Наманганда ўқувчилар ижарага олинган Gentraʼда ЙТҲга учради. Машинани бошқарган ўсмир вафот этган
Йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб, катта тезликда юк машинасига урилган Gentraʼда 5 ўқувчи бўлган. Уларнинг 1 нафари – машинани бошқарган ўсмир вафот этган, қолганлари шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Наманган шаҳрида вояга етмаганлар иштирокида мудҳиш ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Наманган вилояти телевидениеси хабар берди.
Маълум қилинишича, ЙТҲ 2 октябр куни соат 11:00 лар атрофида содир бўлган. 5 нафар ўқувчи ижарага Gentra машинасини олиб, шаҳарнинг Марғилон кўчаси бўйлаб катта тезликда бошқариб бораётганида йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган. Йўл ўртасидаги бетон тўсиқдан ошиб ўтган машина юк машинасига бориб урилган.
ЙТҲ оқибатида машина бошқарувида бўлган, 2007 йилда туғилган ўсмир вафот этган. Шунингдек, 2007 йилда туғилган 3 нафар ҳамда 2009 йилда туғилган 1 нафар ўсмир оғир тан жароҳати олиб, РШТЁИМ Наманган вилояти филиали жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Марказ шифокорининг билдиришича, уларнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Улардан бирида клиник ўлим ҳолати кузатилган ва кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли ҳаёти сақлаб қолинган. Ҳозирда уларнинг барчаси кома ҳолатида ва сунъий нафас олиш аппаратига уланган.
Вояга етмаган ўқувчиларга машина берган ижарачи билан боғлиқ маълумотлар ҳозирча очиқланмаган. Орадан 5 кун ўтганига қарамай Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ ҳодиса юзасидан муносабат билдирмаган.
Аввалроқ Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида репетиторга кетаётганида икки ўқувчини машина уриб кетиши оқибатида улардан бири вафот этганди. Ромитан тумани ҳокими ёрдамчиси содир этган ЙТҲда эса 3-синф ўқувчиси ҳалок бўлганди.
Охирги ҳафталарда Қашқадарёнинг Қамаши туманидаги мактаб олдида 8-синф ўқувчиси, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги мактаб олдида эса 11 ёшли қиз ҳалок бўлди. Тошкент шаҳри Сергели туманида 9 ёшли қиз, Шайхонтоҳур туманида 19 ёшли қиз автоҳалокат қурбони бўлди.
Олий Мажлис Сенати маълумотларига кўра, 2024 йилнинг дастлабки беш ойи давомида 65 нафар ўқувчи автоҳалокатларда қурбон бўлган, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳати олган.
Мавзуга оид
16:53
Наманганда 4 кишини Британияга ишга юбориш эвазига 12 минг доллар олган шахс ушланди
15:28
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
20:04 / 21.11.2024
Отасининг ёнига кўмилган қизалоқлар: опа-сингил маст “пойгачи”нинг қурбони бўлди
11:28 / 21.11.2024