Ўзбекистон | 14:35 / 03.10.2023
20530
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда темирйўл чипталари нархи оширилади

20 октябрдан маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездлари чипта нархлари тариф қисми 50 фоизга, юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари чипталари тўлиқ нархи 100 фоизга оширилади.

Фото: Kun.uz

«Ўзбекистон темирйўллари» йўловчи ташиш хўжалигидаги йўловчи чипталари нархи оширилишини маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, 2023 йилнинг 20 октябр санасидан маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездлари чипта нархларининг тариф қисми 50 фоизга, юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари чипталари тўлиқ нархининг 100 фоизга оширилади.

Қайд этилишича, йўловчи поездлар чипта нархлари сўнгги марта 2018 йилда маҳаллий йўналишларда, 2019 йилда юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездида қайта кўриб чиқилган бўлиб, охирги 4-5 йил мобайнида тарифлар ўзгаришсиз қолиб келган. 

2019-2022 йиллар ва 2023 йилнинг 9 ойи давомида республикада иш ҳақи миқдори 2,4 баробарга, электр энергияси ва ёнилғи нархлари, логистика ва транспорт харажатлари сезиларли даражада ошган, шунингдек, йўловчи вагон паркларини янгилаш, янги поездларни харид қилиш, темирйўл вокзалларини замон талабларига мос равишда сақлашни ҳисобга олган ҳолда чипталар нархига ўзгартиришлар киритилмоқда.

«Ҳурматли йўловчилар, темирйўл хизматларидан фойдаланаётганингиз учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз ҳамда темирйўл соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни тўғри қабул қилишингизни сўраймиз», дейилади «Ўзтемирйўлйўловчи» хабарида.

Мавзуга оид