Спорт | 13:00 / 01.12.2025
7692
14 дақиқада ўқилади

«Реал» пешқадамликни бой берди, «Арсенал» ҳам очко йўқотди. Кун ўйинлари

«МЮ»да камбэк, «Ливерпул» Салоҳсиз ғалабага эришди, А Серияда чемпионлик пойгаси қизимоқда. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Getty Images

Англия: «Манчестер Сити» фойдасига дуранг

«Челси» – «Арсенал» 1:1
Голлар:
Чалоба, 48 (1:0). Мерино, 59 (1:1)
«Челси»: Санчес, Чалоба, Фофана, Кукуреля, Гюсто, Жеймс, Кайседо, Фернандес, Педру Нету, Эстеван (Гарначо, 46), Жоао Педро (Делап, 55)
«Арсенал»: Райя, Москера, Инкапие, Калафиори (Люис-Скелли, 46), Тимбер, Субименди (Эдегор, 57), Райс, Эзе (Йокереш, 72), Мартинелли (Мадуэке, 57), Сака, Мерино
Огоҳлантиришлар: Кукуреля, 11 – Субименди, 5. Москера, 13. Калафиори, 27. Инкапие, 41. Люис-Скелли, 54. Йокереш, 88
Четлатиш: Кайседо, 38

«Челси» ва «Арсенал» ўртасидаги ўйин турнинг марказий баҳси эди. Бу жамоалар тур арафасида биринчи ва иккинчи ўринни бўлишиб туришганди.

Клублар Лондон дербисига ажойиб кайфиятда етиб келганди – икки жамоа ҳам ҳафта ўртасида Чемпионлар лигасида Европа грандларини мағлуб этганди. «Челси» «Барселона»га қарши ўйинда йирик ғалабага эришди (3:0), «Арсенал» ҳам «Бавария»ни ишончли ҳисобда мағлуб этди (3:1).

Лекин ўйин арафасида Артета кутилмаган муаммога дуч келди. У жамоа ҳимоя марказидаги асосий жуфтликнинг икки вакилидан ҳам фойдалана олмасди – Габриэл олдинроқ сафдан чиққанди, Салиба эса ўйиндан олдинги машғулотлар чоғида лат егани маълум бўлди. Натижада ҳимоя марказида ҳали бирор марта бирга ўйнамаган янги футболчилар – 21 ёшли Москера ва 23 ёшли Инкапие туширилди. Шунингдек, ҳафта ўртасида «Бавария»га қарши ўйинда жароҳатланган Троссар ҳам жамоага ёрдам бера олмасди.

Икки жамоа ҳам илк дақиқалардан майдонда жангга киришди. Бешинчи дақиқадаёқ Энтони Тейлор чўнтагидан дастлабки сариқ карточкани чиқарди – Мартин Субименди Риса Жеймсни тўхтатиб қолгани учун огоҳлантирилди. 11-дақиқада эса кўклар ҳимоячиси Кукуреля Сакага қарши навбатдаги қўполлиги учун сариқ олди, шундан кейин ҳам икки жамоа футболчилари бир-бирига аёвсиз фол ишлатди ва биринчи бўлим чиройли комбинациялар билан эмас, яккакурашлар ва тўқнашувлар билан ёдда қолди.

Бундай ортиқча қўполлик яхшилик билан тугамаслиги сезилиб турганди ва 38-дақиқада мезбонлар сон жиҳатдан озчилик бўлиб қолишди – Мойсес Кайседо Микел Меринонинг тўпиқ қисмига бутсасининг остки қисми билан зарба бергани учун майдондан четлатилди.

«Арсенал»да эса тўрт ҳимоячидан уч нафари сариқ олди.

Танаффусдан кейин эса жамоалар ниҳоят футбол ўйнашди ва голлар ҳам бўлди. Дастлаб 48-дақиқада бурчак зарбасидан кейин Тревор Чалоба барчадан баланд сакраб, ҳисобни очди.

«Арсенал» тезда жавоб қайтарди. 58-дақиқада Сака ўнг қанотда навбатдаги марта Кукуреляни доғда қолдириб, тўпни дарвозабон ҳудудига етказди, у ерда Мерино бош билан зарба бериб, мувозанатни тиклади.

Шундан кейин икки мураббий ҳужум чизиғига янги кучларни ташлади: «Арсенал»да Эдегор, Мадуэке ва Йокереш майдонга тушди, «Челси»да – Гарначо ва Делап. Мезбонлар озчилик бўлиб ўйнаганига қарамай, хавфли қарши ҳужумлар уюштирди.

Ўйин охирларида меҳмонлар ғалабани илиб кетиши мумкин эди, Меринонинг кучли зарбасидан кейин Санчес тўпни қўлидан чиқариб юборди, аммо Йокереш тўпга етиб боролмади.

Якунда «Челси» ҳисобни ушлаб қолди, лекин АПЛда «Арсенал»га қарши ўйинлардаги ғалабасиз сериясини давом эттирди: 3 дуранг ва 4 мағлубият.

«Арсенал» эса чемпионлик пойгасида анча олдинга чиқиб кетиш имкониятидан фойдалана олмади. 13-тур якунларига кўра «канонирлар» 30 очко билан биринчи ўринда, бу турда ғалаба қозонган «Сити» орадаги фарқни беш очкогача қисқартирди. «Челси» эса 24 очко билан учинчи ўринда.

«Кристал Пэлас» – «Манчестер Юнайтед» 1:2
Голлар:
Матета, 36 – пеналти (1:0). Зиркзе, 54 (1:1). Маунт, 63 (1:2)
«Кристал Пэлас»: Ҳендерсон, Лакруа, Геҳи, Ричардс, Камада (Лерма, 85), Уортон (Ҳюз, 78), Митчелл (Девенни, 85), Мунйос, Сарр (Нкетиа, 38), Пино (Уче, 78), Матета
«Манчестер Юнайтед»: Ламменс, де Лиҳт, Шоу (Мартинес, 82), Йоро (Мазравий, 54), Бруну Фернандеш, Каземиро, Далот, Диалло (Доргу, 90+1), Маунт, Мбеумо (Майну, 90+1), Зиркзе
Огоҳлантиришлар: Нкетиа, 53. Геҳи, 75. Лерма, 90 – Мбеумо, 17. Шоу, 72

Ўтган ойда «МЮ» уч ўйиндан иборат ғалабали серияси ортидан уч ўйиндан иборат ғалабасиз серия қайд этганди. «Ноттингҳэм» ва «Тоттенҳэм»га қарши сафардаги дурангларни жамоа ўйин охирида урилган жавоб голлари туфайли ўз ҳисобига ёзиши мумкин, аммо ўтган турда «Олд Траффорд»да бир киши кўп бўлиб ўйнаб «Эвертон»дан мағлуб бўлиш жамоа мухлислари учун оғриқли зарба бўлди. Ва шундай фонда манкунианликлар «Кристал Пэлас» майдонига сафар қилишди.

«Бургутлар» исталган рақибга муаммо туғдира олади ва «МЮ» ҳам истисно бўлмади. Биринчи бўлим охирларида Де Лиҳт тўпни йўқотгач Йоро жарима майдони ичида Матетани қўполлик билан тўхтатди ва жабрланувчининг ўзи пеналтини аниқ ижро этди. Лекин меҳмонлар иккинчи бўлимда тўққиз дақиқа ичида бурилиш ясади. Аввалига АПЛда деярли бир йилдан буён (364 кун!) гол урмаётган Зиркзе Бруно Фернандешнинг узатмасидан кейин яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Бироз ўтиб жарима зарбаси ижро этилганида яна Фернандеш Маунтнинг голига ассистентлик қилди.

Португалиялик яримҳимоячи энди АПЛдаги голли узатмалар сони (56) бўйича Пол Скоулздан ўзиб кетди. «МЮ» футболчилари орасида ундан юқорида фақат Райан Гиггз (162), Уэйн Руни (93) ва Дэвид Бекҳэм (80) жойлашган. Манчестерликлар шу куни ғалабадан ташқари Лисандро Мартинеснинг майдонга қайтишини ҳам нишонлашди – у тиззасидаги жароҳат туфайли 2 февралдан буён ўйнамаётганди.

«Вест Ҳэм» – «Ливерпул» 0:2
Голлар:
Исак, 60 (0:1). Гакпо, 90+2 (0:2)
«Вест Ҳэм»: Ареола, Мавропанос, Тодибо, Магасса (Луис Гилерме, 68), Фернандеш, Поттс (Соучек, 88), Диуф, Ван-Биссака, Лукас Пакета, Боуэн, Уилсон (Фюллкруг, 78)
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Конате, Керкез (Робертсон, 85), Гомес, Макаллистер, Гравенберҳ, Собослаи, Вирц (Жонс, 75), Гакпо, Исак (Экитике, 68)
Огоҳлантиришлар: Магасса, 66. Лукас Пакета, 83
Четлатиш: Лукас Пакета, 84 (иккинчи сариқ)

«Ливерпул» қаторасига уч йирик мағлубиятдан кейин Лондондаги ўйинда Салоҳни захира ўриндиғида қолдирди ва ҳужум марказида Исак тушди. Қизиллар бунгача ушбу швециялик ҳужумчи бошланғич таркибда ҳаракатланган тўрт ўйиннинг барчасида ютқазганди ва у бундай нохуш статистикага барҳам бериш учун барча ишни қилди. Александр биринчи бўлимдаёқ ҳисобни очиши мумкин эди, аммо унинг бир неча метр масофадан йўллаган акробатик усулдаги зарбасини Ареоля қайтариб қолди. Аммо Исак барибир иккинчи бўлимда ўз мақсадига эришди ва Гакпонинг узатмасидан кейин мезбонлар дарвозасининг яқин бурчагини аниқ нишонга олди. Шу тариқа, у АПЛ ўйинларида ўзи учун рекорд даражадаги етти ўйиндан иборат голсиз серияни якунлади ва ўрнини Экитикега бўшатиб берди.

Лукас Пакета эса арбитр билан узоқ баҳслашиб, бир неча дақиқа ичида икки сариқ карточка олди ва «Вест Ҳэм»ни қийин аҳволда қолдириб кетди. Гакпо эса озчилик бўлиб қолган рақибни узил-кесил таслим этди. Арне Слот бу ғалаба орқали ўз истеъфоси ҳақидаги хабарларга керакли реакция кўрсатди, «Ливерпул» эса турнир жадвалининг иккинчи қисмидан саккизинчи ўрингача кўтарилди.

«Астон Вилла» – «Вулверҳэмптон» 1:0
Гол:
Камара, 67 (1:0)
«Астон Вилла»: Мартинес, Конса, Пау Торрес, Дин, Кэш, Тилеманс (Баркли, 75, Санчо, 88), Камара (Богард, 88), Роджерс, Буэндия (Уоткинс, 54), Макгинн, Мален (Онана, 75)
«Вулверҳэмптон»: Жонстон, Агбаду, Москера (Буэно, 77), Гомеш, Волфе (Мане, 77), Чачуа, Андре, Беллегард (Чирева, 69), Гомес, Ларсен, Ариас (Арокодаре, 88)
Огоҳлантиришлар: Андре, 45. Волфе, 58. Москера, 76. Ариас, 80

«Ливерпул» бу мавсумда 6 бор ютқазганига қарамай, жуда ёмон вазиятга тушиб қолгани йўқ ва кучли тўртликни якунлаб турган «Астон Вилла»дан атиги уч очколик масофада. Бирмингҳэмликлар бу мавсумни жуда ёмон ўтказаётган ва лигани тарк этиш учун биринчи рақамли номзод бўлиб турган «Вулверҳэмптон»ни мағлуб этиб, уч очколик фарқни сақлаб қолди. Бу ғалабани Камаранинг голи таъминлади, Унаи Эмери эса ҳозирги жамоаси бошқарувида АПЛдаги 61-ғалабасини нишонлади. Энди испаниялик мутахассис клубнинг бу борада энг яхши натижага эга собиқ мураббийлари Жон Грегори ва Мартин О'Нилга тенглашиб олди.

Испания: «Реал»да дуранглар серияси

«Жирона» – «Реал» 1:1
Голлар:
Унаи, 45 (1:0). Мбаппе, 67 – пеналти (1:1)
«Жирона»: Гассанига, Ринкон (Франсес, 72), Витор Рейс, Морено, Мартинес, Витсел, Мартин, Унаи (Курума, 83), Хил (Асприля, 72), Циганков (Рока, 72), Ванат (Руис, 83)
«Реал»: Куртуа, Эдер Милитау, Рюдигер, Ф. Гарсия (Каррерас, 90), Александр-Арнолд (Г. Гарсия, 90), Тшуамени (Родригу, 72), Беллингҳэм, Валверде, Винисиус Жуниор, Арда Гулер (Камавинга, 46), Мбаппе
Огоҳлантиришлар: Гассанига, 42. Унаи, 59. Ванат, 74

Мадридликлар эса кутилганидек Каталонияда қаттиқ қаршиликка тўқнаш келишди. «Жирона» нафақат мардонавор ҳимояланди, балки фаворитларни хавфли қарши ҳужумлар билан қийин аҳволга солиб қўйди. Шундай ҳужумлардан бири эса муваффақиятли чиқди, биринчи бўлим охирида Циганков тўпни жарима майдонига етказиб берди, Унаи эса бир ҳаракат билан дарвозани ишғол этди. Шунга ўхшаш комбинация иккинчи бўлимда ҳам мезбонларга муваффақият келтириши мумкин эди, аммо бу сафар Куртуа Ванатнинг зарбасини қайтариб қолди.

Иккинчи бўлимда «Реал» бутун куч билан олдинга ташланди ва ҳужумларда марказий ҳимоячилар Милитао ва Рюдигер ҳам фаол иштирок этишди. Винисиус Жуниорнинг саъй-ҳаракатлари эса жамоани мағлубиятдан қутқариб қолди. Аввалига бразилиялик ҳужумчининг голи офсайд туфайли бекор қилинди, у эса ҳаракатдан тўхтамади ва унга нисбатан фолдан кейин мезбонлар дарвозасига пеналти белгиланди. Мбаппе эса зарбани бенуқсон ижро этди, пеналтилар бўйича мутахассис Гассанига зарба йўналишини топган бўлса-да, тўпга ета олмади.

Мадридликлар шундан кейин мезбонлар жарима майдонини қамал қилишди, аммо рақибни таслим қилишнинг йўлини топа олишмади. Гоҳ Винсиуснинг зарбасига аниқлик етишмади, гоҳ дарвозабон тўпни Мбаппенинг оёқларидан олиб қўйди. Натижада «Реал» чемпионатда қаторасига учинчи ўйинда дуранг ўйнаб, биринчи ўринни қайтариб ололмади, «Барселона» эса бунинг учун қўшниларидан миннатдор бўлса арзийди.

Италия: Конте Римни забт этди

«Пиза» – «Интер» 0:2
Голлар:
Мартинес, 69 (0:1). Мартинес, 83 (0:2)
«Пиза»: Скуффет, Караччоло, Канестрелли, Албиол (Лорран, 80), Марин, Эбишер, Пиччинини (Трамони, 71), Ангори (Лерис, 71), Туре, Мейстер (Буффон, 90), Нзола (Морео, 90)
«Интер»: Зоммер, Ачерби (Биссек, 67), Бастони, Аканжи, Сучич (Зелински, 46), Ҳоқон Чалхонўғли, Барелла, Димарко, Луис Энрике (Диуф, 67), Тюрам (Эспозито, 67), Мартинес (Карлос Аугусту, 87)
Огоҳлантиришлар: Караччоло, 26. Албиол, 61 – Ачерби, 35

«Интер» учун Пизага сафар фавқулодда қийин кечди. Фақат иккинчи бўлимда Пио Эспозито захирадан ўйинга қўшилиши ҳисобни очишга имкон берди. У рақиблар аут ижро этишидан кейин бошланган қарши ҳужумда муҳим рол ўйнаб, Лаутаро Мартинесни қулай вазиятга чиқарди. Бу гол эса мезбонларни руҳан синдирди ва меҳмонлар сардори ўйин охирларига бориб Барелланинг узатмасидан кейин иккинчи голни ҳам урди. Аргентиналик ҳужумчи учун «Пиза» – у А Серияда дарвозасини ишғол этган 29-жамоага айланди. Лаутаро 2018 йилда Италияда дебют қилганидан буён бошқа ҳеч бир футболчида бундай кўрсаткич қайд этилмаган.

«Рома» – «Наполи» 0:1
Голлар:
Нерес, 36 (0:1)
«Рома»: Свилар, Н`Дика, Эрмосо, Манчини, Кристанте (Ал-Айнавий, 62), Коне, Уэсли Винисиус (Ал-Шаъровий, 82), Зеки Челик, Пеллегрини (Бэйли, 80), Соуле (Дибала, 62), Фергюсон (Балданци, 46)
«Наполи»: Милинкович-Савич, Ррахмани, Буонджорно, Бекема, Мактоминай, Лоботка, Оливера, Ди Лоренцо, Ланг (Политано, 69), Нерес (Лукка, 85), Ҳойлунд (Элмас, 80)
Огоҳлантиришлар: Кристанте, 55. Балданци, 73. Н`Дика, 86. Ал-Шаъровий, 90 – Лоботка, 63. Бекема, 64. Оливера, 90

«Наполи» етакчиларидан бири Замбо-Ангиссанинг жароҳати Давид Нересга қўл келди. Ушбу бразилиялик ўтган турда «Аталанта» билан ўйинда дубл қайд этганди, энди эса пешқадамлик учун ўйинда ҳисобни очди. Неаполитанликлар биринчи бўлимнинг иккинчи ярмида намунали тезкор ҳужум уюштиришди ва Ҳойлунд Нересни яккама-якка вазиятга чиқариб юборди. Унинг голи ўйинда ягоналигини сақлаб қолди ва бу ғалаба жанубликларнинг турнир жадвалидаги ҳолатини максимал даражада яқинлашди. Шанба кунги ўйинда «Лацио»ни мағлуб этган «Милан» ҳамон биринчи ўринда, аммо «Наполи» «Интер» ва «Рома»ни қувиб ўтди ва очколар сони бўйича россонерилар билан тенглашиб олди. Умуман олганда, чемпионат турнир жадвалининг юқори қисмида интрига ақл бовар қилмас даражада – биринчи ва тўртинчи ўринлардаги жамоалар орасидаги фарқ бир очко!

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид