Жаҳон | 09:32 / 11.11.2025
2049
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Сенати шатдаунни тугатишга қаратилган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади

АҚШ Сенатида рекорд даражада узоқ давом этган шатдаунни тўхтатиш имконини берадиган қонун лойиҳаси зарур овозларни қўлга киритди, деб хабар бермоқда Reuters ва бошқа ОАВ 11 ноябр куни тонгда. Эндиликда ҳужжат Вакиллар палатасидан ўтиши керак.

Фото: ABC News

CNN маълумотига кўра, 11 ноябрга ўтар кечаси бюджет бўйича муроса варианти учун 60 сенатор овоз берди, 40 нафари эса қарши чиқди. Ҳужжатни қўллаб-қувватлаганлар орасида етти демократ ва демократларни қўлловчи бир мустақил сенатор бор. Бир республикачи сенатор — Кентуккидан Рэндал Пол — қарши овоз берди.

Республикачилар ва бир қатор демократлар ўртасида Сенатдаги келишувнинг асосини келгусида тиббий суғурта бадаллари бўйича солиқ имтиёзларини узайтиришга доир овоз бериш тўғрисидаги битим ташкил этади. Бундан ташқари, келишувга биноан, шатдаун даврида ишдан бўшатилган федерал хизматчилар ишга тикланади ва тўланмай қолган маош қарзлари қопланади.

АҚШда шатдаун 41 кундан бери давом этмоқда — бу мамлакат тарихидаги энг узоқ танаффус. Президент Доналд Трампнинг партиядошлари бўлган республикачилар ва демократлар ўртасида федерал бюджет бўйича келишмовчиликлар туфайли тахминан 750 минг федерал хизматчи маошсиз мажбурий таътилга чиқарилган.

Фақат муҳим таъминотга дахлдор тизимлар — авиадиспетчерлик хизмати, полиция, чегарани қўриқлаш ва тез тиббий ёрдам учун истиснолар мавжуд. Шатдаун ортидан юзага келган молиявий қийинчиликлар сабаб кўплаб авиадиспетчерлар ишини тўхтатди. Шунинг учун АҚШда минглаб рейслар кечиктирилди ёки бекор қилинди. 10 ноябр куни Дональд Трамп маош кечиккан даврда вазифаларини бажаришдан бош тортган авиадиспетчерларга тўловларни “жиддий қисқартириш” билан таҳдид қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид