Ўзбекистон | 08:40
377
1 дақиқада ўқилади

Норвегия Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳаларига қизиқиш билдирди

Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонаси вакиллари Норвегиянинг TOMRA Systems ASA компанияси вице-президенти Томас Моргенштерн билан онлайн мулоқот ўтказди.

Фото: Kun.uz 

“Дунё” АА хабар беришича, музокаралар чоғида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида айланма иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, TOMRA Systems ASA компанияси Ўзбекистон Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда соҳада қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирган.

Шунингдек, мулоқот давомида экологик ташаббусларни амалга ошириш учун Норвегия грантларини жалб қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар TOMRA раҳбариятининг 2026 йил июн ойида Тошкентда ўтказиладиган халқаро инвестиция форумида иштирок этиши, шунингдек, Ўзбекистон вакилларининг Норвегияга ташрифини ташкил этиш масалалари юзасидан келишиб олди.

Маълумот учун, TOMRA Systems ASA 1972 йилда ташкил этилган бўлиб, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш, айланма иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш йўналишларида жаҳон бозорида етакчи компаниялардан бири ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид