Жаҳон | 20:53 / 02.09.2025
4418
3 дақиқада ўқилади

Озарбойжон рус тилидаги филмлар намойишини чеклай бошлади

Кинотеатрлар Москва ва Боку ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашуви фонида рус тилидаги намойишларни қисқартирмоқда.

Фото: Ведомости

Озарбойжон кинотеатрларида рус тилидаги филмлар намойиши қисқартирилди, деб ёзди Minval. Агар илгари бундай сеансларнинг улуши 70 фоизга етган бўлса, энди 30 фоизгача камайди. Хусусан, 13 та филмнинг фақат тўрттаси рус тилида, қолганлари турк тилида эфирга узатилган.

Нашрнинг аниқлик киритишича, сўнгги пайтгача ҳаммаси аксинча эди. Исмлари ва лавозимлари келтирилмаган экспертлар бу қарорни мантиққа мос деб атади. Уларнинг сўзларига кўра, Озарбойжон аҳолисининг «катта кўпчилиги» рус тилини билмайди, аммо турк тилини «яхши тушунади», шунинг учун бундай қарор кинотеатрларга аудиторияни кенгайтириш имконини беради.

Рус тили Озарбойжонда на давлат, на минтақавий даражада расмий мақомга эга эмас. 10,1 миллиондан ортиқ аҳолининг қанчаси бу тилда гаплашиши аниқ маълум эмас. 2024 йил август ойида республика президенти Илҳом Алиев мамлакатда рус тилида ўқитиладиган 324 та мактаб фаолият юритаётгани, уларда 160 мингга яқин ўқувчи таълим олаётганини айтган эди. Яна 800 мингдан ортиқ ўқувчи рус тилини хорижий тил сифатида ўрганмоқда.

Кинотеатрлар Москва ва Боку ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашуви фонида рус тилидаги намойишларни қисқартирмоқда. Ўтган йил декабр ойида Грозний устида Azerbaijan Airlines самолётига зарба берилган, оқибатда Қозоғистон ҳудудида фалокатга учраб, 38 киши ҳалок бўлганди.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Россиядан ҳалокатдаги айбини тан олишни талаб қилди. Бироқ, Россия томони тергов якунланмаганини айтиб, хулоса қилишга шошилмасликка чақирди. Бу эса Алиевнинг кескин муносабатига сабаб бўлди ва у халқаро судга даъво аризаси билан мурожаат этиш ниятини эълон қилди.

Шу йил ёзда Екатеринбургда Озарбойжоннинг 10 нафардан ортиқ фуқароси кўп йиллар аввалги қотилликларда гумонланиб қўлга олинди. Улардан икки нафари - ака-ука Зиёддин ва Ҳусайн Сафаровлар ҳалок бўлди. Алиев россиялик ҳуқуқ-тартибот ходимларини ҳибсга олинганларни қийноққа солганликда, сўнгра ўлдирганликда ва шу билан бирга озарбойжонликлар «юрак хуружидан вафот этган» деб ёлғон гапирганликда айблади.

Бунга жавобан Боку россияликларни ҳибсга олишни бошлади ва Москва билан бир қатор йўналишларда ҳамкорликни музлатиб қўйди. Шундан сўнг, Кремл Озарбойжонга пропагандачи Владимир Соловёв тилидан «янги махсус ҳарбий операция» билан таҳдид қилди. Алиев, ўз навбатида, мамлакат урушга тайёрланишини айтиб, республиканинг СССР таркибидаги тарихини «оккупация» деб атади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид