

[...] Эртанги кунимиз – бу тенг рақобат муҳити ва экспортга қаратилган саноат ва савдо сиёсати. Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади. Чунки, халқаро ишлаб чиқариш занжирларига кирмасак, иқтисодий ўсиш биз кутгандек бўлмайди”, – дея қайд этди президент.

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, бундан буён ҳеч кимда алоҳида ҳуқуқ бўлмайди, хоҳ давлат стратегик корхонаси бўлсин, хоҳ хусусий корхона ёки хорижий инвестор бўлсин, иқтисодиётда барча тенг шароитда фаолият юритади.

Президентнинг маълум қилишича, тадбиркорлар фаолияти арзимаган камчиликлар сабаб тўхтатиб қўйилишига чек қўйилади. “1 ноябрга қадар аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий хавф солувчи мезонлар реестри ишлаб чиқилади, реестрда йўқ мезон бўйича тадбиркор фаолиятини тўхтатган мансабдор жавобгарликка тортилади”, деди давлат раҳбари. Тадбиркорга жиноят иши қўзғатишга асос бўладиган солиқ қарздорлиги миқдори 2 баробаргача, яъни 200 млн сўмгача оширилиши ҳам кутилмоқда.

Яна бир янгилик: ҚҚС тўлашга ўтган кафе ва ресторанларга фойда солиғи 2 баробарга камайтирилади. Улар 1 декабрдан бошлаб нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди. Умумий овқатланиш корхоналарига, меҳмонхона ва туроператорларга ўзлари тўлаган ҚҚСнинг 20-40 фоизи қисми кешбек сифатида қайтариб берилади. Шунингдек, кафе-ресторанларга баҳор-ёз ойларида ўзларига туташ майдонларда стол-стул ва соябон қўйиб ишлашга рухсат берилади.

Очиқ мулоқотда аукциондан ер сотиб олиш бўйича ҳам бир қатор янгиликлар айтилди. Жумладан, тадбиркорлар аукциондан ер сотиб олганда, ҚҚС ҳисоблаш бекор қилинади. Ерлар қийматини бўлиб тўлаш, бирданига тўлаганда эса чегирма олиш имконияти яратилади. Йирик лойиҳаларда тадбиркор ер қийматини устав фондига давлат улуши сифатида киритиши, кейинроқ истаган пайтда бу улушни ўзи сотиб олиши мумкин бўлади. Ер савдосидан тушган маблағларни биринчи навбатда “снос”лар бўйича тадбиркорлар олдидаги давлат қарзини сўндиришга сарфлаш режа қилинган.

Шавкат Мирзиёев ўтказилган сўровларда тадбиркорларнинг 38 фоизи ислом молияси асосида ресурс олиш истагини билдирганини таъкидлаб, Ислом молиясига оид янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини айтиб ўтди. “Бу – янги молиявий хизматлар тақдим этилиши, кўп инвесторлар кириб келиши ва 5 миллиард долларлик қўшимча ресурс пайдо бўлишига туртки беради”, – деди президент.

Давлат раҳбари тадбиркорлар билан мулоқотда кўтарилган шу ва бошқа масалалар бўйича тегишли ҳужжатлар ишлаб чиқишни тезлаштиришга топшириқ берди.

Мавзуга оид