Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда электрон тижорат учун бонд омборлари ташкил этилади
Ўзбекистонда электрон тижорат соҳасини ривожлантириш мақсадида янги омбор тизими жорий этилмоқда. Унга кўра, махсус бонд омборлари орқали онлайн савдо учун қулай шарт-шароитлар яратилади.
Фото: iStock
Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (ПҚ–136-сон, 2026 йил 13 апрел) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 июлгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида резидентлар ва норезидентлар томонидан жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун мўлжалланган товарларни махсус электрон савдо платформалари орқали чакана сотиш учун уларни вақтинча сақлашга мўлжалланган янги турдаги эркин омбор — бонд омборлари ташкил этилади.
Эксперимент доирасида бонд омборлари эркин омбор фаолиятини лицензиялаш тартиби асосида ташкил қилинади. Уларда сақланаётган товарларни сотиш Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан юритиладиган махсус электрон савдо платформалари реестрига киритилган платформалар орқали амалга оширилади.
Шунингдек, бонд омборларига товарлар эркин омбор божхона режими асосида жойлаштирилади ва уларни жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжи учун чакана сотишга рухсат берилади.
Мазкур омборлардан товарларни жисмоний шахсларга сотишда жўнатмалар декларацияси асосида божхона расмийлаштируви амалга оширилади. Бунда мувофиқликни баҳолаш, санитария ва ветеринария назорати каби айрим талаблар қўлланмаслиги кўзда тутилган.
Ушбу тартиб электрон тижорат инфратузилмасини ривожлантириш, товар айланмасини тезлаштириш ҳамда онлайн савдо имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.