Ўзбекистон | 09:51 / 07.07.2024
28568
3 дақиқада ўқилади

Ангренда машинани соатига 157 км тезликда бошқарган аёлга чора кўрилди

Аёл қоидабузарлиги қайд этилган видеони Instagramʼдаги саҳифасига жойлаган ва йўлларда болалар кўп ўлаётгани ҳақидаги эътирозларга “У болачаларнинг тақдири онасининг қорнида ёзилиб бўлган”, деб жавоб берган.

Фото: Видеодан кадр

Аввалроқ Kun.uz’да Instagramʼдаги саҳифасига исм-шарифи Мадина Шамсутдинова деб ёзилган аёл Equinox машинасини Ангрен шаҳри Гурум маҳалласи кўчаларида соатига 156 км тезликда бошқаргани ва ҳолатни видеога олиб Instagramʼдаги саҳифасига жойлагани ҳақида хабар берилганди.

Видео остидаги изоҳларда Instagram фойдаланувчилари аёлга танбеҳ бериб, машиналарнинг тез юриши оқибатида болалар ҳалок бўлаётганини ёзганда у “У болачаларнинг тақдири онасининг қорнида ёзилиб бўлган”, деб жавоб берган.

Хабар сайтда эълон қилингандан кўп ўтмай аёл ўз саҳифасидан Equinox машинасида тез юргани ва телефондан фойдалангани тасвирланган видеоларни ўчириб ташлади.

Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, Equinox машинаси ва уни жуда катта тезликда бошқарган аёл топилган. Унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий баённома тузилган.

ЙҲХБ ўз Телеграм каналида эълон қилган видеода аёл машинани аҳоли пунктларида соатига 157 км тезликда бошқариш мумкин эмаслигини билмаслигини таъкидлаган.

ЙҲХБ эълон қилган видеода аёлнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлганми йўқми ойдинлик киритилмаган. Мабодо аёлда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлса, Ўзбекистонда аҳоли пунктида машинани қандай тезликда бошқаришни билмайдиган шахсга уни ким ва қачон қандай тарзда берганини ҳам текшириб кўриш керак.

Ўзбекистонда транспорт воситаларига:

  • Тошкент, вилоят ва туман марказларида максимал ҳаракатланиш тезлиги 60 км/соат;
  • бошқа аҳоли яшаш пунктларида 70 км/соат;
  • аҳоли пункти бўлмаган бошқа йўлларда 100 км/соат;
  • шаҳарлараро қатнайдиган автобус ва юк машиналарига 90 км/соат;
  • бошқа автобуслар, тиркамали енгил автомобиллар, мотоцикллар, рухсат этилган тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларига тезликни 80 км/соатдан оширмасдан;
  • тиркамали юк автомобилларига тезликни соатига 70 км/соатдан оширмасдан ҳаракатланиш рухсат этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 июл куни Навоий вилояти Хатирчи туманида 2-синф ўқувчиси пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётганида уни жуда катта тезликда ҳаракатланган машина туртиб ўтиб кетади.

Қизча пиёдалар йўлакчасига йиқилган пайтда уни соатига 142 км тезликда кетаётган BYD машинаси босиб ўтиб кетади. Оқибатда, оғир тан жароҳатлари олган қизча воқеа жойида ҳалок бўлган.

Хатирчидаги ҳалокат тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиши ортидан жуда кўп фаоллар қоидаларни бузиб ҳаракатланадиган, одам босиб ўлдирадиган ҳайдовчиларга нисбатан жазолар кескинлаштирилиши лозимлигини айтиб чиқишди. Айрим блогерлар эса республика ЙҲХББни тарқатиб юбориш кераклигини ҳам ёзишди.

Мавзуга оид