«Ўзбекистон учун ёпиқ бўлиш зарарли». Давлат харидларидаги чеклов қандай оқибатларга олиб келади?
Ўзбекистон ҳукумати хорижда ишлаб чиқарилган 529 хил маҳсулотнинг давлат харидларидаги иштирокини вақтинча тақиқлади. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган қарор экани билан изоҳланмоқда. Иқтисодчилар фикрича, мазкур ҳолат рақобатбардош бўлмаган соҳаларни протекционизм орқали қўллашга уриниш бўлиши билан бирга, мамлакат бозорида монополия ривожланишига йўл очиши мумкин.
29 январ куни Вазирлар Маҳкамаси хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар ва хизматларнинг давлат харидларидаги иштирокини чеклашни назарда тутувчи «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора- тадбирлари тўғрисида»ги қарорни тасдиқлади.
Ҳужжатда чекланган товарлар рўйхатига озиқ-овқат, электротехника, кимё саноати, тўқимачилик, транспорт эҳтиёт қисмлари, пластмасса, қоғоз, керамика, шиша, металл буюмлар ва бошқа турдаги маҳсулотларнинг 529 хили киритилган.
Мазкур тақиқ иқтисодчилар томонидан турлича талқин қилинмоқда. Хусусан, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Достон Ғофуров ушбу рўйхатдаги барча маҳсулотлар ўзимизда ишлаб чиқарилиши импортни тўхтатиш учун асос бўла олади, деган фикрда.
«Жанубий Корея амалиёти билан яқиндан танишман. Улар ўзларида бўлган товарларни ҳеч қачон импорт қилмайди. Хитой ҳам шундай. Бизда ҳам вақтинча эмас, доимий чекловни қўйиш керак деб ўйлайман. Қарордаги рўйхатга асосан ўзимизда 100 фоиз мавжуд бўлган товар маҳсулотлари ва хизмат турлари киритилган. Уларнинг кўп қисми ўзимизда бўлгани учун бюджет маблағларини валюта кўринишида четга чиқиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади. Кутилаётган натижа ҳам шунда. Яъни ўзимизнинг пулимиз ўзимизнинг ишлаб чиқарувчиларга, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади», – дейди у Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
Иқтисодчи олимнинг фикрича, ривожланган мамлакатларда давлат харидлари миллий валютани бошқа валюта кўринишида четга чиқиб кетишининг олдини олишга хизмат қилиши керак, деб ҳисоблашади. Импорт қилинаётган товар маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилса, хизмат тури ҳам бўлса-ю, хориж маҳсулотини маъқул кўрсак, улар пулни давлатдан олиб чиқиб кетади.
«Давлат ишончли буюртмачи бўлиш билан бирга, ишончли мижоздир. Агар унинг буюртмаси бажарилса, пулни аниқ ва тўлиқ ҳажмда олиш давлат харидлари тўғрисидаги қонунда кафолатланган. Буюртма бажарувчиси бошқа бир харидорга ярмини олиб қолганини кейин бериш каби ҳолатларга дуч келмайди», – дея қайд этди у.
Мавзу юзасидан билдирилган бошқа фикрларнинг асосий қисми танқидий-таҳлилий руҳда. Жумладан, молиячи мутахассис Абдулла Абдуқодиров бу қарордаги умумий камчиликка тўхталиб, «кейинги йилларда яна илгариги 25 йилда ўзини оқламаган иқтисодий сиёсатни –– рақобатбардош бўлмаган соҳаларни протекционизм орқали қўллашга уриняпмиз», дея таъкидлади.
Абдуқодировнинг айтишича, «бу ҳужжат кимларгадир, қандайдир ҳолатларда ишлайди, қандайдир ҳолатларда эса – йўқ».
«Шуни унутмаслик керакки, давлат бюджети ва кредитлар орқали биз ялпи ички маҳсулотнинг 40 фоизгача бўлган улушини қайта тақсимлаймиз, бу эса кичик маблағлар эмас. Энг ёмони – бундай хужжатлар чуқур таҳлилсиз, рўйхатга кирган ҳар бир товар ўрни нега киритилгани ҳақида маълумот берилмай, бозор коньюнктурасини ўрганилмай, узоқ оқибатларини кўрмай қабул қилинишидир. Аввалига 300га яқин позиция бўлса (лойиҳа вақтида) қарорда 530та позиция! Лекин бирон бир позиция бўйича бозор конъюнктураси ўрганилиб, асос берилмаган», – дейди Абдулла Абдуқодиров.
Масаланинг яна бир томони – қарорда маҳаллий маҳсулотларга импорт товарлари нархининг 15 фоизигача бўлган миқдорда имтиёзлар қўлланилиши.
Иқтисодчининг айтишича, республикада конвертация киритилганидан сўнг кўп соҳалар (текстил, саноат электроникаси, уй жиҳозлари электроникаси ва бошқалар) қаттиқ рақобатга учради. Лекин импорт ва маҳаллий товар нархлари ўртасидаги тафовутни пасайтириш, ички ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш учун 15 фоизлик нархда преференция белгиланишининг ўзи етарли чора эди. Қарорда маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга нарх соҳасида преференция беришнинг энг кўп миқдори (15 фоиз) қатъий белгиланганлиги амалдаги тажрибани ойдинлаштиряпти.
«15 фоиз нарх устидаги устунлик етмаса, бизга нима кераги бор бундай ишлаб чиқаришни? Агар 15 фоизлик нарх устунлиги кор қилмаса, биз бошқа соҳаларда иш ўринлари яратишимиз керак. Бошқа соҳаларда потенциал ҳали жуда катта. Йўқ, бизга шу лўндаси, ортиқча ташвиш қилмайдиган ва «халқ фойдасига» ниқобига бурканган, иқтисодиётни булғовчи зарарли қарорлар керакки, соҳани монополлаштириб олган корхоналар фақат фойда кўрсин. Бу жуда қалтис ва ҳеч бир иқтисодиётда ўзини оқламаган йўл. Ана шу соҳаларга устунлик берганимиз туфайли, аслида биз давлат бюджети ва турли хил кредитлар эвазига қилинаётган давлат харидлари самарадорлигини кескин туширяпмиз. Белгиланган чекловларда сифат учун ҳеч қандай ўрин қолдирилмаган», – дейди Абдулла Абдуқодиров.
Ўз навбатида маҳаллий товарлар ишлаб чиқариш суръатининг ошиши йирик корхоналар имкониятини кенгайтирган ҳолда кичик заводлар иқтисодига қаттиқ зарба бериши мумкин. Бу орқали кўпгина корхоналар фаолияти умуман тўхтаб қолиш хавфи ошади.
Ҳукумат қарори эълон қилингач, Адлия вазирлиги давлат харидларида импорт товарлар нега чекланганига изоҳ берди. Унда пандемия сабаб фаолиятида узилиш бўлган маҳаллий тадбиркорлар учун имконият яратиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари эҳтиёжлари учун уларнинг маҳсулотларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ экани баён этилган.
Мазкур изоҳ интернет фойдаланувчилари томонидан турли мулоҳазаларга сабаб бўлди. Хусусан, молиячи Отабек Бакиров Телеграмдаги каналида «Ёпишмаган изоҳлар» сарлавҳали пост қолдирди. Молиячининг фикрича, вазирлик изоҳи қарорни оқлаш учунгина ёзилган. «Аслида импортни чеклашга қаратилган бу тадбир импортни оширса-оширадики, асло камайтирмайди».
«Зарарли протекционизм ва фаворитизмни оқлаб бериш вазифасини Адлия вазирлиги ходими бажариб бераётганидан асло ажабланмаслик керак. Келаси сафар масалан, Энергетика вазирлиги конституцияга киритилаётган ўзгаришларни асослаб бериши ҳам мумкин. Асосий муаммо бунда эмас. Асосий муаммо изоҳларга қўлланилган далилларда», – дейди пост муаллифи.
Изоҳга муносабат билдирилар экан, Отабек Бакиров ички бозорни ҳимоялаш ниқоби учун Россия мисол қилиб кўрсатилаётгани, бутун дунё ушбу давлат амалиётидан қочаётган вақтда Ўзбекистон уларнинг бағрига кириб бораётганини танқид остига олган.
«Тақиқ ва чеклов фақат давлат харидлари доирасида мавжуд, хусусий тадбиркорлар ёки фуқаролар ўз эҳтиёжлари учун исталган товарни харид қилиши ёки хизматлардан фойдаланиши мумкин (расмий изоҳдан – таҳр.)». Ҳеч ким бизнес ёки фуқаролар эҳтиёжлари учун товарни харид қилиши ёки хизматлардан фойдаланиши мумкин эмас, деяётгани йўқ. Преференциялар орқали жуда катта миқдордаги маблағларни давлат харидлари орқали ўзини маҳаллий ишлаб чиқарувчи, дея ёрлиқ билан атаб олган тор доиранинг ўзлаштириши энг асосий эътироз. Давлат харидлари – мамлакатдаги энг катта талаб ҳосил қиладиган платформа. Шу платформани чекловлар киритиш орқали бўлиб олингани ҳақида гап. Қолаверса, аслида импортни чеклашга қаратилган бу тадбир импортни оширса-оширадики, асло камайтирмайди. Чунки ўзини маҳаллий ишлаб чиқарувчи деб атаб олганлар аслида ниқобланган импортёрлардир», – деб ёзади Отабек Бакиров.
Аввалроқ, Kun.uz’да социолог ва журналист Филипп Гажилипонинг Ўзбекистон нега протекционизм сиёсатига содиқ қолмаслиги кераклиги тўғрисида Испаниянинг IE университети профессори, иқтисодий интеграция соҳаси эксперти Фернандо Кортиняс билан суҳбати эълон қилинган эди.
Суҳбат давомида олим протекционизм сиёсатини қўллаб мустақил равишда ривожланишни фақат кучли ички бозорга эга катта ўйинчилар қўллаши мумкинлигини айтган. Агар мамлакатда бу бўлмаса, протекционизм — ҳеч қаёққа элтмайдиган йўллиги таъкидланган.
«Ўзбекистон бозори мамлакатнинг ўзи сингари етарли тарзда кичик. Шу сабабли Хитой, Ҳиндистон ва Россия каби гигантлар билан солиштирганда Ўзбекистонда муҳим бир ньюанс бор — ҳар қандай нарсани ишлаб чиқаришни миқёслаштириш жуда мураккаб. Иккинчидан, технологик ривожланиш нуқтайи назаридан мамлакат қолоқлар сафида, шу сабабли ёпиқ бўлиш — жуда хавфли. Чунки мамлакат ичида маҳсулотларни рақобатбардош қилувчи устунликлар йўқ. Протекционизм сиёсатини қўллаб мустақил равишда ривожланишни фақат кучли ички бозорга эга катта ўйинчилар қўллаши мумкин», – деган эди Фернандо Кортиняс.
Маълумот учун, «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари тўғрисида» ҳукумат қарорининг амал қилиш муддати чекланмаган.
Исломбек Умаралиев
Мавзуга оид
15:20 / 19.10.2024
РФга импорт қилувчилар сохта транзит ёрдамида санкцияларни четлаб ўтяпти
15:00 / 16.10.2024
Саноат зоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг БААга импорти ташкил этилади
12:36 / 13.10.2024
2024 йилнинг 8 ойида Ўзбекистонга импорт қилинган енгил автомобиллар сони маълум қилинди
11:50 / 10.10.2024