Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Норвегияда монархия инқирози юзага келди
Валиаҳд маликанинг ўғли жинсий зўравонликда айбланмоқда. Унинг ўзи эса Эпштейн билан ёзишмалар олиб борган. Сўровномалар монархиядан республика тизимига ўтиш тарафдорлари кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Фото: Hokon Mosvold Larsen / NTB / AFP / Scanpix / LETA
Норвегияда валиаҳд малика Метте-Маритнинг ўғли Мариус Борг Ҳёйбининг иши бўйича суд бошланди. Осло полицияси уни 1 феврал куни ҳибсга олган. Унга зўрлаш, тан жароҳати етказиш, пичоқ билан қўрқитиш ва муайян шахсга яқинлашиш бўйича суд тақиқини бузиш айбловлари қўйилган. Иш тафсилотлари ошкор қилинмаяпти. Катта эҳтимол билан, гап Ҳёйбининг собиқ севгилиси билан муносабатлари ҳақида кетмоқда.
2024 йилда полиция Ҳёйбини оиладаги зўравонлик, зўрлаш, суд тақиқини бузиш ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасисиз машина бошқаришда айблаб, бир неча бор ҳибсга олган. Прокуратура бир йил ўтиб тайёрлаган айблов хулоласи 32 банддан иборат эди, кейинроқ унга яна олти банд қўшилди.
Бир неча аёл жабрланувчи сифатида қайд этилган. Уларнинг аксари анонимликни сақлаб қолган, модел ва «Севги ороли» реалити-шоуси собиқ иштирокчиси Нори Ҳаукланд бундан мустасно. У Ҳёйби билан 2022–2023 йиллар мобайнида учрашиб юрган.
Ҳёйби судгача озодликда эди, аммо якшанба куни янги айбловлар бўйича қўлга олинганидан сўнг, суд уни ҳибсда қолдиришга қарор қилди. Биринчи суд мажлисида у зўравонлик иши бўйича ўзини айбдор деб тан олмаслигини маълум қилган.
Ҳёйби 2017 йилда ҳам судланганди. Ўшанда у гиёҳванд моддалар сақлагани учун тўрт минг крона (400 евро атрофида) миқдорида жаримага тортилганди. 2024 йилга ҳибсга олинганида қон таҳлили у кокаин, экстази ва мариҳуана истеъмол қилганини кўрсатган.
Мариус Борг Ҳёйби 1997 йилда туғилган. Унинг онаси Метте-Марит Ҳёйби ўшанда официант бўлиб ишлаган. Отаси – Мортен Борг – Метте-Марит билан танишишидан бироз олдин қамоқдан чиққан наркодилер бўлиб, озодликда бироз вақт ўтказгач, яна қамоққа қайтган. 1999 йилда Метте-Марит мусиқа фестивалида валиаҳд шаҳзода Хокон билан танишади ва у билан учраша бошлайди. 2001 йилда улар турмуш қуришади ва Мариус шаҳзоданинг асраб олинган ўғлига айланади. У расман қироллик хонадони аъзоси ҳисобланмайди.
Хокон – Норвегия тахтининг навбат бўйича биринчи ворисидир (унинг отаси, қирол Ҳаралд V, ҳозирда 88 ёшда). Ундан кейин Метте-Марит билан турмушидан туғилган икки фарзанди туради: малика Ингрид Александра ва шаҳзода Сверре Магнус. Навбат бўйича тўртинчи номзод – қирол Ҳаралднинг қизи ва валиаҳд шаҳзоданинг синглиси, малика Марта Луиза туради. 2024 йилда у ўзининг конспирологик қарашлари билан машҳур бўлган америкалик Дурек Верретга турмушга чиққан. У ўзини шаман деб атаган.
Lise Aserud / NTB / AFP / Scanpix / LETA
Мариус Борг Ҳёйбининг ҳибсга олиниши бошқа бир катта можаро билан бир вақтга тўғри келди. Молиячи Жеффри Эпштейн иши бўйича ҳужжатларда валиаҳд малика 2011–2014 йилларда (бу вақтда у вояга етмаганларни фоҳишаликка жалб этиш билан шуғулланганини тан олганди) Эпштейн билан ёзишмалар олиб боргани маълум бўлди.
Малика Эпштейнни «мафтункор», «кўнгилчан» ва «ҳақиқий қалб одами» деб атаган. У ўз хатида унинг исмини гугл қилиб кўрганини айтади ва смайлик қўшган ҳолда «бу унчалик яхши кўринмаяпти» дейди – турган гапки, у бу орқали унга қарши жинсий зўравонлик ва одам савдоси бўйича ишларни назарда тутган. Бошқа хабарида эса Метте-Марит уйланиш учун Скандинавия аёллари энг тўғри танлов бўлишини айтади. Бошқа бир хатда Эпштейндан она учун 15 ёшли ўғлига экранга заставка сифатида сёрфинг тахтасини кўтариб турган икки яланғоч аёл акс этган суратни таклиф қилиш қанчалик ўринли бўлиши ҳақида сўраган.
Метте-Марит расмий баёнот бериб, Эпштейн билан мулоқот қилиш орқали хатога йўл қўйганини тан олган ва бунинг учун қаттиқ уялишини қўшимча қилган.
Бу можаролар валиаҳд маликанинг саломатлиги ёмонлашиши фонида рўй берди. У ўпка фиброзидан азият чекади – бу оғир хасталик бўлиб, унда ўпка чандиқлар билан қопланади ва аста-секин ўз функцияларини бажаришдан тўхтайди. 2025 йил декабрида қироллик хонадони 52 ёшли Метте-Марит тез орада ўпка трансплантациясига зарурат сезишини маълум қилганди.
Норвегиядаги энг йирик Aftenposten газетасида Метте-Марит бу можаролардан кейин қиролича бўла олиши шубҳа остига олинган материал эълон қилинди. Норвегия бош вазири Юнас Гар Стёре эса «Эпштейн файлларида тилга олинган норвегияликлардан изоҳ кутиши»ни билдирди.
3 феврал куни Норвегия парламенти монархияни бекор қилиш ва республика тизимига ўтиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. 169 депутатдан 141 нафари миллий бирлик рамзи сифатида монархия институтини сақлаб қолишни ёқлаб овоз берган. Verdens Gang газетаси буюртмаси билан ўтказилган ва парламентдаги овоз бериш жараёни арафасида эълон қилинган ижтимоий сўровномага кўра, норвегияликларнинг 61 фоизи монархия сақланиб қолиши тарафдори ҳисобланади. Бир йил олдин эса худди шу каби сўровнома фуқароларнинг 72 фоизи монархия институтини ёқлашини кўрсатганди, 2017 йилда эса бу кўрсаткич – 81 фоизга тенг бўлган.
Мавзуга оид
08:40 / 23.03.2026
Норвегия Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳаларига қизиқиш билдирди
13:37 / 14.03.2026
Зеленский: АҚШ санкцияларни юмшатиши Россия позициясини фақат мустаҳкамлайди
11:23 / 13.03.2026
Мерц: Осло билан шериклик “ниҳоятда яхши” ривожланмоқда
09:47 / 12.03.2026