Ўзбекистон | 23:06 / 10.03.2020
11159
3 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг эски шаҳар ҳудуди тарихий кўринишдаги туристик савдо зонасига айлантирилади

Тошкентнинг эски шаҳар қисмида тарихий кўринишга эга туристик савдо зонаси ташкил этилади. Лойиҳа 10 март куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди.

Туристик савдо зонасига оид тафсилотлар ҳозирча маълум эмас.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари пойтахтда қуриладиган муҳташам кутубхона ва Миллий архив биноси билан ҳам танишган.

«Миллий архив фонди ўзининг кўлами, ҳажми, ноёблиги жиҳатидан минтақамизда етакчилардан. Ҳозир бу ерда 1 миллион 800 минг сақлов бирлигидан ортиқ турли даврга оид ҳужжатлар сақланади.

Қурилиши кўзда тутилган янги архив биноси замонавий архитектура ечимлари ва талабларни тўлиқ ўзида мужассам қилади. Иншоот 1-тоифадаги алоҳида муҳим обьектларнинг талаб ва мезонлари асосида барпо этилади. Энг аввало, архив сақловхоналари сиғимини 3 миллион ҳужжатга мос ҳолда ошириш, репозиторий учун жой ташкил этиш, ўқув залини кенгайтириш, тадқиқотчиларга хизмат кўрсатиш сифатини юқори даражада таъминлаш учун замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишга шароитлар яратилади.

Қолаверса, ушбу лойиҳаларда туризмни ривожлантириш мақсадида хорижий фуқароларни жалб қилган ҳолда архив кўргазмаларини ташкил этиш имкониятлари ҳам кўзда тутилган.

Тақдим этилган лойиҳада улкан ўқув зали мажмуаси, анжуманлар ва кўргазмалар учун заллар, илмий маълумотлар кутубхонаси ҳамда музей, кинозал, буфет ва музокаралар учун хоналар инобатга олинган.

Президентимиз мазкур лойиҳаларни янада такомиллаштириш, аҳолимиз учун кенг қулайликлар яратиш юзасидан ўз тавсияларини берди.

Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи комплексларининг намунавий лойиҳалари тақдимот қилинди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 18 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорида Маҳалла маркази мажмуаларини қуриш кўрсатиб ўтилган. Шундан келиб чиқиб, лойиҳаларда инновацион технологиялардан, арзон, энергия тежамкор материаллардан фойдаланиш назарда тутилган. Уларни давлат-хусусий шерикликнинг шартлари асосида пухта, сифатли ва намунавий лойиҳалар асосида қуриш белгиланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларда барпо этиладиган ушбу комплексларнинг намунавий лойиҳалари билан яқиндан танишиб ўз кўрсатмаларини берди», – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид