Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ҳонгконгдаги ёнғин қурбонлари орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмади» — ТИВ
Ҳонгконгдаги ёнғин жума куни эрталаб «тўлиқ ўчирилган» деб эълон қилинди. Қурбонлар сони 128 кишига етди, яна 200 киши қидирилмоқда. Коррупцияга қарши мустақил комиссия иш юзасидан 8 кишини ҳибсга олди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирги вақтга қадар ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаганини билдирди.
Фото: Reuters
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов Ҳонконгдаги турар жой мажмуасида юз берган ёнғин бўйича Хитойдаги дипломатик ваколатхоналаримиз маҳаллий ҳокимият вакиллари билан алоқа ўрнатганини маълум қилди.
«Ҳонконгдаги турар жой мажмуасида юз берган фожиали ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик. Марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик ва чуқур таъзиямизни билдирамиз. Жароҳат олганларга эса тез фурсатларда шифо тилаймиз», дейилади Бурҳонов баёнотида.
Шунингдек, ТИВ расмийси Kun.uz’га «ҳозирги вақтга қадар ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлиги»ни маълум қилди. Ушбу масала доимий равишда ТИВ назоратига олинган.
Аҳрор Бурҳонов зарур ҳолларда ёрдамга муҳтож Ўзбекистон фуқаролари қуйидаги дипломатик ваколатхоналарга мурожаат қилиши мумкинлигини билдирди.
- Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси: телефон: +86 185 1441 7274 +86 (10) 6532 6305. Электрон почта: [email protected]
- Ўзбекистоннинг Шанхайдаги Бош консуллиги: телефон: +86 132 4800 8171
- Ўзбекистоннинг Гуанчжоудаги Бош консуллиги: телефон: +86 132 4970 0996
Ёнғин қурбонлари сони ошмоқда
Ҳонконг ўт ўчирувчилари 28 ноябрга келиб йирик ёнғин биноларидан яна ўнлаб жасадларни топди. Шаҳар тарихидаги энг ҳалокатли ёнғиндаги қурбонлар сони камида 128 нафарга етди.
Ҳонконг ёнғин хизматлари расмийсига кўра, қутқарувчилар устуворликни ёрдам сўраб мурожаат қилинган хонадонларга қаратган. Шу асосда бинолардаги одамлар қидирилган.
Топилган янги жасадлар туфайли қурбонлар сони 34 тага ошди. Расмийлар воқеа жойида қидирув давом этаётганини, қурбонлар сони яна кўпайиши мумкинлигини айтди.
AP нашрининг маълум қилишича, умумий топилган 89 та жасаднинг шахси ҳали аниқланмаган. Қарийб 200 киши бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.
Ёнғин чоршанба куни тушдан кейин «Wang Fuk Court» мажмуасида бошланган эди. Таъмирлаш ишлари сабаб ўрнатилган тўрларга ўралган бамбук конструкциялари ёнғин билан қопланиши ортидан у тезда етти бинони тўлиқ қамраб олган.
Ёнғин жума куни эрталабгина тўлиқ ўчирилган деб эълон қилинди. Жами 2 300 нафар ўт ўчирувчи ва тиббиёт ходимлари операцияга жалб этилган. 79 нафар жароҳатланганлар орасида 12 нафар ўт ўчирувчи ҳам бор. Бир ўт ўчирувчи эса ҳалок бўлган.
Расмийларнинг маълум қилишича, ёнғин иши бўйича 40 дан 63 ёшгача бўлган 8 киши, жумладан бир аёл ҳибсга олинган. AP нашрининг Ҳонгконг Коррупцияга қарши мустақил комиссиясига таяниб ёзишича, улар орасида субпудратчилар, муҳандислик консалтинг компанияси директорларидан бири ҳамда таъмирлаш жараёнига масъул лойиҳа менежерлари бор.
Мавзуга оид
08:21 / 13.12.2025
«Авиасозлар» бозори ҳудудида ёнғин содир бўлди
12:38 / 08.12.2025
Тошкентда ёнғин ва зилзила бўйича амалий-тактик машқлар ўтказилади
13:23 / 06.12.2025
Пойтахт бозорларида ёнғин ва газ хавфсизлиги юзасидан кучайтирилган текширувлар ўтказилди
21:40 / 03.12.2025