Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳокимининг “Ифтихор” МФЙ бўйича ёрдамчиси Элёр Тошпўлатов ўзининг бошқарувидаги “Нексия-2” автомобилида содир этган йўл-транспорт ҳодисасида 10 ёшли бола вафот этди, деб хабар бермоқда Kun.uz манбаси. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари ушбу ҳодиса ҳақиқатда юз берганини тасдиқлади.

Маҳаллий Telegram-каналлардан бирида “ҳайдовчи қоидаларни бузган ҳолда катта тезликда ҳаракатлангани” айтилади.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳоким ёрдамчисининг хатти-ҳаракатлари кадрлар бўлими томонидан ўрганилмоқда.

Бу ҳодиса ҳақида Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан расмий маълумот берилмаган.

Бу жорий ҳафтада мактаб ўқувчисининг йўл-транспорт ҳодисасида вафот этиши билан боғлиқ иккинчи ҳодисадир. 20 сентябр куни Тошкент шаҳри Сергели туманида қоидаларни бузган ҳолда тез ҳаракатланган BYD электромобили ўқувчи қизни уриб юбориши туфайли 9 ёшли ўқувчи қиз ҳалок бўлди.