Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш учун иттифоқчиларидан ёрдам сўради
Эрондаги уруш глобал бозорларни ларзага келтираётган вазиятда Доналд Трамп Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш учун коалиция тузмоқчи. Аммо иттифоқчилар бу таклифни эътиборсиз қолдирмоқда: Япония ва Австралия ҳарбийларини юбормоқчи эмас, Европа ва Хитой сукут сақламоқда.
Фото: REUTERS
АҚШ-Исроилнинг Эронга ҳужуми учинчи ҳафтадирки Яқин Шарқ бўйлаб тартибсизликлар келтириб чиқармоқда: глобал энергия бозорларини ларзага келган, кўплаб давлатларда ҳаво ҳудудлари ёпилган. Шундай паллада АҚШ президенти Доналд Трамп якшанба куни, Кўрфаз нефтига қаттиқ таянадиган давлатлар дунё энергиясининг 20 фоизи ўтадиган бўғозни ҳимоя қилиш масъулиятига эга эканлигини таъкидлади.
“Мен бу давлатлардан келиб, ўз ҳудудларини ҳимоя қилишни талаб қиляпман, чунки бу уларнинг ҳудуди. Бу улар энергия оладиган жойдир”, деди Трамп Флоридадан Вашингтонга йўл олган Air Force One бортида журналистларга.
President Trump said his administration is talking to seven countries about helping to secure the Strait of Hormuz amid the Iran war, calling on them to help protect ships in the vital waterway that Tehran has mostly blocked to oil tanker traffic https://t.co/m4aIPHSFtG pic.twitter.com/mVk9tb94C6
— Reuters (@Reuters) March 16, 2026
Трамп унинг маъмурияти аллақачон етти мамлакат билан боғланганини айтди, бироқ у давлатларни номма-ном келтирмади. Лекин, у олдинроқ ижтимоий тармоқдаги постида Хитой, Франция, Япония, Жанубий Корея, Британия ва бошқалар бу миссияда иштирок этишига умид қилганини айтганди.
Япония ва Австралия рад қилди
Reutersʼнинг ёзишича, Трампнинг ашаддий тарафдорларидан бўлган Япония бош вазири Санаэ Такаичи Ҳўрмузга ҳарбийларини юбормаслигини билдирди. Хусусан, Такаичи ўз мамлакати урушдан воз кечиш ҳақидаги конституция билан чеклангани сабабли, ўз нефтининг 95 фоизини оладиган Яқин Шарққа кемаларни кузатиб бориш учун ҳарбий кемалар жўнатмоқчи эмас.
“Биз экскорт кемаларини жўнатиш бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилганимиз йўқ. Биз Япония мустақил равишда нима қила олиши ва ҳуқуқий доирада нималар қилиниши мумкинлигини ўрганишда давом этамиз,” деди Такаичи парламентда.
АҚШнинг Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги яна бир хавфсизлик бўйича иттифоқчиси бўлган Австралия ҳам бўғозни қайта очишга ёрдам бериш учун ҳарбий кемалар юбормаслигини билдирди.
“Биз бу қанчалик муҳимлигини биламиз, лекин бу биздан сўралган ёки биз ҳисса қўшаётган нарса эмас”, деди Бош вазир Энтони Албанезе кабинети аъзоси Кетрин Кинг ABC давлат телерадиокомпаниясига берган интервьюсида. Шунга қарамай, Австралия – Яқин Шарқ хом нефтидан олинган ёқилғига қаттиқ таянади.
Трамп Хитойдан қўллов кутмоқда
Трамп Financial Times нашрига берган интервьюсида, шу ой Си Жинпинг билан режалаштирилган учрашувидан олдин Хитой бўғоздаги тўсиқларни очишга ёрдам беришини кутаётганини айтди. Трампнинг айтишича, агар ёрдам берилмаса, у Пекинга сафарини қолдириши мумкин.
«Менимча, Хитой ҳам ёрдам бериши керак, чунки Хитой ўз нефтининг 90 фоизини бўғозлардан олади», деди Трамп. Агар Хитой Кўрфазда ёрдам таклиф қилмаса, у ўз ташрифига ишора қилиб: «Биз (ташрифни) кечиктиришимиз мумкин,» деди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча Трампнинг баёнотлари бўйича изоҳ бермади.
НАТОга босим
Доналд Трамп, шунингдек, европалик иттифоқчиларга бўғозни ҳимоя қилишда ёрдам бериш учун босимни кучайтирган. У, агар шимолий альянс аъзолари Вашингтонга ёрдамга келмаса, НАТОни «жуда ёмон» келажак кутаётгани ҳақида огоҳлантирди.
Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари 16 март куни Яқин Шарқдаги кичик ҳарбий-денгиз миссиясини кучайтиришни муҳокама қилиши кутилмоқда. Бироқ дипломатлар ва расмийларнинг айтишича, бу миссиянинг ролини ёпиб қўйилган Ҳўрмуз бўғозига қадар кенгайтириш бўйича қарор қабул қилиниши кутилмаяпти.
Британия Бош вазири Кир Стармер ҳам Трамп ва Канада Бош вазири Марк Карни билан бўғозни қайта очиш зарурлигини муҳокама қилган. Лекин аниқ қадамлар ҳақида маълумот йўқ. Жанубий Корея эса Трампнинг сўровини диққат билан кўриб чиқишини билдирди.
Ёпиқ қолаётган бўғоз йўли ва авиақатновлардаги узилиш
Гарчи баъзи Эрон кемалари ўтишда давом этган ва бошқа мамлакатларнинг бир нечта кемалари сув йўлини муваффақиятли кесиб ўтган бўлса-да, 28 феврал куни АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум қилганидан бери бу йўлак дунё танкерлар ҳаракатининг аксарияти учун амалда ёпиқ қолмоқда.
Reutersʼнинг ёзишича, авиа ёқилғи таъминоти ҳам хавотирга айланмоқда. Хусусан, Ветнам ҳукумати мамлакат авиация саноатини апрель ойидан бошлаб парвозларнинг эҳтимолий қисқаришига тайёрланиш ҳақида огоҳлантирди, чунки Хитой ва Таиланд Эрон уруши туфайли авиа ёқилғи экспортини тўхтатган.
АҚШ расмийларининг Эроннинг ҳарбий салоҳиятини яксон қилгани ҳақидаги такрорий даъволарига қарамай, душанба куни дрон ҳужумлари Кўрфаз давлатларига таҳдид солишда давом этди. Дубай расмийлари ёқилғи бакига дрон ҳужуми уюштирилганидан сўнг ёнғин жиловланганини, бироқ аэропортда парвозлар вақтинча тўхтатилганини билдирди. Саудия Арабистони бир соат ичида шарқий минтақада 34 та дронни уриб туширди.
Бу каби ҳужумлар натижасида Дубай, Доҳа ва Абу-Даби каби Яқин Шарқнинг асосий хаблари ёпиб қўйилмоқда ёки вақтинча чекланмоқда. Авиакомпаниялар минглаб рейсларни бекор қилишга мажбур бўлган ва ўн минглаб йўловчилар аэропортларда қолиб кетмоқда.
Ҳўрмуз нега муҳим ва хавфли?
Эрон ва Ўмон ўртасидаги Форс кўрфазини Ўмон қўлтиғи билан боғлайдиган ушбу тор сув йўли Кувайт, Эрон, Ироқ, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари каби нефт ва газ ишлаб чиқарувчи давлатлар учун ягона денгиз чиқиш йўлидир.
2011 йилда Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони бўғозни ёпиш «бир стакан сув ичишдан ҳам осонроқ» экани ҳақида огоҳлантирган эди. Шундан сўнг бундай огоҳлантириш кўп марта янгради. Таҳлилчилар бўғознинг ёпилишини ҳар доим «сўнгги чора» сифатида кўриб келишган.
28 февраль куни Эрон олий раҳнамосининг ўлдирилиши билан бошланган ҳужум ушбу мувозанатни ўзгартириб юборди. Эрон расмийлари бу урушни «мавжудлик учун кураш» деб таърифламоқда.

SSY Global кема брокерининг маълумотларига кўра, кема қатнов йўлларининг кенглиги бор-йўғи икки денгиз милини ташкил этади. Кемалар Эрон ороллари ва хавфсизлик кучлари учун пана бўладиган тоғли қирғоқлар қаршисида бурилиш ясашга мажбур.
Эроннинг анъанавий денгиз флотининг катта қисми йўқ қилингани айтилмоқда. Аммо Муҳофизлар корпуси ихтиёрида ҳали ҳам кўплаб вариантлар: тезюрар ҳужум катерлари, кичик сувости кемалари, миналар ва ҳатто портловчи моддалар билан тўлдирилган гидроцикллар мавжуд.
«Уруш ҳали давом этади»
Юзага келган иқтисодий ноаниқликка жавоб бераётган АҚШ расмийлари уруш бир неча ҳафта ичида тугашини ва ундан кейин энергия харажатлари пасайишини башорат қилишди. Доналд Трамп эса Эроннинг асосий нефт экспорт маркази Харқ оролига яна зарбалар бериш билан таҳдид қилди.
Трамп, аввалроқ Эрон музокаралар олиб боришни хоҳлаётганини ва АҚШ Эрон билан гаплашаётганини айтган эди. Бироқ Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бу даъвони рад этди.
«Биз ҳеч қачон ўт очишни тўхтатишни сўрамаганмиз ва ҳатто музокаралар ҳақида ҳам сўрамаганмиз. Биз қанча вақт керак бўлса, шунча ўзимизни ҳимоя қилишга тайёрмиз», деди Ароқчи CBC телеканалига берган интервьюсида.