“Йўлларда болалар ўлмоқда, тизимли ўзгаришлар керак” – фаоллар қонли ЙТҲлар ҳақида
Навоий вилоятида 2 та BYD кроссоверлари ўзаро пойга ўйнаб, аҳоли яшаш пунктида пиёдалар йўлагидан ўтаётган ёш қизчани босиб ўтиб кетиши жамоатчиликни ларзага солди. Фаоллар болаларнинг бундай ўлим топаётганида қонун ва қарор қабул қилувчилар бирдек айбдор, деб ҳисоблашмоқда. Ҳайдовчиларга жарима баллари қўлланиши тезроқ амалиётга киритилмаса, қоидабузарлик учун жарималар оширилмаса, жазо муқаррар ва қақшатқич бўлмаса вазият ўнгланмайди.
Хатирчи туманида 2-синф ўқувчиси пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётганида уни BYD машинаси уриб, босиб ўтиб кетди. Ҳайдовчи машинани аҳоли яшаш ҳудудида 142 км/соат тезликда бошқарган. 4 июл куни тармоқларда тарқалган видеони кўриб даҳшатга тушишдан ўзига келиб улгурмаган одамлар, Самарқандда "Нексия-3" автомобили 7 ёшли қизни устидан босиб ўтиб кетиб ўлдирганини кўришди.
Бу қўрқинчли ва аянчли тасвирлар жамоатчиликни ларзага солди. Жамоатчилик фаоллари, ҳуқуқшунос ва иқтисодчилар бу борада зудлик билан чоралар кўрилиши кераклигини айтишмоқда. Kun.uz шулардан баъзиларини бир мақолага жамлади.
“Биз ҳаммамиз айбдормиз. 6 йил ўтди, лекин ҳеч нарса қилинмади”
Блогер Никита Макаренко 2018 йилда йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси тугатилиши кераклиги ҳақида ёзганини эсларкан, ҳозир ҳам шу фикрида қолганини айтмоқда. У 6 йил ўтган бўлса ҳам масъуллар автоҳалокатларни камайтириш борасида бирор ишни амалга оширмаган деб ҳисоблайди.
“Стратегия йўқ, реал режалар йўқ, хавфсиз кўчалар йўқ, бирортаси йўқ. Жазонинг муқаррарлиги ҳам йўқ, бундай яшаб бўлмайди.
Бутун Ўзбекистон Навоийда автомобил ғилдираклари орасида қолиб, вафот этган қизалоқни муҳокама қилмоқда. Ҳеч қайси машина уни ўтказиб юбориш учун пиёдалар йўлагида тўхтамади. Бу ўлим (қолган ҳаммаси)га нафақат ҳайдовчилар, балки:
- қотил ҳайдовчиларга нисбатан ҳали ҳам ҳақиқий чораларни кўра олмаётганлар (автомобил ва ҳайдовчилик гувономасидан маҳрум қилиш, амнистияси қамоқ жазоси, баллар тизими. Қани улар?);
- пиёдалар учун реал хавфсиз муҳандислик чораларини кўра олмаётган одамлар (мажбурий кўтарилган ўтиш жойлари, светофорлар);
- "60 км/соат кам, 70 км/соат тезликни қайтаринг" деб йиғлаётган аҳмоқ ва ношуд одамлар айбдор. (Ҳамма блогерлар, фаоллар жарималарни ошириш ҳақида ёзишсин. Бизга 50 км/соат керак. Ва ҳар бир бурчакка радарлар ҳам, 10 млн сўмгача жарималар ҳам зарур! Ҳайдовчилик гувоҳномасидан ҳам маҳрум қилишсин)”,– дейди у.
Блогернинг қўшимча қилишича, етарли чора кўрмаганларнинг ҳаммаси болалар ўлимида айбдор. “Биз ҳаммамиз айбормиз. Нимадир қилишга ҳаракат қиляпмиз, лекин 6 йил ўтди. Ҳеч нарса қилинмади”, – дея ёзган Макаренко.
“Яна бир болажон машина тагида қолиб ўлди: кўзёшларнинг оғирлиги йўқ”
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев эса айни вазиятда қонунчиликда тизимли ўзгаришлар қилиниши зарурлигини таъкидлаган. У постида масъуллар муаммони ҳал қилиш учун хоҳиши йўқлигига ишора қилган.
“Афсуски, бунақа ҳолатларни кескин камайтира олмаяпмиз, чунки буни чин дилдан хоҳлаб, ҳаракат қиладиган мардлар топилмаяпти.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилашга оид жиддий чоралар кўриш пайтида шу соҳа тепасидаги масъуллар ҳам, ҳукумат вакиллари ҳам ижтимоий тармоқдаги “автотеррорист”ларнинг оҳ-воҳидан хавотир олади ва қўрққанидан улар билан ҳисоблашади.
Аслида эса ҳукумат шаҳар ичида 170 тезликда юрадиган “автотеррорист”лар билан эмас, аксинча қоидабузарлар туфайли фарзандини, ота-онасини ва бошқа жигарларини йўқотган фуқаролар билан ҳисоблашиши керак эди. Уларнинг дардини эшитиши ва бошқа қайтарилмаслиги учун кескин чоралар кўриши шарт эди. Афсуски бизда ундай эмас. Минг афсус.
Ўзи тинимсиз радарга тушиб, кейин видеода “вой-дод, ойлигим кам, энди бу жаримани қандай тўлайман” деб йиғлайдиган аҳмоқлар, қанча кўп қоида бузганини ижтимоий тармоқлар орқали кўз-кўз қилиб, мақтанадиган машҳур калтафаҳм санъаткор ва блогерлар, қонунларга қанчалик тупуриб қўйганини кўрсатишга уринадиган каттаконларнинг бетайин арзандалари Ўзбекистонда тарози палласини кўпроқ босиб юбормоқда. Уларнинг тоши оғир, боласини йўқотганларнинг кўзёшлари эса енгил келмоқда.
Афсус, минг афсус…”,– дейди у.
Ҳуқуқшунос пости давомида Сенатда ҳанузгача тақдири ҳал қилинмаган йўл хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга оид қонун лойиҳасини эслаган.
“Энг қизиғи, биз бор нарсани ҳам эплаб охирига етказа олмаймиз. Бутун бошли Конституцияга қарши иш қилаётган бўлсак ҳам, томошабин бўлиб тураверамиз.
Масалан, ўтган йили ҳайдовчилар учун жарима баллари тизимини жорий этишга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Аслида бу тизим 2022 йил 1 декабрда ишга тушиши керак эди, бу ҳақда Президент қарорида айтилганди. Лекин 1 ярим йилдан буён қарор талабини бажаришмаяпти. 2023 йил ноябрь ойига келиб, бу ҳақдаги қонун Парламентда кўриб чиқилишни бошлади.
Мана шу яхши қонуннинг ҳам бошига етишди. Энг аввало айрим мансабдорлар қонуннинг ичига умуман мазмунан мос келмайдиган Конституцияга зид битта моддани қўшиб юборишган. Яъни орган ходимини видео ва фототасвирга олиб, Интернетга жойлаш мумкин эмас, деган қоидани тиқишган. Ваҳоланки, бу қоида Конституциядаги ахборот олиш ва тарқатиш ҳамда сўз эркинлигига зид. Ички ишлар вазирлиги қилганми буни ёки бошқа ташкилотнинг буюртмаси бўлганми, маълум қилинмади.
Бу қонун учун намуна олинди деб айтилган Франциядаги қонунни Франция Конституциявий суди бекор қилиш ҳақида қарор чиқарган, чунки бу французларда ҳам Конституцияга зид деб топилган”, – дейди Худойбердиев.
Мутахассиснинг айтишича, масалага бефарқ бўлиш керакмас, қонун тезкорликда қабул қилиниши лозим.
“Очиғи мен бу қонун бўйича кўп ҳам босим қилишни хоҳламаётган эдим, чунки бизда шунақа босим бўлса, "тезда тасдиқлаворайлик" деб қолишлари мумкин ва ҳалиги аҳмоқона модда ҳам кучга кириб кетиши ҳеч гап эмас.
Лекин кўп кута олмаймиз ҳам. Ҳар куни йўлларимизда болалар ўляпти ахир.
Агар бефарқ бўлмасангиз каналингиз номини "йўлларда болалар ўлмоқда" га ўзгартиришингизни сўраб қоламан.
Қонуний томондан тизимли ўзгаришларни тезроқ кучга киритиш зарур”,– дейди ҳуқуқшунос.
“Шахсий манфаатлар инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келмоқда”–
Собиқ депутат, айни вақтда Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ҳам ҳуқуқшуноснинг фикрини давом эттирган ҳолда жарима баллари муҳимлигини эслатган.
“Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизими”ни тезроқ ишга тушириш зарур.
Ички ишлар вазирлиги ва бошқа масъуллар ушбу тизимни ишга тушириш бўйича қонун лойиҳасига бошқа масалаларни (тасвирга олиб тарқатганлик учун жазо) аралаштирмаганида қонун аллақачон қабул қилинган бўларди.
Бугун идоравий, шахсий манфаатлар кўплаб ҳайдовчиликка номуносиб шахсларнинг рул бошқарувида қолиши ва инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келмоқда. Йўлларда сиз-у бизнинг фарзандларимиз, яқинларимиз ёки ўзимизни босиб ўлдиришга тайёр потенциал қотиллар кўп. Уларни ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиб, автомобил бошқарувига яқинлаштирмаслик чоралари кўрилмаса эртага ҳамманинг бошига етишади”,– дейди у.
Кушербаев агар қоидабузарликларни жарима баллари орқали баҳолаш тизими тезроқ жорий қилинганда Ғаллаоролда ЙТҲ содир этган йигитнинг ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси аввалги қоидабузарликлари учун олиб қўйилган бўларди ва у ўқувчиларни босиб кетмасди – деган фикрда.
Қиммат жарима, қақшатқич ва муқаррар жазо бўлиши керак
Иқтисодчи Шуҳрат Қурбонов ҳам шу масалада ўз фикри билан бўлишиб, муҳим 4 та таклифини илгари сурган.
“1. [Йўл қоидаларини бузиш билан боғлиқ] қатор жарималардаги, масалан, тезликни 20 км/соатдан оширишга, қизилдан ўтишга, полосани босишга, фавқулодда автомобилни бошқаришга нисбатан чегирмаларни олиб ташлаш керак. Тушумларни оширмоқчи бўлсангиз, тескарисини қилинг – ҳар 2 ҳафтада жарима суммасини 30-50 фоизга оширинг. Шуни синаб кўринг, бу чегирмадан кўра яхшироқ ишлайди.
2. Хавфли ҳайдаш тушунчасини кенгайтириш керак – йўлда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш (чизиқни босиб эмас, айнан қарама-қарши йўналишда ҳайдаш), шаҳар ичида тезликни 40 км/соатдан оширганлик учун [ҳайдовчининг] гувоҳномасини 6 ой ва ундан кўп муддатга олиб қўйиш керак.
3. Ҳамма камераларни жойига қайтариш керак. Шаҳарнинг кўп жойларида номаълум сабабларга кўра, камералар ғойиб бўлган. Уларнинг сонини кўпайтириш керак. Нафақат тезликни қайд этадиган, балки автомобилни бошқариш вақтида телефондан фойдаланганликни ҳам ёзиб оладиган бўлиши зарур.
4. Назоратда инсон омилини йўқотиш керак, қайси рақамдаги, қандай ҳарфдаги автомобил ҳайдовчиси қоидани бузгани аҳамиятсиз, қоидани буздими, жаримани тўласин. Ўйлайманки, ҳурматли одамларимизда жаримани тўлаш учун етарлича пул бор.
Ҳурматли қарор қабул қилувчилар, булар бугун қилиниши керак бўлган меъёрлар, то сизнинг яқинингиз ЙТҲ қурбони бўлмагунча кутманг”,– дейди у.
Шунингдек, Қурбонов амалдаги Маъмурий жавобгарлик кодексининг такрор ҳуқуқбузарликлар учун жазо кучайтирилиши ҳақидаги нормаси ҳам қонуний эканини ёзиб, бу хато эканига ишора қилган.
Маълумот учун, 2024 йилнинг 5 ойида 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Бунинг оқибатида 65 нафар бола ҳалок бўлган. Навоий ва Самарқандда ғилдираклар остида қолган болалар эса йил бошидан буён нечанчи қурбони экани номаълум.
Мавзуга оид
18:47 / 03.12.2024
Андижонда мактаб ўқувчилари “қизил тоифа”га ажратилди
20:40 / 28.11.2024
TikTok ўсмирларга «гўзаллик филтрлари»дан фойдаланишни чеклайди
19:03 / 22.11.2024
"16 ёшли" аёлнинг 1 яшар эгизак фарзанди. Эрта никоҳни тарғиб қилганлар огоҳлантирилди
14:33 / 21.11.2024